Ўзбекистон | 22:30 / 17.08.2018
30878
4 дақиқада ўқилади

Тожикистон раҳбарининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи. Биринчи кун

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 17-18 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширмоқда. Бу Тожикистон президентининг сўнгги 20 йил ичида илк бор Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишидир.

Қўшни давлат раҳбари ўз ташрифини Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонидан бошлаб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари Кўксаройда тор ва кенг доирадаги музокараларни ўтказишди.

Кўксаройдаги музокаралар

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, одамлар учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди. Бу борадаги қўшимча имкониятларни ишга солишга, ҳудудлар, йирик корхоналар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияларининг кенг таркибдаги музокараларида эса асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

«Ҳамкорлигимизда ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп. Шундай ишлашда давом этсак, тез орада товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказамиз. Аслида салоҳиятимиз – камида 1 миллиард доллар», деди Ўзбекистон президенти.

Музокараларда икки мамлакат бизнес тузилмалари ва чегараолди ҳудудлари ўртасида кооперацияни кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ва бошқа товарларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштиришга келишиб олинди. Транспорт ва транзит ташиш, энергетика ва гидроэнергетика, сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерик давлатлар

Кўксаройда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида икки давлат ўртасида давлатлараро стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада узоқ муддатли ва барқарор шериклик муносабатлари ўрнатиш мақсади, ўзаро ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари белгиланган.

Президентлар ўртасида қўшма баёнот ҳам имзоланган.

Шунингдек, саноат, стандартлаш ва сертификатлаш, чегарадан ўтказиш, таълим ҳужжатларини тан олиш, геодезия ва геология, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир 27та ҳужжат имзоланди. Жумладан, Сурхондарё вилояти билан Хатлон вилояти, Самарқанд вилояти билан Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.

Зарафшон дарёсида иккита ГЭС

Зарафшон дарёсининг Тожикистон қисмида иккита гидро электр станцияси қуриш имконияти кўриб чиқилмоқда. ГЭС икки мамлакат компаниялари томонидан барпо этилиши мумкин.

Бу ГЭСлар 300 мегаватт қувватига эга бўлиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Тожикистоннинг Сарез кўли ичимлик сувидан биргаликда фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқади.

«Мен кўп минбарларда, халқаро давраларда, хусусан БМТда ҳам кўп бор таъкидлаганман: «Биз ҳеч қачон қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз». Аксинча, бугунги музокаралар давомида қўшниларимизни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 17 км³ ҳажмдаги Сарез кўлининг сувларидан ҳамкорликда фойдаланиш масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар бердим», деди Тожикистон президенти.

Тожикистон президенти Шавкат Мирзиёевга Алишер Навоийнинг тожик тилига таржима қилинган асарлари тўпланган «Чашмаи хирад» китобини совға қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музокаралардан кейин президентлар «Ўзэкспомарказ»да очилган Тожикистон саноат маҳсулотлари кўргазмасини бориб кўришди.

Ташрифнинг биринчи куни якунида президентлар «Ўзбекистон» анжуманлар саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида ташкил этилган «Дўстлик оқшоми» номли концертда бўлишди.

Тожикистон президенти эртага, 18 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувлар ўтказади. Эмомали Раҳмон шу куни Самарқандга ташриф буюриб, диққатга сазовор масканларни зиёрат қилади.

Мавзуга оид