Light | 22:30 / 26.08.2018
24539
5 дақиқада ўқилади

KUN.UZ билан Таиландга саёҳат (фотожамланма)

Меҳнат таътилини тропик оролда ўтказиш ва узоқ экзотик мамлакат маданияти билан танишиш кўпчиликнинг орзуси бўлса керак. Айниқса, шаҳарнинг кундалик шовқин-суронидан чарчаганингизда бундай масканларда ҳордиқ чиқариш айни муддао бўлади. Дунёда гўзал масканлар жуда кўп. KUN.UZ мухбири уларнинг бирида бўлиб, сизлар учун Шарқий Таиланднинг энг қизиқарли ва диққатга сазовор жойларидан фоторепортаж тайёрлади.

Саёҳатимизни Ко Куд оролидан бошладик.

Ко Куд Камбожа яқинида, Сиам кўрфази шарқида жойлашган. Ушбу тропик маскан муҳитига тўлиқ мослашиш учун биз Soneva Kiri меҳмонхонасининг энг кенг  виллаларидан бирига жойлашдик. Меҳмонхонанинг асосий ғояси "интеллектуал ҳашамат" тамойилига содиқлик ҳисобланади. Улар ўз вақтларининг аксарият қисмини шаҳар шароитларида ўтказишади, шунинг учун компания ходимлари ўз миссияларини кишиларнинг кундалик ҳаётини чуқур тушуниш ва улар учун янгича, ноёб, лекин максимал қулай ва яқин шароитлар яратишда кўришади. 

Soneva Kiri ҳатто кўп саёҳат қилувчи кишиларга ҳам "Табассумлар мамлакати"га саёҳатдан унутилмас таассуротлар қолдиради. Куд оролининг қалин ўрмонлари, оппоқ пляжлари ва балиқчилар қишлоқлари меҳмонларга йирик мегаполисларда етишмайдиган қулайлик ва ички хотиржамлик муҳитини яратади. 

Саёҳатимизнинг кейинги йўналиши Чанг ороли бўлди. Чанг ороли атрофидаги 53 оролча билан бирга Му Ко Чанг денгиз қўриқхонасини ҳосил қилади ҳамда Таиланднинг Пхукет ва Самуидан кейин катталиги бўйича учинчи ороли ҳисобланади.

Биз шунингдек Банг Бао балиқчилар қишлоғида бўлдик, у Ко Чанг оролининг жануби-ғарбидаги шу номли кўрфазда жойлашган. Ушбу тинч маскан азалдан ноқулай об-ҳаво ва бўронлардан яшириниш учун балиқчиларнинг севимли жойига айланган ва улар бу ерда ўз уйларини қура бошлашган.

Банг Баодан тухминан икки соатлик масофада яна бир жамият - Бан Салак Хок жойлашган. У ерда биз балиқчиларнинг ҳаётини кузатиб, ўрмон гўзаллигидан завқ олдик ва қайиқда унутилмас саёҳат қилдик. 

Шарқий Таиланд оролларини тадқиқ қилишни маҳаллий ресторанда тўйимли тушлик билан якунлаб, "катта ер" - Чантхабури провинцияси томон йўл олдик. У ерга боришдан мақсад - 300 йил илгари асос солинган Чантхабури жамиятини кўриш эди. Жамият аъзолари хитойча-португалча меъморий услубда қурилган уйларда яшашади. Жамият яқинида Chantaboon Riverside ўқув маркази ва Baan Luang Rajamaitri биноси жойлашган. Бу бино 2015 йилда маданий-тарихий меросни сақлаб қолганлик учун ЮНЕСКО мукофоти билан тақдирланди. 

Қадимий шаҳар бўйлаб саёҳат қилар эканмиз, қорнимиз очганини ҳам сезмай қолибмиз. Шу боис кейинги тўхташ жойимиз шаҳар марказидаги энг яхши маҳаллий ресторанлардан бирида жойлашган Maneechan Resort отели бўлди. У ерда бош ошпаз бизга Пад Тай (тайликларнинг севимли таоми) тайёрлашни ўргатди. 

Тай ошхонаси сирларини кашф қилиб, биз Шарқий Таиланддаги энг чиройли йўллардан бири - Chalerm Burapha Chonlathit Road'ни кўриш учун Noen Nang Phaya манзарали майдони томон юрдик.

Навбатдаги манзилимиз мевасеварлар учун ҳақиқий топилмадир, бу - Районг провинцияси. Биз йил бўйи сайёҳлар учун очиқ Suan Supattra Land энг йирик мевали боғга бордик. Дуриан, мангостин, рамбутан, салак – ўзимиз кўриб, мазасини татиб кўришга муваффақ бўлган хилма-хил меваларнинг бир қисми, холос. 

Экзотик мевалар мазасидан баҳраманд бўлиб, Ғарбга - Чонбури провинцияси томон ҳаракатландик. Саргузаштимизнинг сўнгги босқичи Паттайя шаҳри бўлди. У аксарият сайёҳларга беташвиш ўйин-кулги ва шоппинг маркази сифатида яхши таниш. Бироқ биз уни бошқа томондан ҳам кўришга муваффақ бўлдик.

Биз Таиланд ва қўшни мамлакатлар (Ҳиндистон, Хитой, Лаось, Камбожа)даги диний оқимларни бирлаштириш ва тартибга солишга мўлжалланган Ҳақиқат ибодатхонасига йўл олдик. Бу муҳташам ибодатхона темир ва тик дарахтидан қурилган, унинг қурилишида бирорта мих ишлатилмаган. 

Таиланд бизни ана шундай гўзаллик ва хилма-хиллик билан қарши олди. 

Мавзуга оид