Ўзбекистон | 22:41 / 20.08.2018
93917
3 дақиқада ўқилади

Бекободдаги ЙТҲда жами 6 киши жароҳатланган, Алишер Султоновнинг ҳолати ҳақида янги маълумотлар берилди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бош вазир иштирокидаги ЙТҲ юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати ҳам маълумот берди.

Ахборотда бош вазир ўринбосари Алишер Султонов нисбатан жиддийроқ жароҳат олганини, умуман, ЙТҲ оқибатида бош вазир ва унинг ўринбосари билан биргаликда жами 6 киши тан жароҳати олгани маълум қилинган.

«20 август куни соат 9:30 ларда, «Қорасув—Бўка—Бекобод» автомобил йўлининг 92-километрида, Бахтиёр Саидов бошқарувидаги «Damas» русумли давлат рақам белгиси 10 U 945 LA бўлган автомашинани ишончнома орқали бошқариб, Бекобод тумани, Зафар қўрғони томонидан Бекобод шаҳар томонга ҳаракатланиб, бошқарувни йўқотган ҳолда йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, ҳайдовчи Рустам Толипов бошқарувидаги «Mersedes-Benz» русумли давлат рақам белгиси 01 215 АВА бўлган хизмат автомашинасининг чап ён томон ўрта қисмига урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган.

Тиббиёт маълумотномасига кўра, йўл транспорт ҳодисаси оқибатида «Mercedes-Benz» русумли хизмат автомашинаси салонида бўлган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповда тиббий муолажа талаб этилмайдиган енгил шикаст, бош вазир ўринбосари Алишер Султоновда чап сон суяги чиқиши, чаноқ косачаси ёпиқ синиши, кўкрак қафаси 7-10 қовурғалари ёпиқ синиши, бош тепа соҳаси лат ейиши, Президент девони масъул ходими У.Қурбоновда ўнг қўл билак суяги ёпиқ синиши каби тан жароҳатлар, ҳайдовчи Рустам Толиповда бош тепа соҳаси ҳамда ўнг елка, ўнг билак очиқ бўғими юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлар аниқланган.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида «Damas» автомашинаси ҳайдовчиси Б.Саидовда пешона соҳаси лат ейиши, йўловчи А.Мелибоевда ўнг умров суягини ёпиқ синиши каби жароҳатлар аниқланган. Алишер Султонов, У.Қурбонов, Бахтиёр Саидов, А.Мелибоев шифохонага жойлаштирилиб, уларга зарурий тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Р.Толиповга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур йўл транспорт ҳодисаси юзасидан Бош прокуратура томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда», дейилган хабарда.

Бундан аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати бош вазир ўринбосари Алишер Султоновга жиддий шикаст етмагани ҳақида хабар тарқатганди.

Бош вазир Абдулла Арипов эса Бекободдаги ЙТҲ ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган вақтда Вазирлар Маҳкамасида видеоселектор йиғилиши ўтказгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид