Light | 22:20 / 04.08.2018
27716
9 дақиқада ўқилади

Репетиторликдан бизнесменликка: у кабоб етказиш хизматини ишга туширди

Вардан Нерсисян — воронежлик «Лаваш36» кабобхонаси асосчиси. У ўз бизнесини 2011 йилда ишга туширган. Бошқа кабобхоналардан фарқланиш учун уйга етказиб беришни йўлга қўйган.

Нерсисян ҳатто ана шундай консерватив соҳада ҳам қўшимча технологиялар ёрдамида қўшимча афзалликларга эга бўлиш имкониятини қайд этди: у сайт яратди, онлайн-тўлов ва эквайрингни киритди, шунингдек, Delivery Club ва таом етказиш бўйича бошқа агрегаторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

Фото: Лаваш36

Етти йил давомида тадбиркор банкротлик ёқасига келиш, хатоларини вақтида сезиш ва тўғрилашга ҳам улгурди. Бугун у “Додо-пицца” асосчиси Фёдор Овчинниковнинг муваффақиятини такрорлаш ва кабобни кундалик таомга ўзгартиришни орзу қилади.

Оилавий иш

Оиласи Арманистондан Воронежга кўчиб келганида Вардан Нерсисян 13 ёшда эди. Унинг отаси - такси ҳайдовчиси, онаси – ўқитувчи бўлиб ишга жойлашди. Ота-онаси Вардан ва унинг иккита ака-укаси Россияда олий маълумотга эга бўлишини исташарди.

Нерсисян рус тилида гапирмасди, бироқ тўрт йил давомида тилни ўрганиб, 2004 йилда Воронеж давлат университетининг лингвистика факультетига ўқишга кирди. 22 ёшга тўлганида у инглиз ва француз тили билан қўшиб ҳисоблаганда тўрт тилда гаплашарди.

Олий таълим муассасасини тамомлагач, у иккита йўналишда ишлай бошлади. Кундуз куни хонадонларни таъмирлаш бўйича устанинг ёрдамчиси, кечки пайтлари ўқувчиларга тил ўргатиш бўйича репетиторлик қиларди.

Бир неча йил ўтгач чарчаганини ҳис қилди. Танишлари тўлақонли ҳаёт кечираётган, экзотик мамлакатлар, кечаларда олинган суратларини ижтимоий тармоқларда  жойлаштираётган, янги автомобиллари билан мақтанаётган бир вақтда у бир ишдан бошқасига бориб, кун кечирарди. У ҳаётини ўзгартириб, кўпроқ пул ишлаб топишни истарди. Байрам тадбирида дўсти билан бўлган суҳбат ўзгаришларга туртки бўлди.

У қуйидагича фикр юритарди: “Отам доим заводда ишлаган ва мен ҳам ишчига айландим. Кимнинг отаси бадавлат амалдор бўлса, ўзи ҳам амалдорга айланади”.

Нерсисян тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилди. Бир неча йил ёлланиб ишлагани сабаб 100 минг рублга яқин пул тўплашга муваффақ бўлганди. Шунинг учун кредит олмаслик мақсадида “кириш остонаси паст бўлган соҳа”ни излай бошлади.

Оилавий кенгашда отаси унга кабобхона очишни маслаҳат берди – у профессионал ошпаз бўлмаса-да, таомни “юракдан” тайёрларди. Бу каби муассасалар Воронежда етарли эди, шунинг учун Нерсисян улардан ажралиб туриш усулини излай бошлади.

Шаҳарда таом етказиб бериш хизматлари пайдо бўлгани, улар пицца ва ролга ихтисослашгани, кабоб эса етказиб берилмаслиги унинг эътиборини тортди. Ана ўшанда Нерсисян етказиб беришга диққатини қаратишга қарор қилди. Бу кам пул сарфлаб, бизнесни ишга тушириш имконини берарди. Отаси билан аввал ишлатилган қўра (мангал), совутгич ва бошқа қурилмаларни сотиб олишди. Компанияни ҳудуд коди номи билан “Лаваш36” деб аташди.

Фото: Лаваш36

Конструктор ёрдамида тадбиркор сайт яратиб, уни тарғиб қилиш билан шуғулланди. 2011 йилнинг куз фаслида ота ва ўғил кабобнинг оилавий рецепти бўйича илк партиясини тайёрлашди (уни тадбиркор сир тутади).

Бизнес механикаси оддий эди: эрта тонгда Нерсисяннинг отаси бозордан гўшт сотиб олиб, маринад тайёрларди. Сайтга буюртма келганида Нерсисян отасига қўнғироқ қилар, отаси эса кабобни тайёрлар, кейин эса йигит уни мижозга етказарди.

Иш ривожланиб кетгунига қадар Нерсисян репетиторлик билан шуғулланишда давом этди. Бир неча бор ноқулай вазиятларга тушди.

Бир куни ўқувчиси билан дарс тайёрлаётган вақтда буюртмалар учун телефон жиринглаб қолди. Мен: “Лаббай? Лўла-кабобми? Афсуски биз тайёрламаймиз. Бироқ бошқа турдаги кабоблар бор. Оласизми?”

Вардан Нерсисян

Нерсисяннинг сўзларига кўра, 2012 йилда корхона фойда олиб келди. Бироқ у ҳам, отаси ҳам кирим ҳисобини юритишмасди. Ички овозга қараб иш тутишарди: тонгда чўнтакларида қанча пул борлиги, кечга бориб қанчага ортганига қарашарди.

