Light | 02:44 / 22.08.2018
188116
12 дақиқада ўқилади

Америка қамоқхонасини қандай тасаввур қиласиз? (фотосаёҳат)

Чикаголик Томас — 54 ёшни қарши олган зобит. У Американинг Иллинойс штати маркази — Чикаго шаҳри Кук округи таркибига кирувчи қамоқхонада 15 йилдан бери ишлайди.  У озодликни юқори баҳолайди ва доимо қонун бузган фуқаро жазо олиш керак, деб ҳисоблайди. Америкалик қандай бўлиш керак деган саволимизга эса табассум билан “Америкалик америкалик бўлиш керак”, дея жавоб берди.

Сержант Томас

АҚШга сафаримиз чоғида биз журналистлар jail қамоқхонасига саёҳат уюштирдик. Мақсадимиз қамоқхона ҳаёти билан танишиш ва маҳбуслар ҳақ-ҳуқуқлари қай даражада таъминланиши, уларни соғлом ҳаётга қайтариш, тарбиялаш чоралари билан танишиш бўлди. Томас билан айни шу ерда учрашдик ва кичик суҳбат қилдик. Шу билан бирга, қамоқхона ҳаёти билан батафсил танишдик. Ўйлаймизки, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бирининг тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам керак бўлади.

АҚШнинг пенитенциар тизимига кирувчи жазо ўташ муассасалари икки турга бўлинади: jail ва prison. Jail — вақтинча сақлаш изолятори бўлиб, унда айбланувчилар суд жараёни тугагунига қадар тутиб турилади. Одатда бу муддат олти ойдан бир йилгача давом этади. Суд ҳукми ўқилгач, айбдор деб топилган киши prison’га олиб кетилади ва жазонинг қолган қисмини ўша ерда ўтайди. Биз ташриф буюрган муассаса қамоқхоналарининг jail турига мансуб эди.

Қамоқхона биноси

Иллинойс штатининг маркази — Чикаго шаҳри Кук округи таркибига киради. Ушбу округ вақтинчалик тутиб туриш қамоғи — Округ шерифи офисига қаровчи Cook County Jail мамлакатда бу турдаги энг йирик муассасалардан бири ҳисобланади. Бу ерда 6500 дан ортиқ маҳбус тутиб турилади. Шунингдек, 2100 киши уй қамоғида сақланиб, бевосита Cook County Jail томонидан назорат қилинади. Маҳбусларнинг каттагина қисми (аёлларнинг 60 фоизи, эркакларнинг 30 фоизи) ақлий ожиз бўлиб, улар кўчада сарсон юргани ёки майда безориликка қўл ургани боис олиб келинади ва даволанади.

Қамоқхона маъмурий биноси
Қамоқхона матбуот котиби София Ансорий ва
Шерифлик адлия институти директори Хэнки Гратто хоним

Маҳбусларнинг 93 фоизи терговгача тутиб турилади. Қолган 7 фоизи — бир йилдан камроқ муҳлатга қамоқ жазосига ҳукм қилинганларни ташкил этади.

Умуман олганда, маҳбусларнинг Cook County Jail’да ўртача ушлаб турилиш муддати — 63 кун. Лекин АҚШ қонунчилигининг ўзига хос жиҳатлари бу масалада ҳам кутилмаган ҳолатларни келтириб чиқарган: қотиллик жиноятига қўл урган беш нафар маҳбус суд иши ҳанузгача якунланмагани боис 11 йилдан буён ушбу муассасада сақланади.

Темир панжаралар орасидан автотураргоҳга кириб борар эканмиз, бизни кутиб турган қамоқхона матбуот котиби София Ансорийга кўзимиз тушди. Ёш бўлишига қарамай, жазо муассасасида масъулиятли лавозимда фаолият юритаётган қиз бизни илиқлик билан қарши олиб, офислар жойлашган бинога олиб кирди.

Бинонинг юқори қаватларидан бирида бизга қамоқхона схемаси намойиш этилди. Тушунтиришларича, муассаса ҳудуди кўплаб бўлимларга (division) ажратилган бўлиб, ҳар бирида махсус функциялар бажарилади ёки муайян тоифадаги маҳбуслар сақланади. Маъмурий бинодан ташқари, ошхонада, тиббий кўрик бўлимида офицерлик кийимида бўлмаган фуқаровий ходимлар фаолият юритади. Маҳбуслар тутиб туриладиган биноларда офицерлар хизмат қилади.

Қамоқхона маъумурияти офиси
Қамоқхона макети

Қамоқхона бўйлаб саёҳатимиз бошланишидан олдин қизиқ бир воқеа рўй берди. Шериф офисида фаолият юритувчи Шерифлик адлия институти директори Хэнки Гратто хоним ҳамкасбим Элдор Асановнинг қўлидаги ёзув дафтарчасини кўриб, унда металл элемент борлигини, бу билан қамоқхонага кириш мумкин эмаслигини айтди. Дафтарчамизни вақтинчалик топширишга тўғри келди — унинг ўрнига металл пружина ўрнатилмаган ёзув дафтари тақдим этилди. Дафтардан ташқари, қамоқхона ҳудудига фақат битта камера олиб киришимизга рухсат берилди, бошқа камералар ва телефонлар машинада қолдирилди.

Журналист Эльдар Асанов
Шерифлик адлия институти директори Хэнки Гратто хоним

Офис биносидан махсус машинада қамоқхона ҳудудига боришда муассаса биқинида жойлашган округ жиноят суди биноси олдидан ўтдик. Бино олдида тумонат одам тўпланиб, қўлларида плакатлар кўтариб намойиш ўтказишаётган эди. Плакатлардаги ёзувлардан тушунишимизча, Рейналдо Гевара исмли судья томонидан ўқилган ҳукмлар адолатсиз бўлгани боис у туфайли қамалганларнинг яқинлари норозилик акцияси ўтказаётган экан.

Округ жиноят суди биноси олдидаги намойиш
Округ жиноят суди биноси олдидаги намойиш

Ниҳоят, бир неча босқичли хавфсизлик текширувидан сўнг маҳбуслар сақланадиган хонага кирдик. Битта шундай хонада 23 та камера (cell) бор. Cell’ларнинг ҳар бирида икки нафардан маҳбус сақланади. Маҳбуслар камералардан чиқиб, умумий залда овқатланиши, вақт ўтказиши, телевизор кўриши ва телефон орқали ташқари билан гаплашиши мумкин.

Қамоқхона назорат пункти
Қамоқхона йўлагидаги мукофотлар девори
Маҳбуслар сақланадиган cell га олиб борувч йўлак

Маҳбуслар, шунингдек, ташқарига ҳам турли ишларни бажаришга олиб чиқилади. Ошхона юмушлари, кир-чир ювиш, тозалаш, шунингдек, деҳқончилик ишлари энг асосий машғулотлар ҳисобланади. Гратто хонимнинг таъкидлашича, маҳбуслар, айниқса, деҳқончилик ишларини хуш кўради, негаки бу уларга куни билан очиқ осмон остида бўлиш, қуёшни кўриш имконини беради.

Маҳбуслар сақланадидан хона (cell)
Маҳбуслар сақланадиган камералар
Умумий ҳожатхона
Умумий ювиниш хонаси
Умумий овқатланиш столи
2 кишилик камера
Камералар  назоратчиси хонаси
Маҳбусларнинг телевизор кўриш жойи

Дарвоқе, қамоқхона томорқасида етиштирилган сабзавотлар Чикагонинг машҳур тамаддихоналарига, жумладан, Saprophina, Belly Sunday ресторанларига етказиб берилади.

Маҳбус қамоқхона томорқасида меҳнат қилмоқда

Келиб тушган пулнинг асосий қисми қамоқхона эҳтиёжларига сарфланади, кичик қисми меҳнат ҳақи сифатида маҳбусларнинг пластик карталарига ўтказиб берилади — улар бу пулдан махсус дўкон — Comissary’да кундалик харидларни амалга оширишда, қўшимча овқат, ички кийим, пайпоқ ва маиший буюмлар сотиб олишда фойдаланиши мумкин.

Қамоқхона cell фаесидаги суҳбат

Шерифлик адлия институти маҳбуслар бевосита ишлаб, уларнинг жамиятдан узилиб қолмаслигини таъминлаш учун турли дастурларни амалга оширади. Айниқса, 18–24 ёш орасидаги маҳбусларга алоҳида эътибор қаратилади: улар ҳар куни 8 соат очиқ осмон остида вақт ўтказиши, кўпроқ фойдали меҳнат қилиши, кутубхонага бориши таъминланади. Бундан ташқари, гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолганларга, аёлларга, эътиқодли инсонларга мўлжалланган алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Маҳбусларнинг 7 фоизини (400 кишини) аёллар ташкил қилади. Уларни қамоқхонада зўравонликдан асраш, жиноят оламига кириб кетишдан сақлаш ва фойдали меҳнатга ўргатиш аёллар дастурининг асосий вазифаларидир. Бинонинг бешинчи қавати аёлларга ажратилган. 400 аёлнинг 12 нафари ҳомиладор; уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиб борилади, саломатлиги доимий назорат қилинади. Қамоқхонада туғилган болалар васийларига топширилади. Васийлар бўлмаган тақдирда онаси қамоқдан чиққунига қадар давлат муассасасида парвариш қилинади.

Қамоқхона cell фаесидаги суҳбат
Қамоқхона cell фаесидаги суҳбат

Эътиқодли инсонлар билан қамоқхонанинг диний хизматлар бўлими ишлайди. Улар ўз вақтида намоз ўқиши, бошқа турдаги ибодатларни қилиши, шунингдек, ўз динининг руҳонийлари билан учрашиб туриши таъминланади.

Махбуслар учун махсус элонлар девори

Cell’лар билан танишувдан сўнг бизни узундан-узоқ йўлкалар орқали маҳбуслар тақсимланадиган бўлимга олиб боришди. Бу ерда полиция формасидаги инсонлар тинимсиз у ердан бу ерга ўтиб юришар, қандайдир қоғозларни тўлдиришар эди.

Қамоқхонади махсус камера
Қамоқхона ходимларининг иш жойи

Безорилик, майда ўғрилик ва бошқа сабаблар билан тутиб келинганлар, асосан, ёшлар очиқ камераларда уймалашиб ўтириб, тақдири ҳал бўлишини кутар эди. Қўлимиздаги камераларни кўриши биланоқ баъзилар юзларини кийими билан тўсиб олди, айримлар эса баланд овозда суратга олишни тўхтатишимизни талаб қилди.

Jail га тушган фуқаролар
Jail га тушган фуқаролар

Катта очиқ камералардан ташқари, хавфли жиноятчиларга мўлжалланган кичик ёпиқ камералар ҳам бор экан. Шулардан бирига кириб суратга тушаётганимизда бир офицер аёл “Энди бизлар билан қоласизлар!”, деганча ҳазиллашиб, бизни қулфлаб қўймоқчи бўлди. Бу воқеа кайфиятимизни кўтариб, муассасадаги тундлик кайфиятини бироз тарқатгандек бўлди.

Кичик ёпиқ камерада эсдалик учун сурат

Бу бўлимда тутқунлар бир сутка давомида сақланади. Шу 24 соат ичида улар ё чиқиб кетади (жинояти жиддий эмаслиги боис ёки гаров пули эвазига қўйиб юборилади) ёки юқорига — cell’ларга ўтказилади ва суд ҳукмини кутади.

Қамоқхона ходимларининг иш жойи

Ҳар куни ўртача 60 киши тутиб келинади. Якшанба кунлари бу кўрсаткич 220 кишига етиши мумкин. Маҳбуслар суд мажлисига ҳам айнан шу бўлимдан олиб кетилади. Шу ернинг ўзида тутқунлар адвокатлари билан учрашиши учун махсус хона бор.

Тутқинлар адвокатлари ва яқинлари билан суҳбатлашмоқда

Биз ташриф буюрган диққатга сазовор яна бир жойлардан бири тиббий бўлим бўлди.

Сержантлар Tomas ва Lyuis

Бу ерда профессионал шифокорлар ишлайди. Улар ҳар куни муайян соатларда маҳбусларни кўрикдан ўтказиб, саломатлигини текширади, маҳбуслар кийимини алмаштиради.

Назорат пункти
Назорат пункти. Металодетектор
Тиббий кўрикдан ўтказиш хонаси
Тиббий кўрикдан ўтказиш хонаси
Тиббий кўрикдан ўтказиш хонаси
Тиббий кўрикдан ўтказиш хонасидаги жиҳозлар
Тиббий кўрикдан ўтказиш хонасидаги жиҳозлар
Тиббий кўрикдан ўтказиш хонаси
Тутқин зобит назоратида олиб кетилмоқда

Узоқ расмиятчиликдан сўнг улар қўлга урган жиноятнинг оғир-енгиллигига қараб таснифланиб, minimum security, medium security ёки maximum security тоифаларидан бирига киритилади ва тегишли бўлимга олиб кетилади. Расмий жараёнлар анча мураккаб бўлиб, айтайлик, кичик ўғриликка бир неча бор қўл урган шахс ҳам maximum security тоифасига киритилиши мумкин. маҳбусларнинг пулидан бошқа ҳамма нарсаси олиб қўйилади. Пул эса пластик картага ўтказилиб, маҳбусга Comissary орқали харидлар амалга оширилиши учун тақдим этилади.  Бир беморга ўртача 5–6 соат вақт сарфланади.

Руҳий касал бўлган тутқинлар сақланадиган камералар 
Қамоқхона ҳудудида 2200 тa кузатув камераси мавжуд

Дарвоқе, Томас билан суҳбатимиз алоҳида ва жуда самимий бўлди. Унинг айтишича, ҳарбий хизматдан қайтганидан сўнг бу касбни танлаган. Доимий спорт билан шуғуллангани учун унга доим ёш кўринишини айтишар экан.

Қамоқхонанинг фуқаролар учун кириш эшиги
Менимча, бу Томас айтган ҳақиқий америкалик йигит бўлса керак

Қамоқхонага саёҳатимиз қизиқ воқеа билан якунланди. Сержант Томас билан эсдаликка суратга тушаётганимизда эндигина қамоқхонага олиб кириб кетилаётган бир йигит америкача табассум билан унутилмас кадрга тушди. Менимча, бу Томас айтган ҳақиқий америкалик йигит бўлса керак. 

Қамоқхонага саёҳатидан қайтиш
Эсдалик учун сурат

Мавзуга оид