Иқтисодиёт | 23:35 / 11.08.2018
42563
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Япония автомобилсозлари билан музокаралар ўтказди

“Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Ш.Умурзоқов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси шу йилнинг 30 июль – 3 август кунлари Японияда бўлиб қайтди. Делегация Ўзбекистонда автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш учун Япониянинг етакчи автомобиль компаниялари билан музокаралар ўтказиш мақсадида ушбу мамлакатга сафар қилган. Бу ҳақда Kun.Uz’нинг ҳукуматдаги манбаси маълум қилди. 

Унга кўра, делегация таркибида Бош прокуратура вакили, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг юқори лавозимли мулозими ҳам бўлган. 

Айни вақтда мазкур музокаралар натижаси қандай якунлангани ҳақида аниқ маълумот йўқ.  “Ўзавтосаноат” АЖ Ахборот хизмати делегация ташрифининг якунлари бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирди. 

Таъкидлаш ўринлики, “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбари Шавкат Умурзоқов 30 июль куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган сессияда Японияга сафар қилиши ҳақида хабар қилган эди. У ўша куни 2018 йил 1 августидан GM Uzbekistan автомобиллари нархи 14 фоизга оширилишини билдирганди.

Шавкат Умурзоков -  “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Фото: ХПК

Бундан ташқари, Шавкат Умурзоқов Ўзбекистонга автомобил ишлаб чиқарувчи бошқа хорижий компанияларни олиб келиш шартлари хусусида фикр билдирганди. Унинг уқтиришича, хорижий автокомпания Ўзбекистонда энг замонавий транспорт воситаларини ишлаб чиқариб, кенг қамровли экспортни йўлга қўйишни мақсад қилмас экан, уларнинг бу ерда ўз заводларини очишдан маъно йўқ. Шу билан бирга, унинг фикрича, ҳозирги шароитда Ўзбекистонга Hyundai каби компаниялари келган тақдирда ҳам даставвал GM Uzbekistan, сўнгра Hyundai ҳам касодга учраши мумкин. “Ҳозир Hyundai’ни олиб келсам, GM’ни ҳам “ўлдираман”, Hyundai ҳам “ўлади”. Машина нархи эса ошиб кетади”, - деган эди “Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов ХПК сессиясида.

Кейинчалик, “Ўзавтосаноат” АЖ Ўзбекистон Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси GM Uzbekistan автомобиллари нархини ошириш масаласини ўрганиб чиқаётгани боис нархларни оширишни ортга суришга қарор қилди

Айни вақтда ҳам бу масалага ойдинлик киритилмаган. GM Uzbekistan дилерларида эски шартномалар бўйича автомобиллар етказиб берилмоқда, бироқ харидорларга ҳанузгача янги шартномалар берилмаяпти. Автомобиллар нархини ошириш ёки оширмаслик масаласи ҳам узил-кесил ҳал этилгани йўқ. Бу эса, иккиламчи бозорда автомобил нархлари ошишига сабаб бўлмоқда. 

Мавзуга оид