Ўзбекистон | 16:40 / 01.08.2018
136546
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» ҳозирча фикридан қайтди. 1 августдан автомобиллар нархи ошмайди

Фото: KUN.UZ

«Ўзавтосаноат» компанияси ўз сайтида баёнот билан чиқди. Унда 1 августдан GM Uzbekistan автомобилларига нархлар оширилмаслиги ҳақида сўз юритилган.

«1 августдан «GM Uzbekistan» АЖ автомобилларига нархлар оширилмайди», - дейилган хабарда. Кейинчалик у сайтда кўринмай қолди. Kun.uz мухбирлари билан суҳбатлашган «Ўзавтосаноат» ходими ушбу хабарни тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, сайтда техник носозлик кузатилмоқда.

30 июль куни «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов 1 августдан автомобиллар нархи ўртача 14 фоизга оширилиши ҳақида хабар берди.

«GM Uzbekistan» АЖ автомобилларига нархлар ўзгармайди. Халқаро пресс-клубнинг 30 июль куни бўлиб ўтган сессиясида муҳокама қилинган автомобиллар нархи масаласи бугунги кунда тегишли ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорликда ҳар томонлама ўрганиб чиқилмоқда. Бунда ушбу масаланинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳисобга олинган», - дея маълум қилишган компаниядан.

У ердан таъкидлашларича, ижтимоий тармоқларда автомобиллар нархи ҳақида тарқалган маълумот ва прайс-листлар ҳақиқий эмас.

Мавзуга оид