Ўзбекистон | 13:55 / 18.08.2018
7994
9 дақиқада ўқилади

Халқаро мақом санъати анжуманига жами 70га яқин давлатдан иштирокчилар келиши кутилмоқда

Фото: ЎзА

«Онам мактабда аълочи бўлган. Ўқитувчи бўлиш орзусида 1989 йилда Қарши шаҳридаги педагогика олийгоҳигаўқишга топширган экан. Биласиз, у пайтларда имтиҳонлар тест шаклида бўлмаган. Асосан, ёзма ва оғзаки шаклда бир неча босқичда ўтказилган. Онам сўнгги босқич саволидан ташқари, ҳаммасидан яхши ўтган экан.

— Охиргиси жуда қийин савол бўлгандир-да! — десам, дугонам кулди:

— Энг қизиғи, у жуда осон савол бўлган экан. Онамдан Ўзбекистондаги маданий ёдгорликлардан мисол келтириш сўралган. Афтидан, ўша кезларда юртимизга мустақилликнинг илк нашидалари кириб кела бошлаган. Онам ўқиган дасрликларда эса халқимизнинг тарихий мероси у ёқда турсин, қайтага ўтмишимизни бизга қоралаб кўрсатишган экан. Онам биронта ҳам тарихий обидани, ҳатто ўзи яшаётган ҳудуддаги Оқсаройни ҳам эслай олмаган экан..»

Отасини танимаган бола кимга эргашишни билмагани каби, аждодларидан мерос азалий қадриятларни англамаган миллат ҳам осонгина ёт маданиятларга тобе бўлади. Тарихига, маданиятига содиқ қолган халқгина ер куррасида ўз номини, тилини, эътиқодини сақлаб қолади.

Аждодларимиздан бизга қолган меросни баҳолашнинг имкони йўқ. Буюк тарихимиздан муҳташам обидалар, гўзал асарлар, оҳанрабо куйлар қолган. Қадим-қадимдан юракларни ўртаб келаётган муножот каби дилларни сел қилувчи наволаримизни ҳали-ҳануз дунё халқлари севиб тинглашади. Мақом санъатининг гултожи бўлган «Шашмақом»нинг ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани ва унинг репризентатив рўйхатига киритилгани бежиз эмас. «Шашмақом»нинг ҳар бир куйи қалбларнинг энг мудроқ ҳисларини ҳам уйғотиб юборади, хотиралар қатида қолган дамларни ёдга солади, ўйлантиради...

Афсуски, бугунги ахборот асрида бетакрор мақом куйларимиздан узоқлашгандекмиз. Ҳар турли енгил-елпи куй-қўшиқлар дидимизни ўтмаслаштириб, барҳаёт наволарни унутишимизга сабаб бўлаётгани ҳам ҳақиқат.

Президентимиз ўтган йили Соҳибқирон бобомиз туғилган юрт — Шаҳрисабзда бўлиб, Оқсаройни зиёрат қилганларида, тарқоқ мақомларимиз бирлашиб, «Шашмақом» дунёга келган давр айнан соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқлигини эътироф этиб, Шаҳрисабзни қадимий меросимиз бўлган мақомларни дунёга таратиш учун энг мақбул жой дея танладилар. 2017 йилнинг 17 ноябрида қабул қилинган «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, Шаҳрисабз шаҳрининг Оқсарой майдонида ҳар икки йилда Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Жорий йил 6 — 10 сентябь кунлари юртимизда илк бор ана шу анжуман бўлиб ўтади. Дунёнинг кўплаб халқларининг санъат усталари диёримизга ташриф буюриб, ўзининг маданий мероси, мумтоз куйларини ижро этишади.

— Бу анжуманга тайёргарлик ишлари авжида, — дейди Маданият вазири Бахтиёр ­САЙФУЛЛАЕВ. — Вазирлик томонидан Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш ва ёпилиш маросимлари дастури сценарий лойиҳалари ишлаб чиқилди. Сценарийни тузиш ишларида халқимиз ардоғидаги санъаткорлар, маданият ходимлари Баҳодир Йўлдошев, Отаназар Матёқубов, Равшан Юнусов, Оқилхон Иброҳимов, Маҳмуд Тожибоев, Ҳасан Ражабий ва Муножат Йўлчиева иштирок этди.

Анжуманнинг очилиш маросими учун Бухоро, Хоразм ва Тошкент-Фарғона мақом йўналишлари бўйича вилоятлар мақом ансамбллари томонидан мусиқий композициялар тайёрланмоқда. Шу билан бирга, Шаҳрисабз ёш мақомчиларининг чиқишлари ва Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли томонидан «Шашмақом»нинг дунёда эътироф этилган 6 та шўъба – тармоғи: «Бузрук», «Рост», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Ироқ» мақом намуналаридан композиция тайёрланмоқда.

Ушбу анжуманга дунёнинг кўплаб давлатлари катта қизиқиш билан қарашмоқда. Вазирлик қошидаги Мақом форуми матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил 15 августгача жами 80 та мамлакат вакиллари ушбу анжуманда иштирок этишга хоҳиш билдирган: 22 нафар мусиқашунос олим, 29 яккахон ижрочи ва мусиқий жамоа, 36 нафар матбуот ходимидан, 21 нафар етук мутахассис ва фахрий меҳмонлардан мурожаатлар қабул қилинган. Анжуманга жами 70 га яқин давлатдан иштирокчилар келиши кутилмоқда.

