Жамият | 17:04 / 14.08.2018
20973
4 дақиқада ўқилади

Оқдарё узра кўприк керак: Иштихоннинг Одил қишлоғи аҳолиси узоғи яқин, йўли хавфсиз бўлишини истайди

Ёдингизда бўлса, Оқдарё туманидаги Оқсулот, Сарка, Қоратери ва бир қатор қишлоқ аҳолисининг Қорадарё (Зарафшон дарёси)ни кечиб, Паст Дарғом тумани ҳудудида жойлашган қабристонга маййитларни қўйишда, умуман, бир тумандан иккинчисига қатнашда кўприк йўқлиги туфайли қийналишаётгани ҳақида репортаж тайёрлаган эдик.

Бу — икки дарё оралиғи — Миёнқол оролида жойлашган Оқдарё туманининг жанубидаги қишлоқлар аҳолисини қийнаб турган бир ҳодиса эди. Бироқ бу масалада вилоят ҳокимлиги (ўша вақтдаги вилоят ҳокими Т.Жўраев) ва туман ҳокимлиги (ўша вақтдаги туман ҳокими П.Ўсаров) ҳам, мутасадди ташкилотлардан ҳам садо чиқмаган эди.

Худди шунга ўхшаш ҳодиса Миёнқол оролининг шимолида ҳам бор экан. Оқдарё узра кўприк барпо этилиб, кишиларнинг узоғи яқин бўлиши исталмоқда.

Энг ҳайратланарлиси, Қорадарё ва Оқдарё узра кўприк қурилса Самарқанд вилоятининг марказидан ўтувчи, вилоят аҳолисининг узоғини яқин қилувчи яна бир муҳим аҳамиятга эга янги йўл пайдо бўлган бўлар эди. Масалан, Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳридан Қўшработ шаҳригача йўл 70 километргача қисқарар эди. Ҳозир бу манзилни босиб ўтиш учун 150 км.га яқин йўл юриш керак бўлади. Янги йўл не не қишлоқларнинг ҳам узоғини яқин қилишини ҳам бир ўйлаб кўринг-а?

Энди сўзламоқчи бўлган воқеамиз ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилсак.
 

Иштихон тумани Одил қишлоғидан Оқдарё туманининг Янгиқўрғон шаҳарчасига ўтиш учун Оқдарё устидан маҳаллий фуқаролардан кимдир эски металл парчаларидан кўприк ясаб ўрнатган. Кўприк пуллик, бир томонга ўтиш учун енгил автомобиллардан 1000 сўмдан ҳақ олинади. Пиёдалар текинга ўтади.

Мавжуд кўприк хавфсизлик техникаси талабларига жавоб бермайди. Унга битта енгил машина зўрға сиғади. Юк машиналари Оқдарё туманига ўтиши учун 40 километрча ортиқча йўл босиб Челак шаҳри орқали ёки 30 км йўл босиб Иштихон шаҳри орқали айланиб келишлари керак бўлади.

Маҳалла фаоллари ва қишлоқ оқсоқолларининг ҳикоя қилиб беришларича, бир пайтлар мана шу кўприк ҳам бўлмаган чоғда, машина ва транспортлар Оқдарёнинг саёз жойидан ўтиб қайтишган. Бироқ ҳар йили баҳорда ҳамда куз ойларида Оқдарёда сув кўпаяди ва уни кечиб ўтишнинг амалда имкони бўлмайди.

Одил қишлоғи оқсоқоллари, кекса педагоглар, пенсионерлар вилоят ва республика мутасаддиларининг эътиборини мазкур муаммога қаратишни исташади.

Энг муҳими — ҳар икки туман ҳудудидан кўприккача асфальтланган йўл келиб турибди. Сифатли кўприк барпо этилса бас.

Оқдарёнинг бу ердаги эни у қадар кенг эмас. Барча қурилиш нормалари ва талабларига риоя қилинган, хавфсиз, катта машиналарни ҳам ўтказа оладиган кўприк қурилиши иштихонлик ва оқдарёлик фуқароларнинг орзуси.

Шунда Янгиқўрғондаги махсус мактаб-интернатга қатновчи мактаб болалари ҳам, у ёқдан бу ёққа қатновчи фермерлар, тадбиркорларнинг ҳам узоғи яқин, йўли хавфсиз бўлар эди.

Мақоламизнинг бошида таъкидлаганимиздек, умуман, йириқрок лойиҳа билан Самарқанд вилояти марказидан ўтувчи яна бир ички йўл барпо этилиши, Зарафшон ва Оқдарё узра янги кўприклар лойиҳалаштириш зарурияти бордек. Республика ва вилоятдаги мутасаддилар ушбу муаммога жиддий эътибор қаратиб, ҳудудларни ривожлантиришга оид келгусидаги режаларида мазкур масалани ҳам ҳал этишни белгилаб қўйишса барча бирдек мақсадига эришган бўлар эди.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид