Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Каттақўрғон туманидаги Муртак қишлоғи аҳолиси фарзандларини қайси мактабда ўқитади?
Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани «Олмазор» маҳалласи Муртак қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.
«Қишлоғимизда 53-мактаб филиали жойлашган. Мактаб филиали бинолари ва мактаб жиҳозлари жуда аянчли аҳволда, ўқувчиларни таълим олиши учун умуман шароит йўқ. Ушбу ҳолат юзасидан туман мутасадди ташкилотларига бир неча бор муражаат этдик. Муаммони ҳеч ким ҳал қилиб бермаяпти. Сизлардан илтимос, шу масалани ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейилади мурожаатномада.
Мурожаатда кўрсатилган муаммоларни жойида ўргандик. Янги ўқув йили арафасида мактаб филиали ҳақиқатан ҳам аянчли аҳволда.

Зарафшон дарёсига яқин жойлашган ушбу қишлоқдаги мактаб филиали биноси 1990 йил мактабгача таълим муассасаси сифатида қурилган. Кейинчалик 53-умумий ўрта таълим мактаби филиалига айлантирилган. Айни вақтда мактаб филиали таъмирталаб. Ўқувчилар учун янги атиги 2 та синфхона таъмирланган. Аммо жиҳозлари жуда эски ҳолатда.

Қолган хоналар тайёр эмас.



Айни вақтда мактаб филиалида 32 нафар ўқувчи 4-синфгача таълим олади. Иккита синфхона 1-, 2-, 3-, 4-синф ўқувчиларига мўлжалланган. 1-, 3-синфлар учун битта синфхонада, 2-, 4-синфлар учун бир синфхонада комплект синфлар сифатида таълим берилади. Ўз-ўзидан маълумки, бу таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу мактаб филиалида бор-йўғи 3 нафар ўқитувчи бор.
Мактаб филиалида ичимлик суви тармоғи ҳам йўқ. Ҳожатхоналари антисанитар ҳолатида.

Бирорта ўйингоҳ ёки спорт майдончалари йўқ. Иситиш тизими мавжуд эмас. Совуқ кунларда қўлбола печкаларда иситилади.

Мактаб филиали ўқитувчилари айтишича, мактаб таъмирининг кўп қисмини ҳам ўз ойлик маошлари ҳисобидан амалга оширган. Мактабда таълим оладиган ўқувчилар ота-оналаридан мактаб филиали таъмири учун 10 минг сўмдан пул йиғиб олинган.
– Ўз ҳисобимдан синфхоналар таъмири учун 165 минг сўм сарфлашга мажбур бўлдим, – дейди мактаб филали ўқитувчиси Муҳайё Саидова. – Бошқа ўқитувчилар ҳам имкониятидан келиб чиқиб, ўз ҳисобларидан маблағ сарфлашларига тўғри келди.
Муртак қишлоғида 173 та хўжалик бўлиб, унда 900 дан зиёд аҳоли яшайди. 200 га яқин мактабда таълим оладиган ўқувчи ёшлар бор. Бу ёшларнинг айримлари қишлоққа яқин жойлашган 53- ва 56-умумий ўрта таълим мактабларида таълим олишади. Аммо қишлоққа ушбу таълим масканлари 3–4 километр узоқликда.
56-умумийўрта таълим мактабига (қишлоқдан 3 километр узоқликда) М-37 катта магистраль йўлидан ўтиб борилади. Йўлда пиёдалар ўтиши йўлаги йўқлиги туфайли пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари кўп қайд этилади.

– Олти нафар неварам шу мактабда ўқийди, – дейди Муртак қишлоғида истиқомат қилувчи Холида Эшқувватова. – Ҳар куни болаларни эсон-омон келсин, деб хавотирда яшаймиз. Қишлоғимиздаги мактабда шароит йўқ. Шу мактабни ҳеч бўлмаса 9 йиллик қилиб берилса, бу хавотирдан қутулган бўлар эдик.
53-умумий ўрта таълим мактаби қишлоқдан 4 километр узоқликда. Бу мактабга қатнайдиган ўқувчилар учун қатор муаммолар туғдиради. Айниқса, қиш кунлари муаммолар янада кўпаяди.
– Биз ҳам фарзандларимиз, невараларимиз яхши шароитда таълим олишини истаймиз, – дейди Ойзода Ўроқова. – Аммо аҳволни кўриб турибсиз. Бу ҳолатда қандай сифатли таълим олиш мумкин?
Ҳақиқатан ҳам қишлоқ аҳолисининг кўтарган муаммолари ўринли. Бу масала юзасидан қишлоқ аҳолиси бир неча бор туман мутасаддиларига мурожаат қилган. Аммо масала эътиборсиз қолган.
– Бу муаммодан хабарим бор, – дейди Каттақўрғон тумани Халқ таълими бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Тошмамат Отамуродов. – Лекин бу вазифага тайинланганимга энди бир ҳафта бўлди. Масалани ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Қишлоқда янги мактаб қурилишини 2019 йил туман дастурига киритиш учун таклиф бердик.
53-умумий ўрта таълим мактаби директори Собира Умирова билан ҳам мазкур ҳолат юзасидан суҳбатлашдик.
– Қишлоқ аҳолисининг эътирозлари ўринли, – дейди С.Умирова. – Имконият даражасида ҳолатни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада бир неча таклифлар билан туман мутасаддиларига чиққанман. Лекин масала ижобий ечим топмагандан кейин менинг ҳам имкониятим йўқ. Ахир ўз ҳисобимдан қилишга имкониятим йўқ-ку?! Шунинг учун мен ҳам иложсизман. Имконият даражасида чора-тадбирларни амалга ошираяпмиз.
Қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашганимизда ўқувчилар ота-оналари бундай шароитда фарзандларини мактабга бермаслигини, шу масалада бошлари қотганлигини, бу ҳолатда қандай йўл тутишни билмасликларни айтишди.
Ушбу масалага Халқ таълими вазирлиги ва туман мутасаддилари эътибор қаратишини, муаммони ижобий ҳал этишига умид қиламиз. Ахир, янги ўқув йили ҳам бошланиш арафасида. Аммо Муртак қишлоғи аҳолиси бу масалада аросатда қолган.
Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Бардошбек Самад ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
14:10 / 20.02.2025
Ўқувчиларни тартибга чақирган “зўравон раис” — Қозирободдаги мактабда ўзи нима бўлди?
18:06 / 19.02.2025
Номаълум шахс Тошкентдаги 71-мактабда «қирғин» уюштириш билан таҳдид қилди
15:15 / 14.02.2025
Ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан инклюзив мактаб ташкил этилади
14:01 / 13.02.2025