Жамият | 18:20 / 23.08.2018
19965
5 дақиқада ўқилади

Чирчиқда 8 йилдан бери сувга ботган кўп қаватли уйлар

Ҳар бир жабҳада инсон манфаатлари, унинг ҳаёт тарзи ва фаровонлиги устувор омил эканлиги бонг урилмоқда. Амалда бунинг исботи қай даражада?

Навбатдаги мурожаат сабаб Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида бўлиб қайтдик. Чирчиқ шаҳри, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи кишилар коммунал хизмат билан боғлиқ муаммолар юзасидан Kun.uz сайтига мурожаат қилишга мажбур бўлишган.

Қизиқ томони ушбу инсонлар билан учрашиб, муаммо мавжуд ҳудудга кўз ташлаганимизда катта муаммо йўқдек туюлди. Аммо, бу уйларнинг етакчилари (домком) кўрсатган ҳолатларни кўриб ёқамизни ушладик. Қуйида улар томонидан келтирилган ҳақли эътирозларни санаб ўтамиз.

Биринчи масала. Бу ердаги санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмас эди. Қаёққа қараманг чиқинди, атроф ташландиқ. Ўз-ўзидан табиий савол туғилади: бу ернинг ҳам ўз эгаси борми ўзи?  

Анқиётган ҳидни эса бирор технология билан ўлчаб бўлса эди, энг юқори кўрсаткич қайд этилган бўлар эди. Аҳоли билан суҳбат лозимлиги сабаб базўр тоқат қилдик. Хаёлимизда бу ерни тезроқ тарк этиш эди.

Энг ёмон томони, бу ташландиқ ҳудудларда нафақат ёши катталар, балки ёш болалар ҳам ўйнаб, югуриб елиб юргани эди. Ҳаётни борича кўрадиган бу мурғак гўдаклар наздида борлиқ аслида шундайдек гўё. Ахир улар бу ерда астма, туберкулёз, диарея, турли тери-таносил касалликларини юқтириш мумкинлигини қаёқдан билсин.

Бу манзара шу ҳудудда жойлашган болалар боғчаси олдида экани айниқса ачинарли ҳолат. Масалага ойдинлик киритиш учун ушбу боғчага кирдик. Лекин боғча мутасаддиларидан ҳолат ҳақида сўраганимизда, «Бизда ҳаммаси яхши, камчиликлар йўқ» дея суҳбатдан қочишди. Тўғрида, уларнинг оиласи бор, рўзғори бор. Ишдан ҳайдалишни ким ҳам хоҳларди?! 

Кейинги масала, ушбу тураржойларнинг ертўлаларида тўпланган сувлар эди. Бу жойда яшовчиларнинг сўзларига кўра, бу сувлар йиллар давомида тўпланиб келган ва бу масала ҳалигача ўз ечимини топмаган. Уйларнинг юқори қисмидаги ёриқлар ҳам хавф яқин эканини кўрсатиб турибди. 

Тўпланган сувни ўлчаб кўриш учун бир мухбиримиз тушиб ҳам кўрмоқчи бўлди. Лекин, сув сатҳи биз ўйлагандек саёз эмас экан. 

Шундан сўнг, бу ҳолатга ечим топиш учун Чирчиқ шаҳар ҳокимиятига йўл олдик. Бу ерда бизни «Бино-Чирчиқ» ассоциацияси раҳбари Абдусалимов Абдуғани ака кутиб олди. 

«Бу ҳудудда сув олдиндан бор. Нима бўпти? Сувни йўқотиш учун бизга насос керак. Насос учун маблағ керак», дея таъкидлади ассоциация раҳбари.

Маблағларни шакллантириш механизми ишлаб чиқилганмаганми дея берган саволимизга қуйидагича жавоб олдик: «Маблағлар учун, умуман Чирчиқ шаҳрининг ободлиги учун дастур ишлаб чиқилган. Бу ҳудуд дастурда алоҳида келтирилган. Маблағни бизга кредит асосида банклар бериши керак эди. Банклардан эса дарак йўқ. Кредит учун кафил керак».

Бу ҳолатда табиий савол туғилади: Кредит тўлиқ бу уйларни реконструкция ва таъмирлаш учун экан. Муддат эса 2021 йилгача деб белгиланган. Аммо, бу уй қулаш арафасида бўлса, бундай ишлар тезроқ ҳал этилмайдими?

Шундан сўнг, Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Ашуров келиб қолди. Ҳоким муовинининг айтишича, у бу мансабга келганига кўп бўлмаган. У бу масалани ҳал этишга буйруқ берди.

Яқин кунларда бу масала вақтинча ҳал бўлар, аммо бу сувлар, чиқиндилар маълум вақт ўтгандан сўнг, яна юзага чиқаверадику? Муаммонинг туб илдизига етиб бориб ҳал этилиши масаласи очиқлигича қолмоқда. 

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 апрель 2017 йилда айнан 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қарори қабул қилинган. Ушбу қарор шарҳи 6-сўзбошида келтиришича, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасида комплекс ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизми шаклланмаганини қайд этиш зарур.

Ушбу тураржой ва бошқа кўп қаватли уй-жойларда кузатилаётган муаммо тез орада ҳал этилишига умид қилиб қоламиз.

Мавзуга оид