Ўзбекистон | 14:40 / 27.08.2018
7838
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги илк гастрономик туризм маркази ўз фаолиятини бошлади

Тошкентнинг Учтепа туманида янги сайёҳлик объекти ўз фаолиятини бошлади. “Welcome” оилавий корхонаси сайёҳларга ўзбек миллий таомларини пишириш жараёнларини “мастер-класс”, яъни маҳорат дарслари кўринишида тақдим қилмоқда.

Шунингдек, бу ерда хорижлик меҳмонлар миллий ва дунё мусиқаси ҳамда қўшиқларини жонли ижрода тинглаш имконига эга. Бу ҳали ҳаммаси эмас, оилавий корхона ходимлари “Келин салом”, “Куёв синаш” каби миллий маросимларимизни ҳам саҳналаштирилган ҳолда намойиш қилмоқда. Айтиш жоиз, шу кунгача бундай гастрономик туризм маркази пойтахтда мавжуд эмас эди.

Куни кеча мазкур оилавий корхона ўзининг илк меҳмонларини қабул қилди. Улар Испаниянинг Барселона шаҳридан келган Антонио Аревало ва Гемма Моролардир. Меҳмонлар ушбу марказда бўлиб, ўзбек миллий қадриятлари, урф-одатлари ҳамда миллий ошхонамиз ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш билан бирга ўзбекнинг шоҳ таоми - паловхонтўрани тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этишди. 

“Ўзбекистонга келганимиздан жуда хурсандмиз. Бизга мамлакатингиз жуда ёқди. Таассуротларим чексиз. Саёҳатимиз давомида Тошкент, Хива, Бухоро, Навоий, Фарғона, Қашқадарё ва Самарқандга ташриф буюрдик. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос гўзаллиги ва кишини ҳайратга солувчи жиҳатлари бор. Саёҳатимиз бизга янгидан янги билимлар билан бирга унутилмас таассуротларни ҳам тақдим этди”, - дейди Гемма хоним.

“Welcome” оилавий корхонаси асосчиси Шарофиддин Ҳусниддиновнинг айтишича, унинг асосий мақсади, бутун дунёдан келаётган сайёҳларга ўзбек миллий қадриятлари, урф-одатлари ва ўзбек халқининг оилавий маданияти нақадар бойлигини кўрсатишдир. 

“Турли юртлардан келган сайёҳлар билан мулоқотда бўлиб оилам, фарзандларимнинг дунёқараши кенгаяди ва Ўзбекистонга сайёҳлар қатновини оширишга мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишни истайман”, - дейди у.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид