Light | 15:52 / 27.08.2018
56300
4 дақиқада ўқилади

Одамлар билан беллашма, улардан ибрат ол (ҳаётий масаллар)

Фото: Unsplash

Ҳаётда ибрат бўлувчи воқеалар жуда кўп содир бўлади. Шу сабабми қадим қадимдан умр фалсафасини содда йўл билан тушунтиришда масаллардан фойдаланилган. Ушбу кичик ижод маҳсулларида келувчи образлар ва уларнинг хатти-ҳаракати мисолида инсонларга эзгулик йўлини кўрсатишга эътибор қилинган. Қуйида ҳам ана шундай масалларни ўқиб, мулоҳаза юритиш мумкин.

Бақанинг ҳаракати

Бир бақа қизиққонлик қилиб, кўл бўйида унутиб қолдирилган кўзанинг ичидаги сутга тушиб кетди. Ваққиллаб дўстларини ёрдамга чақирди. Дўстлари келиб қарашса, кўзанинг ичи чуқур, ундан чиқишнинг сира иложи йўқ. Улар дўстининг уринишлари фойдасиз эканлигини айтиб, уни ношудликда айблаб, тақдирига кўнишдан бошқа чораси йўқлигини айтишди. Лекин бақа ҳаракат қилишдан тўхтамади. Натижада кўзанинг ичидаги сут қатиққа айланиб, бақанинг ундан чиқишига имкон туғилди. Бақа ўз ҳаракатлари билан ўзини-ўзи озод қилди.

Алқисса, мақсад сари қилинган тинимсиз ҳаракат, албатта, ўз натижасини беради.

Терак

Тоғ ён бағридаги сой ёнида бир терак ўсарди. Йил ўтиб ён атрофидаги барча дарахтдан баланд бўлиб кетди. Бўйига ишонган терак ўзини кўз-кўз қилиб, энди тоғдан баланд бўлиб кетмоқчи бўлди. Афсус, мақсадига етолмади. Терак қанча тез ўсган бўлса, шунча тез кесилиб ёғоч бўлди.

Алқисса, буюклар билан беллашиш фойда бермайди. Улардан ибрат олиш керак.

Товуснинг қилмиши…

Товус дунёда гўзалликда менга етадиган қуш йўқ деб ўйларди. Шунинг учун ҳар куни патларини ёйиб, чиройини кўз-кўз қиларди. Ҳамма паррандаю даррандалар унинг ҳуснига ҳавас билан боқарди. Бир куни товус булбулни овозини эшитдию, ҳасади келиб кетди. Чунки, барча қушлар жимитдеккина булбулни овозини мароқ билан тингларди. Товус ўзича ўйлади: чиройимни барчага кўз-кўз қилиб куйласам, булбул менинг олдимда ип эша олмайди… Кенг майдонга чиқиб чиройли патларини ёйиб, барчани ўз атрофига йиғди ва куйлашни бошлади. Товуснинг бу ишини кўрганлар кулгудан ўзини тия олмади. Сиз ҳам бир эшитиб кўринг, товус булбулдек куйлай оладими?

Қушлар демократияси

Бир гала чуғурчуқ дарахт шохларига қўниб олиб, бир-бирига гал бермай чуғурлашишарди. Бири осмон бизники хоҳлаган томонга учишимиз мумкин, ғарб томонга учамиз деса, бири йўқ қуёш чиқадиган томонга учамиз деб ўз фикрини маъқулларди. Тўсатдан қирғий пайдо бўлиб, қушлар орасидан биттасини чангаллаб олиб кетди. Чуғурлашишаётган қушлар сезишмади. Бироздан сўнг, дарахт ковагидан ўрмалаб чиққан илон бир қушни ўз домига тортиб, ковакка кириб кетди. Қушлар буни ҳам сезишмади. Зум ўтмай, ерда юрган мушук фурсатдан фойдаланиб, дарахтга чиқдида бир қушни бўғизлаб пастга олиб тушди. Қушлар ҳамон чуғурлашишарди. Ҳар бири ўзича ҳақ, бир-бирини эшитишни хоҳламасди. Овчи ўқининг овозидан сўнг тўрт-бештаси ерга қулаб, қушлар ўзига келди ва ҳаммаси ҳар ёққа учиб кетди.

Шоди Жаҳон

Мавзуга оид