Ўзбекистон | 23:58 / 20.08.2018
28140
2 дақиқада ўқилади

Москва-Тошкент рейси йўловчилари 24 соатдан ортиқ вақт давомида ноқулай шароитда қолишди (фото+видео)

19 август куни соат 22:45да HY 602 Москва-Тошкент рейсида парвоз қилиши керак бўлган самолёт техник сабабларга кўра кечиктирилган. Йўловчиларнинг  KUN.UZ'га маълум қилишларича, улар ҳануз Москвадаги "Домодедово" аэропортидалар. 

Йўловчиларнинг сўзларига кўра, улар 20 август тонгига яқин меҳмонхонага етказилган ҳамда у ерда атиги уч соат дам олиниб, эрталаб ваъда қилинган нонуштасиз у ердан олиб кетилган. Қолган вақт эса яна аэропортда ўтказилган. Кечга яқин яна 3-4 соатга меҳмонхонага олиб кетилган. Аэропортда йўловчиларнинг муайян қисми овқатлантирилган ва сув билан таъминланган, лекин барча эмас. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тақдим этилган микроавтобус йўловчиларни ташиш учун бир неча марта қатнашига, кишилар эса яна кутишларига тўғри келган. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

"Бизлар майли-ку, кексалар анча қийналишди. Мана шундай вазиятларда ташкилий ишларга эътиборлироқ бўлинса, яхши бўлар эди. Расмий баёнотлар гўё номига берилаётгандек", - дейди йўловчилардан бири. 

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси матбуот хизмати 20 август куни 19 августда амалга оширилиши керак бўлган HY 602 Москва-Тошкент рейси техник сабабларга кўра кечиктирилгани ҳақида расман хабар бериб, авиакомпания мутахассислари ҳаво кемасининг дастурий таъминотидаги техник носозликни бартараф этиш устида ишлаётганларини қайд этган. Шунингдек йўловчиларни ташиш мақсадида Тошкент вақти билан соат 19:30 да Тошкент-Москва йўналиши бўйича қўшимча рейс ташкил қилингани, соат 23:15 да бу самолёт йўловчиларни олиб қайтиши маълум қилинган. "Авиакомпания етказилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўрайди", дейилади хабар сўнггида

Мавзуга оид