Ўзбекистон | 17:23 / 20.08.2018
45863
6 дақиқада ўқилади

Тақиқлаш билан ҳеч нарса ҳал бўлмайди: Тошкентдаги тунги муассасаларга ёш болаларни ҳам олиб келишмоқда

Фото: resto.uz

18 август, шанба куни Kun.uz ўз экспертларидан Тошкентдаги тунги вақтларда ишлайдиган баъзи муассасаларга ташриф буюриш ҳақида сўради.

Пойтахтимизда тунги ҳаёт қандай ташкил этилганини билиш истаги бор эди. Экспертлар ва Kun.uz мухбири учта муассасага ташриф буюрди.

Натижада, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин.

Умумий овқатланиш жойими?

Давлат «тунги клуб», «ресторан», «бар», «фастфуд», «чойхона», «емакхона», «лавашхона», «лағмон маркази», «сомсахона» ва ҳоказолар нима эканини аниқ белгилаб олиши керак.

Биз барча муассасаларни «умумий овқатланиш жойлари» бир гуруҳига кирита олмаймиз.

Экспертлар таъкидлашларича, улар кирган жой тунги клуб эмас, балки ресторан сифат ер эди, лекин у ерда DJ ишлаган, мусиқа баланд янграган ва махсус чироқлар ишлаб турган. Кириш эшигида ҳеч қандай қўриқчи йўқ эди, бироқ баъзи одамлар шу даражада кўп спиртли ичимликларни ичишганки, ҳаттоки ўзларини ёмон тута бошлашган.

Шунинг учун атамани аниқлаш муҳим, яъни агар бу ер тунги клуб бўлса, унда албатта қўриқчилар ҳам бўлиши керак. Агар ресторан бўлса, муассасада баланд овозда мусиқа янграмаслиги ва рақс майдони бўлмаслиги керак. Умуман олганда, ҳамма нарса мураккаб ва аралаш ҳолатда.

Бир қути сигарет

Барча муассасаларда тинмай сигарет чекишган. Ҳид жуда ёмон эди. Эҳтимол, бундай муассасаларда чекишни чеклаш вақти келгандир. Айтганча, ёнғин хавфсизлигига эътибор бериш муҳим. Экспертлардан бирининг айтишича, улар ўтирган тунги муассасада ҳамма нарса ёғочдан қилинган бўлган. Албатта, ҳаммаси чиройли, лекин ташриф буюрувчилар сигарета чекиб ўтирган. Ўз навбатида, ёнғин юз бериши хавфи ҳам жуда катта.

Ёш болалар

Кичик бир муассаса, лекин тунги клуб эмас, ёки ресторан ёки барга ўхшаш жой. Мусиқа ўйнамоқда, чироқлар ўчирилган, қўриқчилар йўқ, кўплаб ташриф буюрувчилар чекмоқда ёки спиртли ичимлик ичмоқда. Рақс майдончасига ўз онаси билан 5 ёки 6 ёшли қиз чиқади. Экспертнинг таъкидлашича, ёш қизчанинг уйқуси келаётгани кўриниб турган, унинг онаси эса аллақачон спиртли ичимликни чегарадан ошириб юборган. Соат тахминан 21:45лар эди.

10 дақиқадан кейин маст ҳолатда бўлган аёлни дугонаси, 6 ёшли қизчани эса оёқда зўрға турган дўсти олиб кетган.

Айтганча, Kun.uz экспертларидан бири бошқа муассасада ҳам икки нафар ёш болани кўриб қолган, бироқ у ердаги муҳит бошқача эди. Ёрқин чироқлар, хотиржам мусиқа, бошқарувчи муассаса ичида чекишни тақиқлаб қўйган.

Иккита жой ва умуман турлича муҳит, чунки аниқ қонун йўқ.

Мана сизга лицензияланадиган қўриқлаш хизмати ва муайян ҳуқуқий нормаларнинг йўқлиги натижалари.

Бундан олдин Kun.uz Ўзбекистонда лицензияланадиган қўриқлаш хизматини жорий этиш зарурлиги ҳақида ёзганди. Ишонаверинг, хорижий мамлакатларда бундай муассасага бу кичкина қизни ҳеч қачон киритишмаган бўларди.

Бундан ташқари, болалар билан ресторан ёки фастфудга бориш мумкин, аммо бу борада ҳам Ўзбекистонда аниқ белгиланган нормалар йўқ. Ҳаммаси аралашиб кетган.

Юқорида таъкидланганидек, агар бу ресторан бўлса, унда баланд овозли мусиқа ва дискотека йўқ, агар у тунги клуб бўлса, унда мажбурий лицензияланадиган қўриқчиларга эга бўлиши даркор, у 18 ёки 20 ёшдан кичик бўлган болаларни бундай жойга киритмаслиги керак. Дарвоқе, хорижий мамлакатларда тунги клубларга киришда қўриқчилар баъзан 18 ёшга тўлганига ишонч ҳосил қилиш учун ташриф буюрган шахснинг паспортини текширишади.

Умуман олганда, Ўзбекистон туризмни ривожлантиришни режалаштирмоқда. Аҳоли ҳам узоқ иш кунларидан кейин дам олишни хоҳлайди.

Ҳозир тақиқланди. Фойда нимада?

Kun.uz экспертлари тунги муассасаларга соат 22:00гача ташриф буюришди. Ҳамма аллақачон маст бўлиб, сигаретлар чекиб бўлишган, болаларнинг уйқуси келиб ётибди, қўриқчилар йўқ, синган шишалар, баъзиларнинг кўнгли айнияпти, бақиришмоқда, сўкинишмоқда ва ҳ.к.

Соат 23:00гача ҳамма тайёр бўлиб бўлган. 22:00дан кейин очишни тақиқланг. Одамлар соат 18:00да келади ва соат 21:00да кетади.

Тақиқ - бу вазиятдан чиқишнинг йўли эмас

Муаммони ҳуқуқий дастаклар ва нормал йўл билан ҳал қилиш керак.

Давлатнинг кўп саволларга жавоб топиши муҳимдир. Тунги клуб ёки ресторан, «ошхона» ёки «чойхона» қандай бўлиши керак, қандай талаблар қўйилиши лозим, улар қачон очилиши ва ёпилиши керак, ташриф буюрувчиларни ҳимоя қилиш воситалари, муассасаларда чекиш мумкинми ёки йўқми, ўша мижозларга хизмат кўрсатиш мумкинми ёки йўқми, маст одамларга хизмат кўрсатишни тўхтатиш даркорми. Бу каби юзлаб саволлар бор. Ушбу соҳани чуқур ўрганиш керак.

Умид қиламизки, яқин вақт ичида ҳукумат юқорида келтирилган муаммоларга ечим топади. Юқорида таъкидланганидек, тақиқнинг фойдаси йўқ. Бизга маданий ва мантиқий ечим керак.

Мавзуга оид