«Самосуд»дан қочиб ўзини сувга ташлаган аёл воқеаси бўйича расмий маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги бозорда рўй берган «самосуд» ҳолати тасвирланган яна бир видео тарқалгач, Андижон вилояти ИИБ Матбуот хизмати «Kun.uz»га ушбу ҳодиса тафсилотлари юзасидан изоҳ берди. Маълум бўлишича, бу аёл бозорда ўғрилик қилаётганида қўлга тушганидан кейин сув орқали қочиб қутулмоқчи бўлганди.
«2018 йил 14 август куни соат 11.00 ларда муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган А.А. Шаҳрихон шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган савдо бозорида савдо қилувчи И.Н сумкасидан 192.000 сўм, фуқаро С.Г сумкасидан 270.000 сўм, сотувчи С.М. сумкасидан 30.000 сўм миқдоридаги пулларни ва уяли алоқа телефонларини яширин равишда олиб, ҳодиса жойидан яширинмоқчи бўлганида қўлга тушган. Воқеа жойида жабрланувчи И.Н ва ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган Г.Р уни туман ички ишлар ходимларига топшириш мақсадида ушлаб олишган.
Натижада А.А жиноий жавобгарликдан ҳамда фуқаролардан қочиб яшириниш мақсадида ўзини ўша ердан оқиб ўтувчи «Шаҳрихонсой» каналига ташлаган. Воқеа жойига етиб борган туман ИИБ профилактика инспектори томонидан сувда оқиб кетаётган А.А қутқариб қолинган. Туман ИИБга олиб келинганида, унга нисбатан ҳеч қандай куч ишлатиш аломатлари аниқланмаган.
Содир бўлган мазкур ҳолат ички ишлар бўлими ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, А.А нинг ёнида алоҳида-алоҳида солинган 192.000, 295.000, 31.000 сўм миқдоридаги пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида баённома орқали олинган. Мазкур ҳолат юзасидан 14 август куни туман ИИБ томонидан А.А га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
16 август куни гумонланувчи А.А га ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, тергов ҳаракатлари давомида унга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.
Тергов даврида И.Н, Г.С ва М.С сўроқ қилиниб, жабрланувчи сифатида эътироф этилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади хабарда.
Бундан олдинроқ Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдириб ўтганди.
«Ким бўлишидан қаъти назар бундай ҳолатга йўл қўйилиши мумкин эмас! Ҳеч қачон! Жамият у қандай жамият бўлмасин, у албатта қонун-қоида асосида, тартиб-интизом билан яшашни истайди, шундагина миллат, халқ бирлиги, тотувлигига эришилади. Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши шарт», - деганди депутат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда «самосуд» юз берганди. Ўшанда ҳам бозорда ўғриликда гумонланувчини қўлидан осишганди.
Ўшанда ИИВ Қорақалпоғистондаги «самосуд» юзасидан берган расмий ахборотида гумонланувчини қўлидан осиб қўйган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси («Ўзбошимчалик») билан жиноят иши қўзғатилгани айтилганди.
Кейинроқ ушбу ҳолатга алоқадорларнинг барчаси - жами 4 киши ушланди. Бу шахсларга жаримадан тортиб бир неча йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланиши мумкин.
Мавзуга оид
07:40
Икки туманда 966 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024