Ўзбекистон | 20:16 / 13.08.2018
17652
2 дақиқада ўқилади

«СЭС»​ ходимларининг ваколатини кенгайтириш масаласи Сенатда кўриб чиқилади

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимларининг ваколат доирасини кенгайтирилиши ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Бу масала Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари ва Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарининг қўшма йиғилишида муҳокама этилди. Шу ва ундан ташқари барча масалалар очиқ айтилиб, ДСЭНМ бош шифокори иштирокида ўтган йиғилишда масалаларга ечим изланди. 

Бу жойда кўп камчилик бор, албатта қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар эътибор билан ўрганилмоқда. Бу соҳада ижобий янгилик кутиляпти», дейди сенатор Баҳодир Тожиев.  

Гап шундаки, 6 август куни «Kun.uz» сайтида «Андижон «Жаҳон бозори»га «СЭС» бориб турармикан?..» сарлавҳада мақола эълон қилиниши билан ушбу соҳада мавжуд ҳуқуқий камчилик ҳам юзага чиққанди. Яъни, «Андижон Жаҳон савдо комплекси» АЖ ҳудудида санитария ҳолати ёмон аҳволда эканлиги ДСЭНМ ходимларига ҳам маълум бўла туриб, бу масала билан жиддий шуғулланишга уларнинг ваколати йўқ.

Эслатиб ўтамиз,  1509та савдо нуқтаси, 15та умумий овқатланиш шохобчаси, 7та ҳожатхона ва бозор маъмурияти биноси жойлашган «Андижон Жаҳон буюм бозори» АЖ ҳудудида  тадбиркорлик субъектлари томонидан амалдаги санитария қоида ва меъёрларига жавоб бермайдиган фаолият юритиш, умумий овқатланиш объектларидаги салбий ҳолатлар, ноқонуний савдо дўконлари ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этилишига йўл қўйилганди.​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид