Ўзбекистон | 20:26 / 21.08.2018
23381
17 дақиқада ўқилади

«Ватаним Ўзбекистон, Покистон эмас!» ёки миллий туризмни ривожлантириш нималарга боғлиқ?

Америка Қўшма Штатларида бир неча йилдан буён яшайман. Ишдан қайтаётиб, кичик бир дўконга кирдим. Керак нарсани харид қилиб навбатда турганимда, бир одам мендан инглиз тилида “Қаердансан?” деб сўраб қолди. “Ўзбекистон” дедим. Шунда у “Ҳаа, Покистонми?” деди. Унга қайтадан тушунтирдим. Унчалик тушунмади. Шунда Google орқали дунё харитасини очдим ва Ўзбекистонни кўрсатдим. Шундагина у одам энди тушунганини айтиб, менга раҳмат деди.

Бир қараганда оддий туюлган бу воқеа мени ўйлантириб қўйди. “Нега энди дунёга машҳур фозилу фузалолар юрти бўлган Ўзбекистонимиз ҳақида хорижлик оддий инсонлар билишмайди?”, деган савол ортидан, миямга бир фикр келиб қолди.

Қандай фикр экан дейсизми? Ҳозир тушунтираман.

Интернетдаги YouTube хизматини ҳаммамиз биламиз. Унда ҳар куни миллионлаб одамлар ўз видеоларини кўрсатишади. Уларни видеоблогерлар деб аташади. Кўпчилик видеоблогерлар юз минглаб обуначига эга. Одамлар ўз блогерларининг ҳар бир видеосини кутиб туришади ва қайта-қайта кўришади, бошқаларга ҳам жўнатишади. Томошабини кўп видеолардан YouTube ҳам пул ишлайди. Ушбу хизмат томашабинбоп видеолар ичига рекламалар жойлайди ва фойда кўради. Шу тариқа, канал блогерларга видео учун пул ҳам тўлайди.

Миллионер бўлиб кетган видеоблогерлар дунёда кўплаб топилади. Аксари ташкилотлар, корхоналар, ишлаб чиқарувчилар номдор ва обуначиси кўп блогерларни чақириб, ўз маҳсулотлари ҳақида материал тайёрлатишади. Натижада улар тайёрлаган видеони дунёдаги миллионлаб томошабин кўради.

Ўзбекистондек юртимизни дунёга танитишда бизга YouTube видеоблогерлари ёрдам беришсачи?

Англия, Франция, Япония, Африка, Америка, Бразилия, Ҳиндистон, қўйинки, қаерда номи чиққан ва обуначиси кўп видеоблогер бўлса, уларни бир вақтнинг ўзида (ёки гуруҳга ажратиб, навбати билан) Ўзбекистонга таклиф қилиш керак. Уларни Ўзбекистоннинг барча диққатга сазовор жойларига олиб бориш, мамлакатимиздаги тўйлар, тантаналар, байрамлар, халқаро мусобақаларни кўрсатиш керак! Қўли гул ҳунармандларимизни устахоналарига, боғбонларимизнинг боғу-роғларига кириш, Хива, Бухоро, Самарқанду Қўқонда бўлишларини ташкиллаштириш, аждодларимиз қурган обидаларни кўрсатиш зарур.

Аминманки, улар тайёрлаган видеоблогларни ер юзидаги миллионлаб томошабин кўради ва Ўзбекистон деган юртнинг қаерда жойлашгани, одамлари, табиати, ишлаб чиқариши, иқлими ва шаҳарлари ҳақида тасаввурга эга бўлишади. Дунё танийдиган видеоблогерлар унча кўп эмас ва уларнинг ҳеч бўлмаса 10 нафарини Ўзбекистонга чақириш унчалик кўп харажат талаб этмайди. Қолаверса, мамлакатни дунёга танитишдек олий мақсад учун ҳар қанча ҳаракат ва харажат оз.

Мен учун кутилмаган янгилик: Олий Мажлис таклифимга эътибор қаратди!

Ўзбекистонни бутун дунёга янада кўпроқ танитиш учун бошқа мамлакатлардан блогерларни таклиф қилиш ҳақидаги фикримни «Фейсбук»даги саҳифамда тарқатганимдан сўнг, Олий Мажлис депутати  Шуҳрат Якубов мен билан алоқага чиқди.  Депутат менинг бу таклифимни Олий Мажлиснинг туризм масалаларига бағишланган йиғилишда ўртага ташлашини айтди.

Шуҳрат Якубов айтганида турди! У туризм давлат қўмитасининг раиси Олий Мажлисда ҳисобот бераётган пайтида бу ғояни қўллаб сўзга чиқди. Депутатлардан Акмал Умирзаков ва Дилнавоз Илхомовна Носировалар ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлашди. Кейин эшитишимча, туризм қўмитаси таклифларга бефарқ бўлмади ва уларни амалга оширишга алоҳида этибор қаратишларини билдирди.

Кичик бир таклифимни Олий Мажлис депутатлари томонидан муҳокама этилгани, менга янада куч ва илҳом берди. Қолаверса, Олий Мажлис депутатлари оддий фуқароларнинг таклифларини ўз мажлисларида муҳокама қилишлари, республикамизда ҳақиқатан ҳам янги бир давр бошланганидан дарак бераётганини англатарди мен учун.  

Демак, ватанимизда миллий туризмни ривожлантириш учун яна нималар қилиниши керак?  

Ўзбекистонда, аввало, сайёҳлар учун сервис турлари сонини ва сифатини мутлақо янги даражага кўтариш зарур. Яқинда бир танишим, дунёнинг етти мўъжизаларидан бири бўлган Тож Маҳални кўриб келаман деб Ҳиндистонга кетди. Орадан бир ҳафта ўтиб қайтиб келган танишимдан сафар таассуротларини сўрадим.

«Тож Маҳал жуда гўзал, кўриб ҳайратда қоласан киши, аммо сафар чоғида мени қийнаган ва ўйлантирган жиҳатлар кўп бўлди. Масалан, одамлари жуда қашшоқ, меҳмонхоналар ва овқатланиш тизими жаҳон талаблари даражасида эмас. Бошқа шаҳарларига борганимизда йўллар ёмонлигидан қийналдик», деди у.

Ҳикояси сўнгида дўстим менинг миямга қаттиқ урилган бир гапни айтди: «Ҳиндистонга қайтиб ҳеч қачон бормаган бўлар эдим ва сенга ҳам боришни маслаҳат бермайман!». Танишимнинг шу гапидан сўнг ўйланиб қолдим. Хўш, бизнинг юртимизга келаётган сайёҳлар қандай таассуротлар билан қайтишмоқда? Улар ўз юртларига бориб «Ўзбекистон қандай давлат экан?», деганларга нима деб жавоб беришяпти?

Рақобат бор жойда ўсиш бор

Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришнинг вақти аллақачон келган. Ватанимиз жозибадор туристик салоҳиятга эга. Агар соҳада жиддий ислоҳотлар қилинса, юртимизга бир келган меҳмон, «Шу мамлакатга яна бир марта келсам!», деб ният қилиб кетадиган бўлади.

Туризмни ривожлантирар эканмиз, соҳага хизмат кўрсатувчи ишлаб чиқарувчилар ҳамда сервис кўрсатиш тизими ривожланади, демак янги иш ўринлари очилади. Туристлар сони кўпайиши билан уларга хизмат кўрсатувчилар ўртасида рақобат бошланади. Ҳар қандай бизнес учун рақобат фақат ўсиш учун хизмат қилишини айтмасак ҳам бўлади. Рақобат - ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширади, истеъмолчилар учун кенгроқ танлов ташкил қилади, нархларни пасайтиради ва албатта сифатни яхшилайди.

 Икки тилдаги йўл ва кўча белгилари (bilingual signs)

(Бу сурат мисол тариқасида ишлатилди)

Ўзбекистонда кўча номлари ҳамда боришингиз керак бўлган манзилни кўрсатувчи йўл белгиларига ҳам алоҳида эътибор бериш керак. Аксарият йўналишларда белгилардаги ёзувлар ўзбек ва рус тилларида холос. Туризм соҳасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бериб, мамлакатимизга чет эллардан меҳмонлар оқими кучайгач, кўча белгиларини ҳеч бўлмаса инглиз тилида бўлишлиги талаб этилади. Бу нарса нафақат сайёҳларни балки инвесторларни ҳам диққатини тортади.

