Light | 23:09 / 07.08.2018
73331
3 дақиқада ўқилади

Юракка зиён етказувчи олти одат

Юрак саломатлигини сақлаш учун тўғри овқатланиш билан спортнинг ўзи етарли эмас. "Здоровье с Еленой Малышевой"да юракка зиён етказмаслик учун воз кечиш керак бўлган одатлар ҳақида маълумот берилди.

Шундай қилиб, қуйидаги 6 одат юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатар экан:

1. Узоқ ўтириш

Майо клиникаси (АҚШ) мутахассисларининг таъкидлашича, кунига 10 соатдан ортиқ ўтириш юрак-қон томир касалликлари хавфини икки баравардан кўпроққа оширар экан. Ёғ парчаланмайди, қон айланиши секинлашади ва ёғ кислоталари қон томирларини осонликча тўсиб қўяди.

2. Асабийлашиш

Стрессни бошдан кечириш - нормал ҳолат, ҳаммасини ичга ютиш эса яхшиликка олиб келмайди. Уни бартараф қилиш учун спорт билан шуғулланинг, медитация қилинг ёки дўстларингиз билан учрашиб, вақтингизни чоғ ўтказинг. Бу айниқса, ёш аёллар учун муҳимдир. Америкалик кардиологларнинг сўзларига кўра, узоқ эмоционал стресс юракка жуда ёмон таъсир қилади.

Олимларнинг фикрича, мунтазам жисмоний машқлар  стрессдан халос бўлиш ҳамда юракка зиён етказмасликнинг энг фойдали йўли бўлиши мумкин.

3. Мисвокдан фойдаланмаслик

Ҳа, мисвок фақат тишлар учун фойдали эмас. У таом қолдиқларини йўқ қилиб, бактериялар ривожланиши олдини олади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, оғиздаги бактериялар қонга ўтиб, организмда яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин экан. Сурункали яллиғланиш, ўз навбатида, қон томирлари касалликларини келтириб чиқаради. Охир-оқибат, бу инсульт ёки юрак хуружига олиб келиши мумкин. 

4. Спиртли ичимликлар ичиш

Мунтазам равишда спиртли ичимликларни истеъмол қилувчи одамлар гипертония, ортиқча вазн, инсульт, жигар касалликлари, саратон ва депрессиядан кўпроқ азият чекишар экан. Алкоголь ичимликлар биз ўйлагандан-да зарарли бўлиб чиқди.

5. Тўйиб ухламаслик

Уйқу юрак-қон томир тизимига дам олиш имконини беради: биз ухлаётганимизда юрак қисқартмалари частотаси ва артериал қон босими пасаяди. Сурункали уйқусизлик эса, аксинча, кортизол ва адреналин миқдорини оширар экан, натижада организм ҳақиқий стрессга йўлиқади.

Кўп сонли тадқиқотларнинг тасдиқлашича, олти соатдан кам ухлайдиганлар юрак касалликларига кўпроқ мойил бўлишар экан, уларнинг инсульт натижасида ҳаётдан кўз юмиш хавфи юқори.

6. Жамоатчиликдан узоқлашиш

Ҳар бир инсон вақти-вақти билан шовқиндан узоқлашгиси келади - бу табиий истак. Бироқ мунтазам равишда мулоқот етишмайдиган кишиларда юрак касалликлари натижасидаги ўлим ҳолати бошқаларга қараганда кўпроқ учрар экан. Баъзи тадқиқотлар ёлғизликнинг ҳатто чекиш, гипертония ва холестериннинг юқори даражаси каби хавфли бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Эҳтимол, шундайдир, чунки яқинлар ва дўстларимиз кўпинча бизни спорт билан шуғулланишга, фаоллашишга ва соғлом овқатланишга ундашади. Шу билан бирга, улар билан мулоқот қилиш стрессни сезиларли даражада пасайтиради.

Мавзуга оид