Жаҳон | 07:26 / 02.08.2018
3500
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Конгода Эбола безгаги авж олаётганини эълон қилди

Фото: REUTERS/Kenny Katombe/File Photo

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Конго жанубида Эбола безгаги яна авж олаётганини эълон қилди.

Аввалроқ 8 майда Конгода Эбола пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқалган ва бу ҳисоб бўйича тўққизинчиси бўлганди. Безгак мамлакат шимоли ғарбидаги ҳудудда тарқалганди. Касалликдан 33 киши вафот этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 июлда касалик тарқалиши тўхтагани ҳақида хабар берганди.

"Конго демократик республикаси ҳукумати дастлабки лаборатория таҳлилларида Шимолий Киву провинциясида Эбола билан касалланиш бўйича қатор ҳолатлар содир бўлгани аниқланганини билдирди", — деб хабар берди ЖССТ Twitter’да.

ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус ташкилот мазкур ҳудудга ходимлари ва тегишли жиҳозларни юборишни бошлаганини маълум қилди. 

"Эбола КДР учун доимий таҳдид ҳисобланади. Биз унга қарши илгаригидек курашамиз", — деб ёзди у микроблогида.

Эбола вируси натижасида пайдо бўладиган касаллик одамлар ва айрим ҳайвонларга юқадиган ўткир вирусли инфекциядир. Эбола эпидемияси 2015 йилда Ғарбий Африкада пайдо бўлган бўлиб, асосан учта давлат: Гвинея, Сьерра-Леоне ва Либерияда тарқалган. ЖССТ маълумотларига кўра, охирги марта юз берган йирик эпидемия оқибатида 28,6 минг киши касалланган, 11,3 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Мавзуга оид