Шунга қарамай, иш қалтис эди. Нерсисян ЯТТни расмийлаштирди ва СЭСни огоҳлантирди (қонун шуни талаб қиларди), бироқ исталган вақтда ёнғин инспекторлари текширув билан келишлари мумкин эди. Омади келиб, ҳеч ким текширувга келмади.

Трансформация

2012 йилда Нерсисян Москвага кўчиб ўтишига тўғри келди – қариндошлари ундан бизнесни ривожлантиришга ёрдам сўрашди. Ўз ўрнига бошқарувчи қолдирди ва унга фойданинг 50 фоизини таклиф қилди.

Дастлаб иш яхши кетаётганди. Бир йил ўтгач, отаси нафақага чиқишга қарор қилди ва ўз ўрнига ошпазни ишга олди. Ана ўшандан кейин муаммолар пайдо бўлди.

Нерсисян Москвада бўлгани сабаб ошпаз қандай гўшт сотиб олаётгани, маринадлаш жараёни, пишириши ва етказиб берувчилар мижозлар билан қандай мулоқот қилаётганини текшира олмасди. Аста-секин савдолар пасайди. Тадбиркор хатога йўл қўйганини англади: бошқарувчи қанчалик яхши бўлмасин, бизнес ривожига унинг эгаси каби киришмайди.

Фото: Лаваш36

2014 йилда Нерсисян Воронежга қайтди. Унинг сўзларига кўра, бизнес шу даражада жар ёқасига келиб қолгандики, уни қайта тиклашга қараганда қайтадан ишга тушириш осон эди. Москвадаги иши туфайли пули етарли эди.

Биринчи навбатда тадбиркор янги бино топди. 100 м² лик муҳитда маҳсулотлар учун омборхона, гўштни маринадлаш ва пишириш зонасини жойлаштириш мумкин эди.

Янги ошхона ассортиментни кўпайтириб, таомномага шаурма, салат ва гарнирларни қўшиш имконини берди.

Бундан ташқари, тадбиркор янги ходимларни ишга олди – етказиб берувчилар ва ошпазнинг ёрдамчилари. Натижада штат ўн кишига етди.

Нерсисян маҳсулотлар харидини ҳам оптималлаштирди. Ҳар куни ишчини бозорга юбориш ўрнига озиқ-овқат компаниялари билан доимий етказиб бериш ҳақида шартнома тузди. Бу эса логистика харажатларини камайтириш имконини берди.

Қайта ишга тушириш учун  Нерсисян 500 минг рублга яқин пул сарфлади. У сайтни ҳам бутунлай янгилади: мижозларга қулай бўлиши учун шахсий кабинет ва онлайн-тўловни ишга туширди. Етказиб берувчилар ҳам электрон тўловларни қабул қилиши учун эквайрингни ҳам қўшди.

Бир куни “Лаваш36” таомномани палов ва манти ҳисобига кенгайтирмоқчи бўлди. Бу саргузашт омадсиз бўлди.

2018 йилнинг охирига қадар Нерсисян янги таомларни қўшишни режалаштирмоқда: десертлар ва ичимликлар. Мижозлар тадбиркордан шуни сўрашган.

“Лаваш36” ҳар куни 150 порциягача чўчқа, қуш, бузоқ, балиқ ва қўй гўштидан кабоб тайёрлайди. Порция нархи таомга қараб 150 дан 500 рублгача бўлади.

Етказиб бериш 90 дақиқа вақт олади, ундан 30-40 дақиқаси таомни тайёрлашга кетади. Нерсисянинг сўзларига қараганда, бу қийинчиликлар туғдирмоқда, баъзи мижозлар шунча вақт кутишга тайёр эмаслар. Келажакда етказиб бериш вақтини 60 дақиқага қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу эса талабни прогноз қилиш тизими туфайли амалга оширилади.

Кабоб бу — янги пицца

Нерсисянда етти йил давомида 354 та муассасасага асос солган «Додо Пицца» асосчиси Фёдор Овчинников мисоли таассурот уйғотган.

2017 йилда ўзини юқори чўққига эришган деб ҳисоблаган Нерсисян “Додо”нинг собиқ топ-менежери Марсель Зиганшин у билан ҳамкорлик қилиш таклифи билан мурожаат қилди.

Фото: Лаваш36

Таклиф собиқ топ-менежерни ўзига жалб қилмади. Бироқ у Нерсисянни таом етказиш бўйича семинарига таклиф қилди. Марселнинг мазкур соҳада берган маълумотлари тадбиркорга қўл келди.

Марсель Нерсисянни кайдзен концепцияси  - маҳсулотни доимий равишда яхшилаш билан таништирди. Шу билан бирга кўпроқ вақтини ошхонада ўтказишни маслаҳат берди: ходимлар ишини кузатиш ва уларнинг меҳнати самарасини ошириш учун оптималлаштириш. Бу амалиёт “генти генбуцу” деб номланади.

Нерсинян  бизнесни ривожлантириш турли қимматбаҳо буюмлар ва кўчмас мулк сотиб олишга қараганда муҳимроқ эканини англаганидан кейин ўзини тадбиркор дея ҳисоблай бошлади. Сўнгги 18 йил ижарадаги уйда яшайди ва маблағини компания ривожига сарфлайди.

Мавзуга оид