Ўзбекистон | 15:10 / 30.08.2018
22009
6 дақиқада ўқилади

Фуқаро паспортини йўқотганда янги паспорт қандай муддат ичида берилиши лозим?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 3-бўлим билан тўлдирилди:

«3. Йўқотилган паспорт ўрнига паспорт бериш

351. Фуқаро паспортини эҳтиёт қилиб сақлаши шарт.

Паспортини йўқотиб қўйган фуқаро зудлик билан доимий рўйхатда турган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига хабар бериши лозим, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомиллар ўтказилганидан кейин унга ушбу Низомда назарда тутилган тартибда янги паспорт берилади.

Вақтинча хорижда бўлган фуқаролар паспортини йўқотган, паспорти яроқсиз ҳолга келган ёки унинг амал қилиш муддати тугаган ҳолларда Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат этадилар.

352. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг паспортини ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатини йўқотганликлари ҳақидаги аризалари бўйича ички ишлар органлари томонидан тегишинча мазкур Низомнинг 1 ва 2-иловаларга мувофиқ белгиланган шаклдаги маълумотнома берилади, маълумотноманинг орқа томонига доимий ёки вақтинча рўйхатда турганлиги тўғрисида штамп қўйилиши мумкин. Маълумотнома ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан берилади.

З53. Паспорт йўқолганлиги тўғрисидаги аризалар ҳисобга олиш журналида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда рўйхатга олинади.

354. Республиканинг бошқа ҳудудларидан доимий яшаш жойига келган ва янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олингунга қадар паспортини йўқотиб қўйган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг аризаларига кўра ички ишлар органлари томонидан паспорт йўқолгани ҳақидаги иш очилади. Паспортлар фуқаро доимий яшаш мақсадида келган жойдаги ички ишлар органлари томонидан уларни рўйхатга қўйиш асослари мавжуд бўлган тақдирда берилади.

Янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олишга асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда паспорт олиш тўғрисидаги ариза рад этилади. Бундай ҳолларда паспорт рўйхатдан чиқишни бекор қилган ҳолда фуқаронинг олдинги рўйхатдан ўтган жойидаги ёки рўйхатга қўйишга асослар мавжуд бўлганда бошқа янги рўйхатдан ўтиш жойидаги ички ишлар органи томонидан берилади.

355. Агарда паспортлари йўқолгани ҳақида ариза берган фуқаролар паспортларини топиб олсалар, паспорт эгаларининг ёзма аризаларига асосан паспорт йўқолгани ҳақидаги иш юритиш тугатилади. Агарда йўқолган паспортлар янги паспорт берилганидан кейин топилган тақдирда, фуқаролар топилган паспортларни зудлик билан ички ишлар органларига топширишлари лозим.

356. Топилган паспортларда олдинги яшаш жойидан рўйхатдан чиққанлиги ҳақида штамплар мавжуд бўлса, бундай паспортлар уларни берган ички ишлар органларига йўқ қилиниш учун юборилади.

357. Паспортлар ўғирланган ҳолларда бу ҳақдаги аризалар жиноят содир этилган жойдаги ёки фуқаронинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари ходимлари томонидан қабул қилинади. Бундай аризалар қабул қилинганлиги ҳақида фуқароларга маълумотномалар берилади ва улар маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан ва табиий офатлар (ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқалар) оқибатида паспортлари йўқолганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган ва бу ҳолатларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни тақдим этган шахслар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Фуқаро паспортини йўқотганда паспорт йўқолгани ҳақида ариза берилган кундан бошлаб бир ой ичида янги паспорт мазкур Низомда белгиланган тартибда берилади. Зарур ҳолларда, бу муддат ҳудудий ички ишлар органи раҳбарияти томонидан яна бир ойга узайтирилиши мумкин. Истисно тариқасида, бундай аризаларни кўриб чиқиш муддати (бошқа ички ишлар органларидан жавоблар келмаганда, аризачининг касаллиги, унинг яшаш жойида узоқ муддат бўлмаганлиги) олти ойгача узайтирилиши мумкин. Олти ойдан ортиқ муддатда жавоб келмаганида, фуқаронинг шахси текширилади ва ундан кейин паспорт берилади.

Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларидан озод этилган ва паспортини йўқотган шахсларга маълумотнома берилади. Бундай шахсларга паспорт бериш масалалари уларни сўнгги рўйхатдан ўтган жойидаги ички ишлар органлари томонидан, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлсалар, кўриб чиқилади.

358. Хорижга доимий яшаш учун белгиланган тартибда чиққан, аммо Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасида консуллик рўйхатида турмаган ва Ўзбекистон Республикасида бўлган пайтида паспортини йўқотиб қўйган фуқаролар сўнгги доимий рўйхатда турган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат этадилар.

Агар аризачининг турар жойи бўлган тақдирда, ички ишлар органлари уни вақтинча рўйхатдан ўтказади, турган жойи бўйича ҳисобга олади ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга унга паспорт расмийлаштиради.

Агар аризачини вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун унинг турар жойи бўлмаган тақдирда, ички ишлар органлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда унга истисно тариқасида паспорт расмийлаштирадилар.

359. Агар фуқаро келган давлатида Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаса, у Ўзбекистон Республикасининг мазкур давлат консуллик округига кирадиган хориждаги консуллик муассасасига мурожаат қилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган шахс паспортини сўнгги яшаш жойидаги ички ишлар органига ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига топшириши шарт».

Мавзуга оид