Ўзбекистон | 17:02 / 10.08.2018
19341
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» MAN билан боғлиқ гап-сўзларни рад этди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда «Камаз» юк машиналари Самарқанддаги MAN майдонида йиғилмайди. Завод аввалги режимда ишлашни давом эттиради. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига «Ўзавтосаноат» компаниясидан хабар беришди.

Россия матбуоти маълумотига кўра, бугун Татаристон президенти Рустам Минниханов билан учрашув чоғида Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Иброҳимов Ўзбекистон «MAN ишлаб чиқаришни тўхтатаётгани, бу майдонда «Камаз» иш бошлаши» ҳақида маълум қилди.

«Ҳеч нарса тўхтилмайди. MAN қандай ишлаган бўлса, шундай ишлашда давом этади. У (Ғуломжон Ибрагимов - таҳ.) ўз фикрини нотўғри ифода этди. «Камаз»нинг Ўзбекистондаги қувватлари UzAuto Trailer базасида ишламоқда», - деган Kun.uz суҳбатдоши.

Шунингдек, компания Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги 1,1 мингта «Камаз» юк машиналарига буюртма берганини тасдиқлади.

UzAuto Trailer заводи - «Ўзавтосаноат» АЖнинг 100% шўъба корхонаси бўлиб, осма ва тиркамали техникани ишлаб чиқаради. У Самарқанд вилоятининг Жомбой шаҳрида жойлашган.

UzAutoTrailer заводида жорий йилнинг биринчи чорагида 100та «Камаз» юк машиналарининг биринчи партияси ишлаб чиқарилди. Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати - йилига 1,5 мингта, кейинчалик бу рақам уч мингтага кўпаяди. Россия техникаси нафақат маҳаллий бозорга, балки Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига ҳам етказиб берилиши режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид