Жамият | 12:20 / 11.08.2018
417081
2 дақиқада ўқилади

Тунги клубдаги пичоқбозликнинг янги тафсилотлари пайдо бўлди (видео)

9 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган «Аурум 898» тунги клубида рўй берган, эркин кураш бўйича профессионал спортчи Жамшид Кенжаев ва клуб қўриқчилари ўртасида келиб чиққан пичоқбозлик видеоси тарқалди. Спортчининг ўлими билан якунланган ҳодиса бинодаги кузатув камералари орқали ёзиб олинган.

Видеода кўриш мумкинки, бинога кириш эшиги олдида зиддият юзага келгач, Жамшид Кенжаев қўриқчилардан бирига совуқ қурол билан ташланган. У икки қўриқчини жароҳатлаган, аммо бошқа қўриқчилар ундан пичоқни тортиб олиб, уни ўласи қилиб калтаклашган, спортчига пичоқ билан 10дан ортиқ зарба берилган. Кенжаев олинган оғир жароҳатлар оқибатида шифохонада жон берган. Айни вақтда икки қўриқчи, И.Ш ва М.А ҳам шифохонага ётқизилган.

Тошкент шаҳри ИИББ ахборотига кўра, жанжалда иштирок этган қўриқчиларнинг 3 нафари - 29 ёшли Қ.Ш, 24 ёшли С ва 26 ёшли Ж қўлга олинган.

Прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») аломатлари билан иш қўзғатилган, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Иш юзасидан тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Айни вақтда Юнусободдаги тунги клуб вақтинчаликка ёпиб қўйилган.

Мавзуга оид