Авто машиналар ижара хизмати (Car Rental)

(АҚШдаги халқаро аэропортдан биридаги Car Rental жойлашувлар)

Масалан, юртимизга бир дунё харажатлар билан кириб келган ҳар қандай хорижлик меҳмон, бу ерда ҳам ўз юртидаги каби қулай ва комфортли автомобилда юргиси келади. Хориж фильмларида кўрганмиз: фильм қаҳрамонлари бошқа шаҳарга борганларида истаган турдаги ва модификациядаги автомобилни осонгина ижарага олиб кетаверади. Пойтахтимизда ёки Самарқанд, Хива, Бухорo, Шаҳрисабз, Қўқон каби туристлар кўплаб келадиган шаҳарларда эса сифатли автомобилларни ижарага берувчи тизим деярли йўқ. Тегишли ташкилотлар ва вазирликлар орқали, чет элда ишлаб чиқарилган юқори классдаги автомобилларни Ўзбекистонга имтиёзли олиб келиш масаласини ҳал қилиш вақти келиб бўлган. Маълум бўлишича, Олий Мажлис депутатлари яқинда автомобиллар ижараси бўйича қонун қабул қилишган. Ушбу қонунда, депутатларнинг айтишларича, мамлакатга олиб кириладиган сайёҳлар учун кичик ва катта автобуслар ижараси учун ҳам имтиёзлар белгилаб қўйилган.

Бу айни вақтида қабул қилинган қонун. Умид қиламизки, энди бу қонун тўсиқларсиз ишлаб кетади ва юртимиз меҳмонлари бу қулайликдан фақат мамнун бўлишади.

Яна бир гап: сайёҳлар учун ижарага бериладиган юқори классли енгил автомобилларни, шунингдек, сайёҳлар учун мўлжалланган кичик ва катта автобусларни мамлакатимизга эмин-эркин, ва ўта минимал тўловлар билан олиб киришни йўлга қўйиш ҳам зарур. Чунки осмон қадар чегара тўловлари билан бизнес учун келтирилган автомобилларнинг сервиси ҳам қиммат бўлади.  Чегарадан олиб ўтишда устига бир дунё бож тўловлари ва бошқа харажатлар юкланган автомобиль, кейин албатта ўта қиммат нархларда ижарага берилади. Қолаверса, хориждан келтирилган юқори классли автомобиллар фақатгина туристлар учун эмас, ўз халқимиз учун ҳам хизматда бўлади.

Албатта, чет эл автомобилларини сайёҳлар учун ижарага бераман деган мақсадда олиб кириб, сўнгра бу автомобиллардан бошқа мақсадда фойдаланувчилар ҳам пайдо бўлиши табиий. Бунинг олдини олиш мақсадида, ижарага бериладиган автомобилларга, мамлакат ҳудудига кирганидан сўнг, уларга махсус рақамлар берилишини йўлга қўйиш лозим. Масалан, рақам ўрнига ижара компанияси номи ёзилган сариқ ёки мовий рангдаги металл карта жорий қилинса, ижара бизнесидаги кўзбўямачиликка барҳам бериларди.

Туризмга оид қонунларга Олий Мажлис таҳрири керак

Баъзан ўйлаб қоламан: Туризм соҳасини тубдан янгилаш ҳақида ҳурматли президентимиз гапиряпти. Атрофдагилар ҳам ҳаракат қилишяпти, лекин туризмга оид қонунлар ҳалигача Олий Мажлисга янги таҳрирда киритилдими?  Тадбиркорнинг, айниқса, туризмга алоқадор тадбиркорнинг солиқларидан тортиб миллий туризмнинг қонун-қоидаларини 21-асрга мос равишда бирма бир элакдан ўтказиб, такомиллаштириш вақти келган. Соҳани замон талабига мос бўлган қонуний асосларисиз ривожлантириш узоқ йилларга чўзилади. Демак миллий туризмга оид қонуннинг ҳар бир бандини қайта кўздан кечириб чиқиш вақти аллақачон бўлди.

