Ўзбекистон | 19:50 / 16.08.2018
25710
3 дақиқада ўқилади

​Имом иши: Олий суд иш янгидан кўриб чиқилишини билдирди

Фото: supcourt.uz

16 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ҳикматулла қори Юсуповга нисбатан бўлган жиноят иши назорат босқичида кўрилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Ишда қатнашган қорининг адвокатлари Абдумалик Абдуллаев ва Хуршед Рустамов барча суд қарорларини бекор қилиб, Ҳ.Юсуповга нисбатан бўлган жиноят иши қисмини содир этилган жиноятга дахлдор бўлмаганлиги сабабли, реабилитация асослари (оқлов)га кўра тугатишни, Ҳ.Юсупов адолатсиз суд ҳукмига асосан ноҳақ жазо ўтаётганлиги учун дарҳол уни озод қилиш лозимлигини сўрашди.

«Ўтиб бораётган ҳар бир кун унга нисбатан чиқарилган суднинг ноҳақ қарорини узайтиради. Шунингдек, ёлғиз қизини турмушга чиқарган Юсуповнинг турмуш ўртоғи, маҳкум яқинлари ҳам бундай ҳолатдан азият чекмоқда. Буларни инобатга олиб, ушбу суд мажлисида барча ўтган суд қарорларини бекор қилишингизни сўрайман», дейди адвокат Рустамов.​

Судда прокурор Бош прокуратура протестини қувватлаб, суд Ҳикматулла Юсуповга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда ЖПКнинг 22,463-моддалари талабларига риоя қилмаганлигини, уни айблаш тергов ҳибсхонасида берган айрим судланувчиларнинг кўрсатувлари асос қилиб олинганини, жиноят ишида Юсуповнинг айбини тасдиқловчи бошқа бирор бир далил мавжуд эмаслигини, айбловга қўйилган «опий​»​ гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинмаганлигини, ўз навбатида суднинг хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлмаганлигини эътироф этиб, ажримни бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун кассация инстанциясига юборишни сўради.

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати маслаҳатдан чиқиб, протестни қаноатлантириб, кассация босқичида имом Ҳикматулла Юсуповнинг иштироки албатта таъминланган ҳолда кўрилишини маълум қилиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 14.02.2017 йилдаги ажримини бекор қилди. Эндиликда судлов ҳайъати ишни янгидан кассация тартибида кўриш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборди.

Судлов ҳайъати иш сўнггида 5 (беш) кун ичида иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборилишини билдирди.

Мавзуга оид