Спорт | 18:50 / 25.08.2018
20771
4 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Еттинчи кунда ягона медал, Ўзбекистон ҳамон кучли ўнликда

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 25 август кунидан ўрин олган мусобақаларида ўзбекистонлик 13 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда 5 спорт тури бўйича баҳс олиб боришди.

Бугунги баҳсларда Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна битта медал қўшиб қўйилди. Денис Истомин эркаклар ўртасидаги баҳсларда олтин медални қўлга киритди.

Енгил атлетика

Марафон баҳсларида иштирок этган Андрей Петров 2:26:52 натижа билан маррага тўққизинчи бўлиб етиб борди. У биринчи ўринни қўлга киритган япониялик Хирото Иноуэдан 8,30 дақиқа ортда қолди.

Баландликка сакраш бўйича саралаш баҳсларида иштирок этган Дмитрий Мельситов 2,15 м натижа кўрсатди ва финалга йўл олди. Медаллар учун баҳс 27 август куни бўлиб ўтади.

100 метр масофага югуришда 1-босқичда иштирок этган Нигина Шарипова 11,59 дақиқа натижа кўрсатиб, кейинги босқичга йўл олди. Эртага ярим финал ва финал мусобақалари бўлиб ўтади.

Ситора Ҳамидова 10 минг метр масофага югуриш баҳсларида иштирок этиб, 33,8 дақиқа билан саккизинчи ўринни эгаллади.

Гольф

Ўзбекистон гольф жамоаси учинчи босқичда ҳам аввалги босқичларда бўлгани каби 20 жамоа орасида 19-ўринни эгаллади.

Яккалик баҳсларида ҳам Ўзбекистон вакиллари қуйи ўринларни банд этишди: Ли Евгений (73), Тен Роман (75), Канатбек Курбаналиев (77) ва Сергей Чен (83). 

Каратэ

Айбиби Аҳмедова илк жангида эронлик Ҳамидеҳ Аббасалига 0:7 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Жиу-житсу

Ўзбекистон жиу-житсу жамоаси турнирда муваффақиятсизликка учради.

-62 кг вазн тоифасида Жаҳонгир Мираҳмедов нимчорак финалда БАА вакили Сакл Алмарзуига 0:100 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу босқичда шу вазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик спортчи Раҳимжон Субхонов қирғизистонлик Алимгелди Абдижамил Уулуга 0:2 ҳисобида ютқазди.

-94 кг вазн тоифасидаги Илҳом Жўраев эса нимчорак финалда фаластинлик Ҳасан Муҳаммадга қарши курашиши керак эди, аммо рақиб жангга чиқмади ва Жўраев автоматик равишда чорак финалга йўл олди. Илҳом Жўраев чорак финалда кувайтлик Эмад Алсумаидни 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва ярим финалга йўл олди. Аммо у ярим финалда иорданиялик Сами Заидга ютқазди. Шундан сўнг Илҳом Жўраев бронза медали учун жангга чиқди. Қозоғистонлик Ризан Махачевга қарши бўлган баҳсда у 4:4 ҳисобидаги дурангни қайд этганди. Аммо, фаоллик эвазига ғалаба рақибга берилди.

Теннис

Денис Истомин Осиё ўйинлари финалида хитойлик Ву Йибингга қарши кортга чиқиб, тайбрекда ғалаба қозонди - 2:6, 6:2, 7:6.

У Ўзбекистон теннис жамоаси сафида (8 нафар спортчи ичидан) Осиё ўйинларида медал олган ягона спортчи бўлди.

Турнирга биринчи рақамли ракетка сифатида ташриф буюрган Истомин ярим финалга қадар покистонлик Ақил Хонни 6:3, 6:1 ҳисобларида, хитойлик Жанг Жиженгни 6:4, 6:3 ҳисобларида, қозоғистонлик Александр Бубликни 6:1, 3:0 (техник ғалаба), ҳиндистонлик Гуннесваран Прайнешни 6:2, 6:2 ҳисобларида мағлубиятга учратганди.

Истоминнинг медали Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги бешинчи олтин медал бўлди. Айни вақтда Осиё ўйинлари умумий рейтингида Ўзбекистон делегацияси 5 олтин, 10 кумуш ва 7 бронза билан ўнинчи ўринда жойлашган.

Мавзуга оид