Умуман олганда, туризмга оид бизнесга солинадиган солиқларга имтиёзлар киритилиши лозим. Имтиёз бўлганда ҳам сезиларли ва самарадорли имтиёзлар бўлиши зарур.  Чунки тадбиркорнинг иши юришса,  халқнинг иши юришади.

«Tourism Free Call Center» - Сайёҳларга бепул маслаҳат алоқа маркази   

Бугунги давр бу - технологик жараёнлар даври. Технология кундалик ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб улгурди. Ҳаётимизни уяли алоқа тизими, ақлли телевизорлар, компьютерлар орқали бошқаряпмиз. Туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларимизни айнан технологик жараёнлар билан боғлиқликда қилсак, ишимизнинг самараси ошади, хорижлик меҳмонларни ҳам бундай қулайликлар ёқимли ҳаяжонга солади.

Мисол учун, Тошкент Халқаро аэропортининг ўзидаёқ, хорижлик меҳмоннинг телефонига, узлуксиз интернет оқими мавжуд бўлган сим карта ўрнатиш сервисини ишга тушириш лозим. Ҳозир оддий халқимиз турмуш тарзидан катта жой олган интернет алоқаси, бутун бошли бошқа мамлакатдан келган сайёҳ учун муҳим эҳтиёж ҳисобланади. Натижада мамлакатимиз бўйлаб сафарга чиққан меҳмон куннинг исталган вақтида ўзи истаган хизмат кўрсатиш шохобчаси, меҳмонхона, полиция ёки тиббий хизмат кўрсатиш бўлими билан боғлана олади ва албатта, маркетингга ҳам бу хизмат ўз ҳиссасини қўшади.

Ўзга мамлакатдан келган сайёҳларга қулайлик яратиш ва улар дуч келган масалаларни ҳал қилиш мақсадида улар учун ҳафтанинг 7 кунида 24 соат инглиз, рус, хитой, араб, ҳинд каби бир қанча хорижий тилларда бепул хизмат кўрсатадиган «Tourism Free Call Center» телефон хизматини ишга тушириш энг замонавий усул ҳисобланади. Бу Ўзбекистон ҳукумати сайёҳларга бефарқ эмаслигини кўрсатади.

«Tourism Free Call Center» марказининг вазифаси саёҳатчиларга телефон орқали тезкор ва аниқ маълумотларни тақдим этиш. Бу тизимда чет тилларини ўрганаётган талабаларимиз ишлашлари мумкин ва улар учун бу иш катта малака мактаби ҳам бўлади. Ахир тил ўрганишда ва олинган сабоқни мустаҳкамлашда, ўша тилда гапирувчи халқ билан кунлик мулоқот қилиш талаба учун амалий сабоқ эмасми?  

Таъкидлаш жоизки, «Tourism Free Call Center» давлат томонидан молияланади ва у мутлақо бепул хизмат бўлади. Ўзи истаган маҳалда биргина қўнғироқ билан ўз мамлакатининг консулига уланиш, об-ҳаво маълумотидан хабар топиш, меҳмонхоналар ва сайёҳлар учун зиёрат масканлари ҳақида ахборот олиш ёки ўзи тушиб қолган фавқулодда вазият ҳақида керакли идораларга хабар бериш ҳар қандай сайёҳ учун жуда ҳам аҳамиятли. Шуни алоҳида айтган бўлардимки, жаҳондаги бирорта мамлакатда туристлар давлат қарамоғида эмас ва уларнинг хизмати пуллик.

Бу хизмат махсус илова орқали смартфонларга юклаб олинади. Юртимизга етиб келган ҳар бир туристга бу хизматнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берилади, телефонларига махсус иловани юклаб олиш орқали бу хизматдан фойдаланишлари мумкинлиги тушунтирилади. Бу хизмат тури орқали рекламаларни ҳам йўлга қўйиш мумкин. «Tourism Free Call Center»га боғланган туристлар ўз она тилларида керакли маслаҳатлар олишади. Асосийси, улар Ўзбекистон ўз меҳмонларига юқори сифатли хизмат кўрсатадиган мамлакат эканини ҳис қилишади.

Хулоса қилиб айтилганда, мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев, ҳар бир раҳбардан Ватан учун тиниб-тинчимасликни талаб қилиб, ўзи бу борада барчага намуна бўлаётган бир пайтда, мутасадди ташкилотлар ўзбеклар ва Ўзбекистонни дунёга танитишдек эзгу вазифа йўлида жон куйдиришлари зарурдир.

Youtube’нинг таниқли блогерларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, туризм соҳасида ички бозор рақобатни ошириш, хориж машиналарини Ўзбекистонга киритиш, автомашина ижара хизматини йўлга қўйиш, икки тилли йўл белгилар  ва албатта сайёҳлар учун бепул маслаҳат алоқа марказини ишга тушириш, мамлакатимизнинг  туризм соҳасини анчагина яхшилашига имкон беради.

Албатта, бу борада қонунчиликка ҳам ўзгартишлар киритиляпти, Олий Мажлисда миллий туризмнинг ривожига таъсир этувчи қонунлар қабул қилиняпти. Лекин туризмга оид қонунлар мажмуаси тўлиқ кўриб чиқилиб, уни янги таҳрирда қабул қилинса, ушбу соҳадаги ислоҳотлар янада самарали бўларди.

Ақл ва ишбилармонлик билан йўлга қўйилган туризм бизнесининг мамлакатимиз иқтисодига ҳам катта фойда келтиришини айтмаса ҳам бўлади. Асосийси, бу соҳанинг ривожидан халқимиз ҳам даромадга эга бўлади, янги иш ўринлари яратилади. Бизнеслар ўртасидаги рақобат эса сервиснинг сифати ва асосийси халқимиз турмуш маданияти даражасини кўтаришга хизмат қилади.

Ўзим ҳақимда бир оғиз...

Мақолани ўқиган одамда, муаллиф ҳақида «Бу йигит ким ўзи?» деган савол туғилади. Мен 8 йилдан буён АҚШда яшайман, шу ерда таълим олиб, ишлаб келмоқдаман.  

Шавкат Мирзиёев президент бўлиб сайланганидан кейин, жуда кўпчиликда, шу жумладан, менда ҳам мамлакатимизнинг ривожида янги давр бошлангани ҳақида умид пайдо бўлди.

Мендаги бу умид, президентнинг шу йилнинг май ойида Вашингтонга қилган ташрифидан сўнг ишончга айланди. Нима учун дейсизми?

Президентнинг АҚШ сафари бошланмасидан олдин менга Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасидан қўнғироқ бўлди. Мен билан гаплашган элчихона ходими, Ўзбекистон президентнинг ташрифига тайёргарлик кўриш учун АҚШга етиб келган президент командаси ва матбуот ходимларига ёрдам беришимни илтимос қилди.

Шу тариқа мен Ўзбекистондан келган вакиллар билан  елкама елка ишлашга муваффақ бўлдим. Уларга вақти келганда таржимонлик қилдим, керакли манзилларни осон топишларига ёрдам бердим, қисқаси улар билан кечасию кундузи бирга бўлдим. Мана шу ерда бир нарса менинг эътиборимни тортди: Шавкат Мирзиёев ташрифига ҳозирлик кўраётган команда билимли, эпчил, ақлли ва энг муҳими ёш кадрлардан иборат эди. Улар билан учрашувим ва ўзаро алоқаларим менга Ўзбекистон янгича бошқарув ва креатив сиёсат йўлини танлаганини кўрсатди.

Президент Шавкат Мирзиёев Вашингтон сафарида, АҚШда яшаётган қатор ўзбеклар билан учрашиб, улар қаторида менинг қўлларимни маҳкам сиқиб кўришди. Мана шунда мен тушундимки, Ўзбекистон бундай самимий президент билан ҳар қандай довонларни ишғол қила олади. Бунинг учун, биз ёшлар, Шавкат Миромонович билан ёнма ён туришимиз, ўзимизда фикр ва таклифлар билан у бошлаган ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳаракат қилишимиз керак бўлади.

Нур Парпиев

Мавзуга оид