Ўзбекистон | 08:01 / 28.08.2018
100511
4 дақиқада ўқилади

Ноннинг энди ўзбек учун қадри йўқми?

Иллюстратив сурат

Тарих саҳифаларини варақласак, турли даврларда дунё халқларининг ўта оғир дамларга тушиб қолгани, уруш, очарчилик ва касаллик гирдоби бутун бир жамиятларни хонавайрон этганининг гувоҳи бўламиз. Ана шу халқлар қаторида ўзбеклар номи ҳам келади. Шу сабабми бу халқ ҳар бир неъматнинг шукрини қилишга, унинг қадрига етишга интилади. Айниқса, нонни. Гапимизни муболағага йўймангу, аммо ўзбеклардек бирор бир халқ нонни муқаддас билмайди. Қайси маънодаки, ўтмишнинг оғир синовларидан ўтган, тақдир чархпалагининг сувларида оққан бу миллат ана шу ноннинг ортида қанча меҳнат, қанча дард, қанча орзу-ҳавас ётганини бошқалардан кўра чуқурроқ англайди, ҳис этади.

Бугун Ўзбекистонда тинчлик, тўқчилик, Яратганга шукр. Аммо сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган, дўкондан қолипли нон (буханка) сотиб олиб, уни молларига едираётганлар мавзуси кишини ўйлантиради. Бу тўқликка шўхликми, балки шундай қилингани яхшидир. Бу борада статистик кўрсаткичларга назар соламиз.

Ўзбекистон бўйлаб қолипли нонга нисбатан белгиланган нарх кўп йиллардан бери ўзгаришсиз - 650 сўм бўлиб қолмоқда. Аммо, бу нарх ишлаб чиқарувчи, энг асосийси ҳукумат сарфлаётган харажатларни қоплаяптими? Умуман олиб қараганда, бу нарх билан харидорнинг эҳтиёжлари қондириладими?

Марказий Осиё давлатларида нон ҳамда ун маҳсулотларига белгиланган нархнинг солиштирма маълумотига кўра, минтақадаги энг арзон нонни фақат Ўзбекистонда сотиб олиш мумкин.
Хусусан, Ўзбекистонда қолипли 1 дона нон 650 сўм (ёки 0,08 доллар)га тенг бўлса, бу нарх Қозоғистонда 2590 сўм (0,33 доллар), Қирғизистонда эса 2347 сўм (0,30 доллар)га баҳоланади. Қолипли ноннинг нархи Тожикистонда ҳам Ўзбекистондан 968 сўм (12 цент)га фарқ қилади. 

Худди шундай 1 кг олий навли ун нархи ҳам номутаносиб фарқланади. Шундай қилиб, 1 кг олий навли ун учун энг арзон нарх 1319 сўм бўлиб, бу нарх ҳам Ўзбекистонда. Энг қиммат баҳо Тожикистонда қайд этилган - 4694 сўм. Қозоғистон ва Қирғизистонда мос равишда 1 кг олий навли ун учун 3804 сўм ва 3966 сўм тўланади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан чакана турдаги қолипли нон нархи давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятга эга товарларга белгиланган нархномада кўрсатилган. Узоқ йиллардан буён қолипли нон нархини оширилмаганлиги турли чигалликларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Масалан, 1 кг олий навли унни бозор расталарида 1319 сўмга топиш қийин. Қолаверса, унинг сифати бошқа муҳокамага сабаб бўлади. Шундай экан, қолипли нон ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга етказиб берилаётган арзон нархдаги ун маҳсулотларининг барчаси қолипли нонга айланиб, дастурхонларга етиб боряптими ё бозор растасидан “йўқолиб қолган” 1319 сўмлик олий навли унлар ўрнини босиш учун савдога чиқариляптими, бу масалага дадил ва аниқ жавоб бериш қийин. 

Ачинарлиси, товар-хомашё биржаси, бозор расталарида чорва учун 1 кг комбикорм нархи шу йилнинг баҳор ойларида 2500 сўмдан бошланган бир пайтда, фермер учун 650 сўмга тайёрланган, ачитқи билан бойитилган қолипли нонни сотиб олиб, емга аралаштириб бериш фойдали бўлди. 

Боқимандалик кайфиятидан воз кечиб, атрофга назар ташласак, бозор иқтисодиётига ўтишнинг муҳим шарти ҳам шу – “Ўз аравангни ўзинг торт”. Қолипли нон ижтимоий аҳамиятга эга товарлар қаторида қолса-да, унинг нархи узоқ пайт ўзгармай туриши учун катта молиявий манбалар йўналтирилиши керак эди. Балки ана шу нархни қайта кўриб чиқиш зарурияти ва пайти ҳам етгандир.  

PS: Муаллифнинг шахсий қараши қандай бўлишидан қатъи назар, бозор иқтисодиёти қонунлари билан яшашга жазм қилган жамиятда, албатта, шундай ўзгариш юз бериши лозим ва бу табиий ҳолат.

Алишер Рўзиохунов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид