Ўзбекистон | 21:30 / 16.08.2018
19327
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида юзлаб юк машиналари тўпланиб турибди

Фото: Sputnik

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги «Б.Конисбаев» ўтказув пунктининг Қозоғистон томонида юк автомобилларидан иборат улкан навбат юзага келди, деб хабар берди Sputnik Қозоғистон.

Сўнгги маълумотларга қараганда, бу ерда 150-200та фура йиғилиб қолган, деб маълум қилди Туркистон вилояти давлат даромадлари департаменти.

Департаментнинг билдиришича, бундай тиқилинчлар баҳордан буён давом этиб келмоқда.

«Автотранспортларнинг тўпланиб қолишига сабаб - учинчи давлатлардан Ўзбекистон йўналишида юк келишининг сезиларли равишда кўпайгани. Тиқилинч сабабларидан яна бири барча транспорт воситаларининг ўзбек божхоначилари томонидан мобиль назорат-текширув мажмуаси орқали тўлиқ сканердан ўтказилишидир», - дейилади хабарда.

Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, уларни фақат кечаси — фақат бир километрдан (шунча масофада турган машиналарни) чегарадан ўтказишяпти. Ҳозирги вақтда тирбандликнинг узунлиги 7 километрга етган. Юк машиналари Ўзбекистон ҳудудига кириш учун 2 кундан 6 кунгача вақт ўтказмоқда.

Тирбандликда қолган «фура»ларнинг аксарияти — Хитойдан сақлаш муддати нисбатан узоқ бўлган ёки асбоб-ускуна олиб келаётган машиналардир. Айни вақтда, тез бузиладиган маҳсулот олиб келаётган ҳайдовчиларга жабр бўлган — улар маҳсулотларини бир хил ҳароратда сақлаб туриш учун машина моторини мунтазам юргизиб қўйишга мажбур бўлмоқда.

Мавзуга оид