Жамият | 10:59 / 13.08.2018
52076
4 дақиқада ўқилади

Тунги клубларда катта миқдорда солиқлардан қочиш кузатилаётгани маълум бўлди

Фото: GRTravel

“Восточний квартал”, “Принц”, “Зара”, “Будур”, “Березка”, “Пантера”, “Легион”, “Город”, “Зеро”, “Аурум 898”, “Лайк бар”, “Уан мор”, “ФМ бар”, “Жей Кью”, “Луксор”... буларнинг номини яна давом эттириш мумкин. Уларнинг пештахтасини ўқиган киши қайси бир чет мамлакатга келиб қолдим деб ўйлаши мумкин. Йўқ, чет мамлакатда эмассиз, Тошкент шаҳрида бугунги кунда қирққа яқин шундай тунги вақтда ишлашни хуш кўрадиган объектлар мавжуд.

Демократик жамиятимизда тадбиркорларга кенг шароитлар яратилмоқда, уларнинг кўпчилиги ҳалол хизмат кўрсатиб, қонунларни ҳурмат қилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда, солиқларни тўламоқда.

Лекин, халқимиз “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганидек, рақамларга қарайдиган бўлсак, айрим саволлар туғилади.

Тунги клубларнинг ҳаммаси ягона солиқ тўловчиси бўлиб, 2018 йилнинг I ярим йиллигида бюджетга 1,3 млрд сўм ёки ойига ўртача 226 млн сўмдан солиқ тўлаган. Бу кўпми ёки камми деган савол туғилади?

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган хронометраж ва таҳлил натижалари билан танишгач, бу саволга ўзингиз жавоб оласиз.

Хронометраж натижалари кечдан тонггача ишлаётган бундай субъектларда энг кам ҳисобда тушумларини ўртача 4 баробаргача яширилаётганлигини кўрсатмоқда. Агар бу рақамларни 6 ойга кўпайтирадиган бўлсак, ҳақиқий тушум 54,2 млрд сўмни ташкил этади. 

Лекин, корхоналар томонидан ҳисоботларида жами товар айланма суммаси 13,6 млрд сўмни ташкил этганлиги кўрсатилиб, орадаги фарқ суммаси 40,6 млрд сўмдан иборат. Бу 4,1 млрд сўм солиқ бюджетга тўланмади дегани.

Шунингдек, ўрганишлар жараёнида ҳар бир тунги масканларда мижоз томонидан бир дона столни банд қилиш учун норасмий мажбурий буюртма (обязаловка) мавжудлиги аниқланган. Ушбу йўналиш бўйича олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, ўртача бир киши битта столни банд қилиши учун 137,4 минг сўмдан тўловларни амалга ошириши лозим. 

Энди ўзингиз ҳисобланг, ўриндиқлар сони ўртача 50тадан ҳисобланганда бир кунда 254,2 млн сўм ва бир ой давомида шундай фаолият амалга оширилса 7,6 млрд сўм, 6 ой давомида эса 45,7 млрд сўмни ташкил этади. Бу яна 4,5 млрд сўм солиқ дегани.

Булар ҳали ҳаммаси эмас, ҳисоботларида ишлаётган ходимларини 10-11 нафардан кўрсатган бўлсалар, хақиқатда 20-25тагача ёки 2 баробарга яширилмоқда ва уларга ҳам конвертда берилаётган иш ҳақига даромад солиғи ҳисобланадиган бўлса, бу ҳам ўртача 250 млн сўмга яқин солиқ суммалари дегани.

Халқимиз азалдан ҳалолликни яхши кўради. Кимни қандай ҳордиқ чиқариши унинг шахсий иши. Бундай клубларнинг тунги 2-3даги қўштирноқ ичидаги “азиз меҳмонлари” кимлиги ҳеч кимга сир эмас.

Лекин, эркинлик билан бирга жавобгарлик масаласи ҳам ёт тушунча эмас.

Бугунги кунда солиқ органларига берилган қўшимча ваколатлар, замонавий ахборот технологиялари бундай субъектларни назоратга олиш ва тўлиқ солиққа тортиш имкониятини кафолатлайди.

Маълум бўлишича, давлат солиқ хизмати органлари томонидан барча субъектларга нисбатан огоҳлантириш хатлари юборилиб, назорат тадбирлари давом эттирилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар алкоголли маҳсулотлар савдосини соат 21:00дан сўнг, умумий овқатланиш шохобчаларда аҳолига хизмат кўрсатишни соат 22:00дан чеклаш бўйича огоҳлантирилаётгани хабар берилганди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида 11 август куни ўтказилган йиғилишда кўрсатиб ўтилган топшириқ ва аҳоли тинчлигини таъминлаш мақсадида ушбу чеклов амалга оширилмоқда. 

Мавзуга оид