Жамият | 11:42 / 15.08.2018
14737
8 дақиқада ўқилади

Қази, балиқ увулдириғи, гашиш... Божхоначилар яна нималарни тўхтатиб қолишди?

Сўнгги кунларда республиканинг турли чегара-божхона постларида фош қилинган божхона қоидабузарликлари юзасидан Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати Kun.uz’га навбатдаги хроникани тақдим этди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси. “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Тошкент-Москва” рейси бўйича республикамиздан чиқиб кетаётган йўловчи поездининг вагон-ресторанида божхона қоидабузарлиги фош қилинди.

Ресторан хизматчиси экспорт қилиниши фақатгина президент ва хукумат қарорлари билан амалга ошириладиган товарлар сирасига кирувчи гўшт маҳсулотлари – яъни қазини божхона назоратидан яширинча олиб чиқмоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди.

Caption

Қаранг-ки, ушбу шахс қиймати 32 млн. сўмлик 458 кг. от гўштидан тайёрланган ушбу маҳсулотлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмаган экан.

Эслатма: Гўшт маҳсулотлари экспорт қилиниши фақатгина президент ва ҳукумат қарорлари билан амалга ошириладиган товарлар сирасига киради.

«Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси. "Тошкент халқаро аэропорт" чегара божхона постида Москвадан учиб келган 2 нафар йўловчи “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётиб, ўзларини гўёки ёнларида ортиқча юклари йўқдек тутишади.

Caption

Аммо, уларга тегишли юклар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, юклар орасида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 200 кг. балиқ увилдириқларини яъни икра маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб киришаётгани маълум бўлди. Мазкур озиқ-овқат маҳсулотининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 31 млн. сўмдан ортар экан.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси. “Айритом” чегара божхона постида Афғонистондан кириб келган фуқаро О.М.нинг қўл юклари назорат-рентген аппарати ёрдамида кўздан кечирилганда, унда божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган, хорижда ишлаб чиқарилган жами 34 дона лазерли нур тарқатгичлар борлигини аниқланди.

Caption

Эслатма: Амалдаги тартибларга кўра, лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичларни Ўзбекистон Республикасига четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 22719-моддасига мувофиқ иқтисодий сиёсат чоралари ва бошқа чекловлар қўлланиладиган товарларни ана шу чоралар ва чекловларни қўлланишнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиш, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, агар жиноят аломатлари бўлмаса, — фуқароларга товарларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, мазкур Кодекснинг 116-1-моддаси талабларига мувофиқ ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида ҳаво кемасига лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш — ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Наманган вилояти божхона бошқармаси. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ва “Косонсой” чегара божхона пости ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида наркокурьерлардан бирининг қинғир қилмиши фош этилди.

Caption
Caption

Мазкур постда қўшни давлатдан пиёда равишда кириб келган фуқаро Х.Ю. тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг қўл юклари орасидаги полиэтилен ўрам божхоначиларнинг диққатини тортди.

Ушбу ўрам холислар иштирокида очиб кўрилганида, унинг ичига 50 гр. наркотик модда яширилганлиги аниқланди.

Хўш, фуқаро Х.Ю. ушбу наркотик моддаларни кимга етказишни кўзлаган эди? Шу мақсадда Наманган шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилди ва наркотик моддаларни “интиқлик” билан кутаётган фуқаролар Д.Қ ва Ш.Ш ҳам қўлга олинди.

Наманган вилояти Марказий дорихонасининг хулосасига асосан тезкор тадбир давомида далилий ашё сифатида олинган наркотик моддалар 50 гр. оғирликдаги “гашиш” эканлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолатга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш ва суриштирувга жалб этиш бўйича тадбирлар давом эттирилмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси. “Яллама” чегара божхона постида қўшни давлат фуқароси А.Т. бошқарувида кириб келган юк автомашинаси инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, автомашинага ортилган юклар билан йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги аниқланди.

Caption
Caption

Холислар иштирокида автомашинадаги юклар божхона кўригидан ўтказилганида эса шубҳалар ўз тасдиғини топди. Ҳужжатларга кўра юк машинасига Хитойдан келтирилган 3 минг 700 АҚШ доллари қийматидаги 25 тоннадан ортиқ товар-моддий бойликлар ортилган бўлиши лозим эди.

Аммо, кўрик давомида автомашинада ҳужжатларда умуман қайд этилмаган 4800 дона парда безаклари ва 1200 дона электр ҳисоблагичлар мавжудлиги аниқланди.

Баҳолаш бўйича экспертларнинг хулосасига кўра, юқоридаги ҳолатда олиб қўйилган товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 537 млн. 600 минг сўмни ташкил қилди.

Таажжубланарлиси шундаки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи ёрлиқларга эга, демак тахминларга кўра муқаддам ўзимиздан экспорт қилинган ҳисоблагичларнинг қайта республикамизга олиб кирилаётганидан ким манфаатдор? Ёки ушбу ҳисоблагичлар маҳаллий маҳсулотларимизнинг хориждаги контрафакт нусхаларими?

Бу саволларга энди тергов жараёнида аниқ жавоблар топилади. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Эслатма: Амалдаги тартибларга кўра, республика ҳудудига қалбакилаштирилган маҳсулотлар ва товарларни ноқонуний олиб киришга чек қўйиш мақсадида божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига ўтказилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати ҳақидаги маълумотни тақдим этишлари шарт.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда республикамизга қўл телефонларини яширинча олиб киришнинг антиқа усули фош қилинди.

Фарғона тумани Водил қишлоғидаги чегарадош ҳудудда фуқаро Ё.Д. бошқарувида ҳаракатланаётган “Ласетти” автомашинаси тўхтатилиб, кўзда кечирилганида, сиртдан ҳеч қандай қонунбузарлик аломатлари кўзга ташланмади.

Аммо, ҳайдовчининг безовталаниши ва боз устига чегарадош ҳудудда “изғиб” юргани бежиз эмас экан. Автомашина холислар иштирокида кўрикдан ўтказилганида, ёқилғи метан баллони ичига устомонлик билан 428 дона уяли алоқа воситалари яширилганлиги аниқланди.

Caption
Caption

Хорижда ишлаб чиқарилган, қайта сотиш мақсадида республикамизга олиб кирилаётган  8 турдаги мазкур телефонларнинг умумий қиймати 33 млн. сўмдан ошар экан.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатма: 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, қўшни давлатлардан телефон аппарати, шу жумладан қўл телефонларини божхона тўловларини тўламай, 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин.

Мавзуга оид