Ўзбекистон | 23:25 / 24.08.2018
20888
3 дақиқада ўқилади

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларни сотиш тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (МБ) бошқарувининг қарорига мувофиқ МБнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Ҳужжатга кўра, Марказий банк томонидан юбилей саналари, тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар муомалага чиқарилади. Бу тангалар Республика ҳудудида номинал қиймати бўйича нақд пул шаклидаги қонуний тўлов воситаси, шунингдек номинал қийматидан юқори баҳоланувчи коллекция, инвестиция ва жамғариш объектлари сифатида муомалада бўлиши мумкинлиги қайд этилди. 

Марказий банк тангаларини сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш МБнинг ҳудудий Бош бошқармалари ва тижорат банклари (банк шохобчалари) орқали амалга оширилади. Уларнинг манзили МБ веб-сайтида эълон қилинади. 

Тангаларни сотиш жисмоний шахсларга - нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида, юридик шахсларга - тўловни пул маблағлари ўтказилиши йўли билан амалга оширилади. 

Қимматбаҳо металл баҳоси Лондон қимматбаҳо металлар ассоциациясининг эрталабки фиксинг нархи ва сўмнинг АҚШ долларига нисбатан МБ курсига мувофиқ ҳисоб-китоблар асосида белгиланади ҳамда Марказий банк расмий веб-сайтида эълон қилинади. 

Марказий банк тангаларини қайтариб харид қилиб олиш банк шохобчалари орқали амалга оширилади. Банк шохобчалари томонидан қайтариб харид қилиб олинган тангалар уларнинг асллик даражасини аниқлаш мақсадида Банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асллик даражасини белгилаш палатаси томонидан техник экспертизадан ўтказилади. 

МБ Асллик палатасининг техник экспертиза ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномасини олганидан сўнг, Марказий банк тангасини қайтариб харид қилиб олган банк шохобчаси орқали мазкур танга эгаси билан ҳисоб-китобларни 10 кун давомида амалга оширади. 

Тангалар уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асллик сертификати билан бирга муомалага чиқарилади. Бу сертификат идентификация серия рақамига эга бўлади. 

Сертификат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда Марказий банк тангасининг эгаси банк шохобчасига тўлов асосида янги асллик сертификатини олиш учун мурожаат қилиши мумкин. 

Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади. 

Мавзуга оид