Жамият | 14:20 / 06.08.2018
65485
2 дақиқада ўқилади

МИБ туман бошлиғи пичоқланганидан уч ой ўтиб вафот этди

Мажбурий ижро бюроси Яккабоғ туман бўлими бошлиғи қўл остида ишлаган ходимнинг пичоқ билан зарбасидан уч ой ўтиб, вафот этди.

Қашқадарё вилоят МИБ бошқармаси Матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилишича, жорий йилнинг 3 май куни тахминан соат 15:00да Мажбурий ижро бюроси Яккабоғ туман бўлими собиқ давлат ижрочиси Ибрат Шавкатов у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани сабабли хизмат хонасидан ўзига тегишли буюмларни олиб кетиш мақсадида бўлимга борганида суиқасдга қўл уради. У бўлим бошлиғи Баҳром Жўраев билан тортишиб қолиб, ёнида бўлган ошхона пичоғини бошлиқнинг қорин соҳасига санчиб, унга оғир тан жароҳати етказади. Натижада Жўраев Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси томонидан 3 май куни ЎзР ЖКнинг 25,97-моддаси 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи Шавкатовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. 

Айни пайтда Қашқадарё вилоят прокуратураси 18-бўлим томонидан мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жўраев 4 майдан ҳозирги кунга қадар касаллик таътилида бўлгани ҳолда даволаниб келган ва соғлиги ёмонлашгани боис, 13 июль куни Тошкент шаҳрига келтирилган.

У 1 август куни соат 21:30ларда Тошкент шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат Қашқадарё вилоят прокуратураси иш юритувидаги жиноят иши доирасида кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид