Ўзбекистон | 15:50 / 30.08.2018
32869
2 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов Бухорода ИИВ тизимидаги 5 нафар раҳбарни ишдан олди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 24-26 август кунлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ўрганиш ишларини олиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилмоқда.

Ўрганишлар давомида ички ишлар вазири Когон, Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон туманлари ҳамда Бухоро ва Когон шаҳар ички ишлар бўлимларида бўлиб, уларда мавжуд шароитлар, шахсий таркибнинг маънавий етуклиги ҳамда ҳуқуқий саводхонлиги, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифалари ижросини ташкил этишнинг самарадорлиги, тартиб-интизомга риоя этиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш аҳволини шахсан ўрганди.

26 август куни вилоят ички ишлар бошқармасида ички ишлар вазири П. Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилиш давомида эгаллаб турган лавозимига нолойиқ хатти-ҳаракатларни содир этган, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган эскича иш услубида хизмат қилаётган Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ш.Ўринов, Ромитан тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ж. Қурбонов, Вобкент тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари А.Адизов, Олот тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Д.Ҳасанов, Қоракўл тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н. Юлдашов эгаллаб турган лавозимидан озод этилдилар.
 
Шунингдек, хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган қатор раҳбар ва ходимларга турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда ИИВ тизимидаги 6 нафар раҳбар ишдан олинганди.

Мавзуга оид