Ўзбекистон | 21:33 / 01.09.2018
23688
2 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда Самарқанд шароитида туяқушлар муваффақиятли парваришланмоқда

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида истиқомат қилувчи фермер Ҳусан Ҳайдаров Самарқанд шароитида Африка қора туяқушларини кўпайтирмоқда. Ўзининг Kun.uz’га ҳикоя қилиб беришича, буни унга қишлоқ хўжалиги вазири тавсия қилган.

2017 йилнинг бошида, январь ойида у Фарғонадан 9 та туяқуш (3 та хўрози, 6 та макиёни) жўжасини олиб келиб парваришлай бошлади. Бир йил ичида уларнинг вазни 180 килога етай деб қолди.

Бир кунда ўртача 3,5 кг ем ейдиган туяқушлар яқинда тухумга кира бошлайди. Улар 15-20 йил мобайнида тухум бера олади. Туяқуш тухумининг вазни 2 кг.дан ошади.

Ҳ.Ҳайдаровнинг ҳикоя қилишича, туяқушлар ҳар қандай шароитга тез мослашади. Улар иссиқни севишади. -20 даража совуққа ҳам бардош бера олишади. Демак, Самарқанд, умуман Ўзбекистон шароитида уларни бемалол кўпайтириш мумкин.

Туяқушларнинг ошқозони йўқ, товуқники сингари тошдони бўлади. Шу сабабли улар баланд қилиб ўралган ҳудудда, қум ва шағал тўшалган жойда парвариш қилиниши керак. Улар турли дон дун ва ўтлар билан озиқаланади ва ҳазм қилиш учун ердан тош ва қум зарраларини ҳам ютишади.

Туяқуш юз фоиз чиқитсиз жонзот ҳисобланади. Унинг ҳамма нарсаси: гўшти, териси, суяги, ёғи, пати, тирноғи ва тухумидан фойдаланиш мумкин. Гўшти шифобахш, пат ва парлари жаҳон бозорида жуда қадрланади. Ҳақиқий етти хазинанинг бири ҳисобланади.

Ҳ.Ҳусанов туяқушлари тухум бера бошлагач, уларнинг сонини яна кўпайтириб, фермер хўжалигини янада кенгайтириш нияти борлигини айтиб ўтди.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид