Ўзбекистонда 21:00дан кейин алкоголли маҳсулотлар сотилиши расман тақиқланиши кутиляпти
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланиши мумкин:
савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида соат 21:00 дан 09:00 га қадар алкоголли маҳсулотларни сотишга йўл қўйилмайди;
алкоголли маҳсулотларни қуйиб савдо қилиш фақат умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси асосида амалга оширилади;
кўнгилочар савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш соат 23:00 дан бошлаб тўхтатилади.
Мазкур банднинг иккинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган чекловлар қуйидаги савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига нисбатан татбиқ этилмайди:
республика ҳудудида ўрнатилган тартибда фаолият юритаётган меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари таркибида ташкил этилган;
махсус туризм зоналарида (эркин туризм зоналари, кичик туризм зоналари, туризм зоналари ва туризм кластерлари) фаолият юритувчи;
“Tourist friendly” тизими орқали сертификатланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:
савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтиради;
уч ой муддатда алкоголли маҳсулотлар савдо қилинадиган савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарини техник қўриқлаш воситалари, ёнғиндан дарак берувчи, қўриқлаш сигнализациялари ва видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш ҳамда ўрнатилган тартибда ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пунктларига улаш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари алкоголли маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикасига қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларини кучайтиради.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:
тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда тунги клуб кўринишидаги кўнгилочар савдо объектларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг ёнғинга қарши ва санитария ҳолатларини, шунингдек ушбу объектларда шаклланаётган маънавий-ижтимоий муҳитни ўрганиб чиқади ва натижалари бўйича қонунда белгиланган чораларни кўради;
савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномалари мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта расмийлаштириш чораларини кўради.