Жамият | 12:10 / 20.08.2018
39091
3 дақиқада ўқилади

Тоҳир Малик: «Мен тунги клубга бориб кўрганман. У жойларни ўз номи билан «бузуқлик клуби» дейлик»

Фото: МТРК

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик «Ёшлар» телерадиоканалида тунги клубларга бағишланган кўрсатувда иштирок этди ва тунги клуб масаласида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Математикада аксиома, деган тушунча бор. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга нисбатан қўлланилади.

Тунги клублар бўлмаслиги керак. Бу — аксиома! Тамом!

Бу ерда ўтирганларнинг кўпчилиги тунги клубларга кирмаган, мен эса кирганман. Чол одам, дискотека ва тунги клубларга кирганман. 15 йилча бўлиб қолди, «Талваса» деган романимга маълумот йиғиш учун кирганман, ўрганганман.

Кирсангиз, руҳий томондан махлуқдан фарқи йўқ у ердаги инсонларнинг. Одам эмас улар. Чунки уларнинг ичида кўпи гиёҳванд. Қўлида бирор белги бўлмаса ҳам, бурни орқали тортишади.

У ерга кирувчи қизларнинг аксарияти фоҳишами — фоҳиша! Хўп шундай экан, «тунги клуб» демайлик, ўз номи билан атайлик — «бузуқлик клуби» у ер.

Домла (имомга қарата — таҳ.), сизлар баъзан жуда юмшоқлик қиласизлар тушунтиришда, аслида сал қаттиқроқ гапириш, қаттиқроқ фатволар бериш керак. Чунки оддий нарса-ку?! Мана шу бузуқ жойдан топилган даромадни нима деб аташ мумкин? Ҳамма нарсани ўз номи билан аташ керак.

Яна битта нарса. Ўша жойда, мана сизларда (ҳуқуқ-тартибот органи ходимига қарата — таҳ.) маълумотлар ҳам борку, гиёҳванд моддалар — афюн сотувчиларнинг кўпи ўша жойларда ушланади. Ўша ерларда афюнфурушлик, яъни қорадори сотиш урчиган.

Ундан ташқари, ўшанда, қизиқиб юрган пайтимда бир нарсани аниқлаганмиз. Бу — ёзган китобимда ҳам ўз аксини топган. Афюнфурушлар жуда ақлли одамлар бўлишади. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўйламайдиган нарсаларни ўйлаб топишади.

Улар кондиционер остига озгина гиёҳванд модда ташлаб қўйишади. У ҳаво орқали пуркалиб, ҳавога аралашиб, ёшларнинг димоғи орқали организмга киради ва ёшларда аллақандай кўтаринкилик ҳолати пайдо бўлади. Яъни, ўша қондаги шайтон васваса қила бошлайди-да. Эртага унинг яна келгиси келади.

Қозонга яқин юрсанг — қораси, ёмонга яқин юрсанг — балоси юқади, дейдилар. «Биз фалончининг боласи нима бўлса бўлсин, ўтираверсин тунги клубида», демайлик. Ундай ёмоннинг ёмонлиги яхшиларга ҳам юқади.

Шу сабабли бу кичкина масала эмас, бир одамнинг фожиаси, бир инсон умрининг тугаши ҳам эмас. Бу — жамиятни уйғотадиган ҳодиса бўлмоғи керак.

Мавзуга оид