Жаҳон | 08:01 / 05.09.2018
8760
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла пойтахтида метрода юриш 12,5 минг марта қимматлашади

Фото: Getty Images

Венесуэла пойтахти Каракас аҳолиси 10 сентябрдан 2017 йилдан бери бепул бўлган метро учун ҳақ тўлашга мажбур бўлади. Эътиборлиси, метрода юриш 12,5 минг мартага қимматлашади.

Пойтахт метросининг маълум қилишича, чипталар сотилиши 8 сентябрда бошланади. Йўл ҳақи 0,5 суверен боливарни ташкил қилади, бу қиймат 50 минг эски боливарга тенгдир. 2017 йилда чипталар сотиш бекор қилингунга қадар метрода юриш эски валютада 4 боливарни, доллар курси эса бир неча миллион боливарни ташкил қилган.   

Каракас аҳолиси яна метрога пул тўлашига тўғри келишига қарамай, унда юрганлик учун йўл ҳақи дунёдаги энг арзонларидан бири бўлиб қолмоқда. Чунки ҳозирда “қора бозор”да бир доллар 88 суверен боливарга тенг бўлмоқда, чипта нархи долларга чаққанда 1 центдан ҳам камроқни ташкил қилмоқда.  

2017 йилда чипталарни сотишдан воз кечиш уларни босиш учун қоғознинг йўқлиги ҳамда йўл ҳақи арзонлиги билан боғлиқ бўлган.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид