Жамият | 15:21 / 31.07.2018
29530
6 дақиқада ўқилади

​Жамият майдалашмаяпти, шунчаки ривожланмай қўйдик!

Фото: iStock

Ўзбекистон - буюк шахсларга Ватан. Унинг диёрида улуғ зотлар тарбия топган ва биз уларнинг авлодимиз. Бироқ, яна икки оғиз сўзимни шу зайлда давом эттирсам, кимнингдир қоши чимирилади, бошқаси «қайнаб турган муаммоларнинг ота-боболарга нима алоқаси бор» деб хаёлдан ўтказиши мумкин.

Аждодларга муносиб ворис бўлишга интилишимиз кераклигини айтиб, тушимизда ҳам баландпарвоз шиорларни такрорлайдиган бўлиб қолдик. Афсуски, биз оддий масалаларга ўралиб қоляпмиз.  Худдики, жамиятнинг ўзи ёшларни ривожланиши, салоҳиятини ошиши, ватан ривожланишига тўсқинлик қилаётгандек. Ҳа, тўғри тушундингиз. Ўша машҳур кинода раис бува Кремлга ёзган хатида маълум қилинганидек, «бизда ғалати ишлар бўляпти».

1. Лотин-Кирилл муаммоси. Биринчи навбатда бу муаммонинг ечими аллақачон берилган: босқичма-босқич аллақачон лотинга ўтишимиз керак эди. Айнан мана шу оддий масалага жўяли муносабат билдирилмаслиги сабабидан, мустақиллик фарзандининг ёзувида имло хатолари «тиқилиб» ётибди. Биз айнан хато билан ёзадиган авлодни тарбиялаб бўлдик! Ҳали ҳам кеч эмас. Энди қатъий чора кўрилсин. Миллатнинг кўпчилик қисми ўз она тилида хато ёзиши кулгили, шу билан бирга аянчли ҳолат. Майли қийналсин. Ўрта ёш қийналсин, лекин барчани чаласавод қилиш дуруст эмас.  Муҳими бу мавзуга бошқа қайтмайлик. Агар яна қайтсак, яна шунча вақтни йўқотамиз, холос.

2. Газ, свет, сув.... Ҳа дўстлар. Илмий ривожланишимизга бу ҳам тўсиқ бўлмоқда. Энди китобни олиб ўқимоқчи бўлсанг-у, свет ўчиб қолса. Ёки совуқ хонада ўтиришга икки соатгагина қурбинг етади. Аслида илм-фанни ривожлантириш учун зарурият ҳисобланган шартларнинг асосийларидан бири аҳолининг ижтимоий таъминланганлигидир. Уйида электр энергияси, иссиқ таом учун газ таъминоти бўлган киши миясининг қанчадир фоизи бошқа нарсаларни ўйлашга етса керак, назаримда. Балки, сўзларим содда кўринар, аммо Грузия, Япония, қолаверса, ўша буюк АҚШ тажрибасида ҳам бу каби муаммолар бўлган, давлат ва жамият баҳамжиҳат синовлардан ўтди. 

3. Соқол, рўмол...

Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев диний эркинликка йўл очганидан сўнг бу савол анча «болалади». Тўғри, бир неча йил олдин ҳаттоки энг кичик жиноят, ҳуқуқбузарлик ҳолатида ҳам, аввал «соқолли» сўроқ қилинарди. Эсимда, асли миллати арман бўлган  соатсознинг соқоли туфайли кўп вақти идораларда ўтарди. Ўрганиб қолган эди, бечора. Ҳозир эркинлик берилди, аммо тушунарсиз. Кимнинг нима кийишию, қандай юриши - унинг конституцион ҳуқуқи. Қонунларимизда шундай ёзиб қўйилган. Алоҳида модда ҳам ажратилган бунинг учун. Аҳолининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил этаркан, шунча кишининг ғашига тегаётган, ўй-хаёлини чалғитаётган муаммо ҳал қилиниши шарт. Бунинг учун «велосипедни қайта яратманг!» Конституцияга амал қилинг. Ҳамма хоҳлаганча кийинсин-тамом!

4. Транспорт, уй-жой.

Дунёнинг атиги 30тача мамлакатида автомобиль заводи бор, деб ғурурланиб келдик. Энди ўйлаб қаралса, айнан шу завод оёғимизга «болта» ураётгани маълум бўлиб қолди. Оддий арифметика-да: хориж давлатлардаги янги машина нархлари бизнинг машиналардан анча арзон. Фойдаланилгани эса янада арзон. Дейлик, 2000 долларга муболағасиз 3-4 йил ҳайдалган машинани олса бўлади. Масалан, Жанубий Кореяда Matiz'нинг нархи 600-2000 доллар. Lacetti - 2000-8000. Бу нархлар Жанубий Кореядаги яшаётган муҳожирлар учун ҳам қиммат эмас! Бизда-чи..? 

Бундан ташқари, яшаш учун уй-жой нархида ҳам манаман деган давлатларга тенглаша оламиз. Тошкент, Самарқанддаги уйнинг нархларини эшитиб «ёқа ушлайсан». Ҳа майли қаддини урсин. Масала бошқа жойда. Бу мавзуни «капитализм, бозор иқтисодиёти», дея тугатиш ноинсофлик бўлади. 

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи шаҳар ташқарисида яшайди, яъни қишлоқ жойларда истиқомат қилувчилар шаҳарликлардан кўп. Аҳолининг шаҳардан уй олишига молиявий аҳволи йўл қўймайди. Унинг ўз уйидан ўз машинасида қатнаши учун эса машина олишга қурби етмайди.  Нега улар шаҳардан уй-жой қилиши керак, нега машинага ўтириб шаҳарда ишлаши керак, деб «боши қотган» ўқувчи юқорида кўрсатилган иккинчи масалага боқсин!

Шаҳарлар атрофи ва шаҳар ичида умумий турар жой комплексларини кўпайтиришимиз ҳам фуқароларимиз учун ажойиб шароит яратади. Шундай ҳам бўляпти, фақат ўзгарувчан нархлар, қоғозбозлик ва коррупция энг самарадор бўлиб кўринган ислоҳотлардан бизни узоқлаштирмоқда.

5. Тўй. 

Масалани Олий Мажлисгача етиб борганини эшитиб анча хурсанд бўлган эдим. 3 ой ўрганиб чиққан сенаторлар бу масала фуқароларнинг конституцион ҳуқуқи эканлигини эслаб қолди. Тўғри, бу бизнинг ҳуқуқимиз, аммо уни чеклаш мумкин, ахир бунақа мисоллар тажрибамизда қалашиб ётибди. Шу тўй қилишни шунчалар қийин, қоғозбозлигу, солиқларга кўмиб ташласакчи? Шунча оворагарчиликдан қочиб тўхтатармиз. Ахир нимадир қилиниши керак-ку. Дабдабали тўй одамларимизни дабдала қилаётгани кундек равшан. 

Бу борада аниқ таклифларни кўпчилик беришди, мен қўшимча қилмоқчиман. Шунчаки халқ учун бир стандарт қабул қилиниши керак. Айнан стандартдан ошадиган ҳолат учун эса солиқ  каттароқ белгиланса, башарият ўшанга кўнишни бошлайди.

Ана бўлди. Мия бўшади. Ана эни иссиққина мактаб қуришимиз керак. Мактабга келадиган болалар учун автобус қўйсак, бўлди. Илтимос, шу паллада мактаб формасини ким ҳал қилади, мактаб формаси қандоқ бўлади, деб яна бошни қотирманг. Жаноб Маск самони забт этай деб турганда, биз яна шу масалаларга қайтишимиз уят.

Эл Нур

Мавзуга оид