Жамият | 13:19 / 15.08.2018
25131
6 дақиқада ўқилади

Халқлар дўстлиги санъат саройини таъмирлаган ишчиларнинг «пешона тери» учун ҳақи нега кечикмоқда?

Жорий йилнинг 3 май куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги 36-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда «Истиқлол» санъат саройи, унинг олд қисми ҳамда «Бунёдкор» метро бекатига унинг аввалги «Халқлар дўстлиги» номини қайтариш масаласи кўрилди. Шу билан бирга, мазкур санъат саройини қайта таъмирдан ўтказиш режага киритилди.

Мана бир неча ойдан бери таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишчилар ҳаво ҳарорати жуда иссиқ бўлишига қарамай тинмай меҳнат қилмоқда. Бироқ ҳозирда баъзи муаммолар пайдо бўлган. Ўша ерда ишлаётган ишчилардан «Kun.uz» таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш учун улар билан боғландик.

Мурожаатчилар турли вилоятлардан келган оддий аҳоли. Азим Тошкентга ризқини териш учун келган инсонлар сўнгги вақтда маош муаммосига дуч келишган. Уларнинг айтишича, таъмирлашни ўз зиммасига олган қурилиш фирмаси «Арт алианс» ишчиларга бир муддатдан бери иш ҳақиларини бермай кечиктирмоқда. «Ана берамиз, мана берамиз» зайлида иш тутишмоқда. 

Мурожаатчиларнинг аксарияти чекка ҳудудлардан келгани ва ҳайит байрамигача уйга қайтишни режалаштиришган. Лекин иш ҳақини ололмаган ишчилар пулсиз қаерга ҳам борарди?! Уларнинг ҳам байрам учун режалари бор. Улар ҳам хонадонига байрамлик қилиб ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандларига совға кўтариб боришни ният қилишганди. Узоқ муддат фарзандлари билан учрашмаган оталар бор. Ҳеч бўлмаса иккита нон ва майда-чуйдалар олиб боришни исташади.

Улар бор йўғи ҳалол ишлаб топган пешана ҳаққини сўрашмоқда. 

«Нима қилади фирма эгалари одамларни норози қилиб. Пулини ололмаганлар кетди қўл силтаб. Баъзиларимиз ниятлар қилганмиз. Пулимизни ололмасак, ниятларимиз нима бўлади? Оиламизга қуруқ қўл билан қайтамизми? Саратонни саратон демай, иссиқда тепага чиқиб ишладик. Дам олмадик. Байрам яқинлашгани сабаб йўл киралар ҳам ошиб кетди. Яна ошмоқда. Ўз вақтида берганида, арзонлигида етиб олардик. Бошқа давлатлардан нима камимиз бор. Бошқа давлатларда ишлаганмиз. Россияда. Ўша давлатда бугун ишлаган бўлсак, эртасига ҳақимизни олганмиз», - дейди мурожаатчилар.

Ишчилар ҳақлари берилишини бир неча бор сўрашган. Охири муаммони ёритиб беришимизни сўраб бизга мурожаат қилишган.

Изоҳ олиш мақсадида ўша ердаги бошлиқлардан бири Тоҳир ака билан боғландик. Тоҳир ака вазиятга изоҳ бергандек бўлди. 

«Қайси биринг пул олмагансан? Чиқ бу ерга. Ҳа сенми? Хўп. Мен неча пул олдим давлатдан? Олдин бориб, билиб олгин... Менга ҳам ҳали бир сўм берилмади. Шу вақтгача ўзимнинг ёнимдан бериб келдим ўша олган пулларингни. Бор бригадиринг билан гаплаш. Сен (ўша ерда ҳақини сўраган бир ишчига қарата) бугун ҳисоб-китобингни қилда, йўқол бу ердан. Башарангни кўрмай. Олифтагарчилигингни қилма менга....Бу «претензия»нгни бориб «юқоридагилар»га қиласан. Қўлингдан келганини қил...», - дея ўз маданиятини намойиш этди у.

Биз вазиятдан ҳайрон қолдик. 50 даражадан ортиқ иссиқда ҳам ишлаган инсонларга шундай қўпол муомала қиладими? Тошкентни обод қилиш учун келган бечора меҳнаткашлар. Дардингни ўз бошлиғинг эшитмасая?!

Мурожаатчиларнинг тушунтиришлари бўйича уларга берилаётган таомлар ҳам жуда сифатсиз. Меҳнат учун сарфлаган энергияга яраша эмас. Бирор ишчи жароҳат олгудек бўлса, ўз вақтида ёрдам кўрсатилмайди.

Муаммонинг илдизини излаб Молия вазирлигига йўл олдик. У ерда мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи кутиб олди. Сўзимизни эшитди. Тегишли бошқармага зудлик билан тегишли кўрсатма берилишини айтди. Кейинроқ (1 соатдан сўнг) шартномаларни рўйхатдан ўтказиш бўлими ходими алоқага чиқди. У маблағлар бугун соат 11:41да ўтказиб берилганини маълум қилди. Ўйлаймизки, ишчиларга иш ҳақлари ўз вақтида етказилади.

Содда ҳалқ вакиллари биздан юзини кўрсатмасликни илтимос қилишди. Бу ҳолатни мажбурликдан қилаётганлигини айтишди. Тўғри, осон эмас. Иш бор жойда камчилик бўлади. Унинг устига Тошкент шаҳрида катта қурилишлар кетмоқда. Бирданига улгуриш қийин. Бюджет масаласи ахир. Ҳамма юракдан ишлашга ҳаракат қилмоқда. Молия вазирлигига боғланишимиз билан муаммони тезда ҳал қилишди, барака топишсин. Биз борган куни ўша ердаги энг катта бошлиқ Исроил ака ҳам муаммони ҳал қилишга ваъда берди.

Вазиятни бевосита кузата туриб менда бир неча саволлар пайдо бўлди. Биз қачон шу каби муаммолардан қутуламиз? Айрим ташкилотларда ойлик иш ҳақлари нега ўз вақтида берилмайди? Кечикса сабаби тушунтирилмайди. Халқимиз сабрли тушунтирса тушунадику. Нега жойларда меҳнат инспекторлари фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган? Меҳнат қонунчилигига амал қилиш қачон тўлиқ йўлга қўйилади? Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар нега бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрмайди? Халқнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширмай туриб, қандай ўйлаган мақсадларимизга эришишимиз мумкин? Оддий иш ҳақини талаб қилган ходимларини камситадиган иш берувчилар фаолиятига қачон барҳам берилади? 

Умид қиламизки, бу жараённи тегишли ташкилотлар ўз назоратига олади ва ишчиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳар бирига ўз вақтида тарқатилади, ходимларига бундай кескин муомала қилган раҳбарга ҳам тегишли тартибда чора кўрилади. Тегишли ташкилотлар юқоридаги масалалар бўйича ўз позициясини кўрсатиб, жойларда яна бундай ҳолатлар пайдо бўлмаслигининг олди олинишига хизмат қилишади, дея ишонч билдирамиз.

Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид