Жаҳон | 20:33 / 31.08.2018
71727
2 дақиқада ўқилади

Александр Захарченко Донецкда ўлдирилди

Тан олинмаган «Донецк халқ республикаси» раҳбари Александр Захарченко Донецк марказида рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлди.

«Интерфакс» манбаси маълумотига кўра, Захарченко Донецкдаги Пушкин кўчасида, ўз қароргоҳидан бир неча юз метр масофада жойлашган «Сепар» кафесидаги портлашда ўлимга олиб келувчи жароҳат олган ва шифохонага олиб борилгач, жон берган.

Портлаш вақтида яна 3 киши жароҳатланган, улардан бири ДХРнинг даромадлар ва солиқлар бўйича вазири Александр Тимофеев бўлиб, у айни вақтда шифохонага жойлаштирилган. Икки жабрланувчининг шахси ҳозирча маълум эмас.

Охирги маълумотларга кўра, Захарченко суиқасд қурбони бўлган. «Интерфакс» маълумотига кўра, унга суиқасд уюштирганликда гумонланган бир неча шахс қўлга олинган. 

Захарченко 42 ёшда эди. 

У 2014 йил августидан буён ДХР министрлар кенгашига раҳбарлик қилиб келаётганди. У бу лавозимда Александр Бородайни алмаштирган. У ўша йилнинг ноябрида республика раҳбарлиги учун сайловларда ғалаба қозониб, шу кунгача шу лавозимда қолаётганди.

Мавзуга оид