Жамият | 14:48 / 22.08.2018
47660
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура ИИББ ходимларининг пойтахтдаги кафелардан биридаги қўпол хатти-ҳаракатларини текширмоқда

Фото: Видеодан кадр

Тошкентда кафе ишини текшириш чоғида ўз ваколатини ошириб юборган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан хизмат текшируви бошланди.

«Яқинда хизмат олиб бориш пайтида Тошкентдаги кафелардан бирида ходимларимизнинг қўпол ҳаракатларига оид ҳолатларни аниқладик. Бу ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланди, ҳар бир ходимнинг ҳаракати объектив баҳоланади ва тегишли чоралар кўрилади», - дея айтиб ўтди ички ишлар вазирининг ўринбосари, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев. 

«Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси олдиндан терговга қадар текширув олиб борилмоқда, унинг натижаларига кўра воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», - дейди Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов. 

Бироқ, юқорида зикр этилган мансабдор шахслар воқеа айнан қаерда содир бўлганига аниқлик киритмаган.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда видеолавҳа тарқалгани, унда ички ишлар органлари ходимлари текширув ўтказаётгани тасвирлангани хабар қилинганди.

Видеодан кўриш мумкинки, ниқобли ходимлардан бири фуқаролардан бирининг бўйни ёки сочидан ушлаб, уни тиззага чўктирган. Бошқа бир ниқобдаги тезкор ходим ёнғин хавфсизлигининг барча қоидаларини бузган ҳолда калянни оёғини билан тепиб ташлаган. Шу билан бирга, бир кишини ерга тушириб, оёқ билан тепишган. Видеодан кўриш мумкинки, унга нисбатан таёқ (дубинка) ҳам қўлланган.

Бу айнан қаерда юз бергани номаълум, бироқ видеода воқеалар умумий овқатланиш жойларида кузатилганини кўриш мумкин.

Мавзуга оид