Жамият | 15:20 / 16.08.2018
13591
3 дақиқада ўқилади

«Исломхўжа» фильмнинг ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: Жаҳонгир Аҳмедов

«Ўзбеккино» миллий агентлиги ва хусусий киностудиялар ҳамкорлигида Жаҳонгир Аҳмедовнинг «Исломхўжа» номли илк тўлиқ метражли бадиий-публицистик фильми суратга олинди. Кинокартина тарихий шахс, XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларида Хива хонлигида катта ислоҳотлар ўтказган маърифатпарвар вазир Исломхўжанинг фожиавий ўлими ҳақида.

15 июль куни «Premier Hall» кинотеатрида фильм ижодкорлари ва журналистлар билан биргаликда матбуот анжумани ҳамда фильмнинг ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди. Анжуманда «Ўзбеккино» МА бош директори Фурқат Зокиров ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Бу ерга журналистлар, санъатшуносларни йиғишимиздан мақсад фильм ҳақида кенг жамоатчилик фикрини тўғри шакллантиришдир. Одатда, кинопремъерадан сўнг томошабинлар фикри сўралади. Кимдир тўғри, холис фикр билдиради, яна кимдир баҳолай олмайди. Бир неча кишининг гаплари орқали аудитория ўзича хулоса чиқаради. Шу каби ноаниқ тушунчаларнинг олдини олиш мақсадида, фильмни халққа тақдим этишдан олдин  сиз мутахассислар, холис баҳоловчилар ҳукмига ҳавола этишимиз керак. Сиз жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим бўғин вазифасини бажарасиз. Токи одамлар кинокартина ҳақида нохолис ва нопрофессионал тушунчага эга бўлмасин. Бунда тўғри ахборот бериш жуда муҳим ҳисобланади», дея унинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

Шунингдек, тадбирда ўзбек киносида кечаётган жараёнлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан, «Ўзбеккино» МА томонидан 2017-2018 йилларда турли мавзу ва йўналишларда 64та фильм суратга олинган. Шулардан 23таси тўлиқ метражли, 4таси қисқа метражли, 26таси ҳужжатли ва 7таси мультипликацион фильмлардир. «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК томонидан жорий йилнинг август ойи ҳолатига кўра, 26 номдаги тарихий, иқтисодий-ижтимоий жараёнларни ёритувчи, замондошлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар суратга олинмоқда ва улардан 7таси катта экранларда намойиш этилди.

«Исломхўжа» фильмининг ўзбек кинотомошабинлари учун премьераси шу ой охирига мўлжалланган.

 

 

Мавзуга оид