Ўзимизникилар орасидаги бегоналар: Тошкентда одамлар йиллар давомида прописка ололмаяпти
Прописка муаммолари ҳақида кўп гапирилган. Давом этамиз. Тизим бекор қилинмагунча ёки такомиллашгунга қадар ҳеч ким тўхтамайди.
Бир аёл билан суҳбат чоғида у паспортига қарашимизни сўради. Унинг паспортига кўз югуртирдик. Паспортни очдик ва ҳайратга тушдик. Ҳужжатда жуда ҳам кўп муҳрлар бор эди, ва уларнинг ҳаммаси вақтинчалик прописка.
«Мен Тошкентда ўн йилдан ортиқ вақтдан бери яшайман. Саккиз йил олдин квартира сотиб олдим. Олти ойда бир марта пропискани узайтираман. Илгари муҳр босишарди, энди эса қоғозлар беришмоқда. Шундай қилиш мумкинми? Менинг турмуш ўртоғим ва фарзандларим бор. Жуда аламли», - дейди у.
Ҳақиқатдан ҳам у ҳақ. Ўз Ватани пойтахтида яшаш ва ҳар олти ойда рўйхатдан ўтиш. Бундан ташқари, рўйхатга олиш ҳам оддий иш эмас. Навбатлар, қатор ҳужжатлар ва ҳоказо.
Тошкентда бундай одамлар жуда кўп. Одамлар йиллар давомида Тошкентда яшайди, квартира сотиб олган, оила қурган, лекин прописка ололмайди.
Баъзи эркаклар прописка олиш учун ҳатто тошкентлик қизга уйланишга ҳам тайёрлар. Дунёнинг айрим мамлакатларида, айниқса, Европа ва АҚШда мигрантлар виза ёки фуқаролик учун сохта тарзда оила қуриши ҳақида эшитганмиз.
Прописка учун сохта никоҳ? Бу, катта эҳтимол билан, дунёдаги бирон бир жойда мавжуд эмас. Эҳтимол, Ўзбекистон - дунёда одамлар муҳаббат ва ўзаро тушуниш асосида эмас, балки «давлат ичидаги виза»ни олиш учун оила қурадиган ягона давлатдир.
Тошкент пропискаси пойтахтда бизнесни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади. Facebook ижтимоий тармоғида тадбиркорлардан бири шундай дейди:
«Мен 15 кишилик штатга эга ХК директориман, уни 45-50 кишигача кенгайтириш имкони бор. Улар орасида ҳам вилоятлардан келганлар, ҳам «маҳаллийлар» бор. Менинг пропискам ҳам вилоятда. Тошкентда фаолият юритамиз, чунки маҳсулотимизга бўлган талаб айнан шу ҳудудда. Тошкентда прописка билан муаммо доимий бош оғриғи: ўз номингизга ҳеч нарса сотиб ололмайсиз, кредит расмийлаштира олмаймиз, ўз уйингизда худди ижарада яшовчидек яшайсиз, + пойтахтда бўлганингиз учун погондаги мансабдорларга ҳисобот берасиз. Аслида, биз туфайли давлат солиқ шаклида фойда олмоқда, шунча одам иш билан таъминланмоқда. Тадбиркорлар учун қонунга қандайдир тузатиш киритиш мумкин эмасми. Президент ҳеч бўлмаса 2 кишини иш билан таъминлаган одамга ҳамма шароитлар яратиб берилиши ҳақида айтмоқда-ку. Дарвоқе, янги қурилаётган уйлардан бирини сотиб олиш учун прописка бериш, яъни 2500та энг кам иш ҳақи + давлатга 5 фоиз ҳақида яхши биламан», - деб ёзади у.
Яшаш жойи бўйича доимий прописка керак, аммо агар киши Тошкентда ишлашни истаса, нега ҳар олти ойда бир марта рўйхатдан ўтиш керак? Агар у квартира сотиб олган ва Тошкентда яшашга қарор қилган бўлса, унда унга доимий пропискани бериш керак. Майли, бу одам вилоятда пропискадан чиқсин ва Тошкентда яшасин.
Вазирликлар ва давлат муассасаларидаги бу имтиёзлар кимга керак? Ахир ҳамма ҳам давлат секторида ишламайди.
Ўртача ойлик иш ҳақи 1,5 млн сўм бўлган пайтда 2500та энг кам иш ҳақига прописка. Бу ким учун?
Урбанизация ва ички миграция - ҳар қандай ривожланаётган ва ривожланган давлат учун нормал жараён ҳисобланади.
Бу эскирган тизимни бекор қилиш вақти келди.
Улуғбек Акбаров
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024