— Шарқ мамлакатларининг ўн иккитасида ўзининг тарихий мақомлари, муғомлари мавжуд, — дейди Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Саибжон БЕГМАТОВ. — Анжуманда ҳар бир халқ ўзининг миллий мақомларини бутун жозибасини кўрсатишга интилишади. Бошқа халқлар ҳам ўзининг мумтоз куйларини куйлашади. Ташриф буюрган санъаткорлар шунчаки ўз мумтоз куйларни ижро этиб кетиш учун келган меҳмонлар эмас, балки мусобақа иштирокчиларидир. Анжуманнинг танлов қисмида бу иштирокчилар халқаро мақомшунос олимлар томонидан баҳоланади.

Шунингдек, анжуман доирасида «Мақом санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Унда хорижий давлатлардаги таниқли мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар иштирок этишади.

Бир сўз билан айтганда, Шаҳрисабз чин маънода халқаро мақом марказига айланади. Дунё халқларини юртимиз осмони остида жамлайди. Бу, ўз навбатида, диёримиз, санъатимизни дунёга танитишга, шу билан бирга, туризм ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Энди миллий мумтоз куйларимизни ёшларимизга ўргатиш мақсадида боғчадан бошлаб, бу куйлар болаларга эшиттириб борилади. Ўзбек миллий мақом санъати маркази томонидан «Болалар учун мақом куйлари» диски тайёр бўлди. Унда «Алла», «Тановар», «Танбур ноласи», «Роҳат» ва «Чўли ироқ» каби жами 27 куй жамланган.

 Маҳмуджон ТОЖИБОЕВ, Ўзбекистон халқ ҳофизи:

— Мумтоз миллий санъатимиз, мақомларимиз ниҳоятда теран илдизга эга. Ҳар гал «Шашмақом»нинг дилбар наволарини тинглар эканман, у ён-атрофимиздаги бошқа мамлакатлар мақомлари учун ҳам бешик бўлган бўлса, ажабмас, дея ўйлаб қоламан. Ахир, бизнинг қадим наволаримиз ҳанузгача бутун дунё аҳлини ҳайратлантириб келмоқда.

Бугунгача, рости, бизнинг дунёда тенги йўқ қимматли бойлигимиз — миллий куй-қўшиқларимизни ёшларимиз онгига сингдириш ҳамда уни дунёга тараннум этиш борасидаги ишлар билан мақтана олмас эдик. Жорий йил февраль ойида Президентимиз Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюрдилар. Бир қанча мақомшунос олимлар, мутахассислар қатори мен ҳам ўша ерда эдим. Юртбошимиз улуғ санъаткор Юнус Ражабийдан сўнг ҳеч ким мақом санъати билан жиддий шуғулланмаганини афсус билан таъкидладилар ва қадим шаҳар, Амир Темур туғилиб ўсган юрт — Шаҳрисабзда халқаро мақом санъати анжумани ташкил этишни ва унда бутун дунё халқлари ўзларининг мумтоз наволари билан иштирок этишини таклиф қилдилар.

Шаҳрисабз ҳозир ўзгача чирой очган. Бу ердаги бунёдкорликни кўриб ҳар қандай киши ҳайратга тушади.  Ўша ерлик оддий одамлардан, ҳокимият вакилларидан эшитишимизча, бундан уч-тўрт йил аввал — Биринчи Президентимиз Шаҳрисабзни обод этишни топшириқ берганларида Шавкат Мирзиёев тунни кунга улаб, ҳафталаб тупроқ кечиб, шу қурилишга бош-қош бўлган экан. Ана ўша пайтлардаёқ Халқаро мақом санъати анжумани ўтказиш фикри хаёлига келган бўлса, не ажаб.

Халқаро мақом санъати анжумани бошқа мамлакатлар учун ҳам катта қизиқиш уйғотди. Хориждан юборилган аудио-видео материалларни ҳайъат аъзолари билан уч карра текширувдан ўтказиб, муносиб номзодларни танловга тавсия этдик. Юртимиздан қатнашадиган иштирокчиларни ҳам жиддий сараладик.

Бизда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос наволари, удумлари бор. Баҳодир Йўлдошев ҳамда Абдуҳошим Исмоилов билан бирга барча вилоятлардан сараланган гуруҳлар билан алоҳида ишлаяпмиз. Мен Фарғона водийси санъаткорларидан ташкил топган гуруҳ билан шуғулланяпман.

Насиб этса, бу анжуман миллий маданиятимизни дунёга тараннум этишда янги даврни бошлаб беради. Анжуманга кўплаб давлатлардан ­оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам келади. Анжуманни кузатган дунё халқларининг юртимизга бўлган эътибори ва қизиқиши янада ошиши аниқ. Шу боис бу халқаро анжуман нафақат тарихимиз ва маданиятимизни дунёга олиб чиқиш, балки юртимизга ташриф буюрадиган сай­ёҳларнинг ҳам кўпайишига хизмат қилади.

 

Зилола Худойбердиева,
«Оила даврасида» мухбири

Мавзуга оид