Жамият | 17:30 / 06.09.2018
13240
10 дақиқада ўқилади

Қиймадўзни қийнаётган муаммолар: халқ Каттақўрғон тумани мутасаддиларидан ечим кутмоқда

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани «Найман» маҳалласидаги Қиймадўз қишлоғининг бир гуруҳ фуқароларидан Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди. Унда қишлоқдаги бир қатор муаммолар баён этилган ва уларнинг ҳал этилишида амалий ёрдам сўралган.

Мурожаатномада қайд этилган аҳолини қийнаётган масалаларни жойида бирма-бир ўргандик.

Қиймадўз қишлоғида бугунги кунда 200га яқин хонадон бўлиб, бу ерда 1000 нафарга яқин киши истиқомат қилади. Ушбу қишлоқ Навоий вилоятининг Хатирчи тумани маркази билан чегарадош. Ўртасидан Оқдарё дарёси оқиб ўтган. Қишлоқ аҳолисининг Хатирчи туманига қатнови учун 1987 йилда дарёда темирдан кўприк қурилган. Бу кўприкдан нафақат хатирчиликлар, унга яқин бўлган бир нечта қишлоқ аҳолиси фойдаланиб келади. Айни вақтда кўприк ҳолати яхши эмас. Хавфсизлик меъёрларига умуман жавоб бермайди. Аҳолини қийнаётган асосий масалалардан бири шу.

Сабаби — қишлоқ болаларининг аксарияти Хатирчи тумани марказида жойлашган Янгиработ шаҳарчасидаги рус тилида таълим бериладиган мактабга қатнайди. Қишлоқ аҳолиси деярли ҳар куни турли юмушлар, эҳтиёжлар ва бозор-ўчар учун Янгиработга шу кўприк орқали боради. Қишлоқ аҳолисининг айтишича, ўтган йили кўприкдан бир мактаб ўқувчиси тушиб кетиб, вафот этган.

— Ушбу кўприк ҳолатидан хабаримиз бор, — дейди Каттақўрғон туман ҳокимлиги қурилиш бўйича бош мутахассиси М.Расулов. — Кўприкни таъмирлаш чораларини кўрамиз. Ҳеч қандай дастурга киритилмагани боис ҳомийларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз.

Қишлоқ фуқароларининг айтишича, кўприк таъмири учун бир неча марта пул йиғишган, аммо маблағ кўприкни қониқарли даражада таъмирлаш учун етарли бўлмаган. Каттақўрғон тумани ҳокимлигига шу масалада кўп бора мурожаат қилишган. Бироқ амалий ёрдам берилмаган.

Яна бир масала. «Қишлоқдан Каттақўрғон туман маркази Пайшанба шаҳарчасигача бўлган 37 километрлик йўл абгор ҳолатда. Автомобиллар масофани 1,5–2 соатда йўл териб босиб ўтади. Туман мутасаддилари ҳар йили йўлимизни тузатиш ҳақида қоп-қоп ваъда бергани билан амалий натижа бўлгани йўқ. Ҳатто фермерлардан йўлни тузатамиз, деб пул ҳам йиғишган. Лекин «алдагани бола яхши», дейишганидек, фалон дастурга киритилди, деб алдашади. Айтинг-чи, бу дастурбозликларнинг охири борми?», — дейилади мурожаатномада.

Ҳақиқатан ҳам мурожаатномада айтилган кўчанинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. Айниқса, дарёдан тош, шағал олиб ташийдиган юк машиналари ўтадиган қисми халқ тили билан айтганда ҳақиқий «гармошка».

Бу йўлдан ўзимиз ҳам ўтдик, азобини кўрдик ва қишлоқ аҳолиси нечоғлик ҳақ эканлигига амин бўлдик. Бу масалада ҳам туман мутасаддисидан изоҳ сўрадик.

— Бу йўлни келгусида таъмирлаш режалаштирилган, — дейди Каттақўрғон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси 288-йўл бўлими бошлиғи Фарҳод Саидов.

Фуқароларга шундай ваъда берилди аммо ижроси қандай бўлишини вақт кўрсатади.

Қишлоқ аҳолисини қийнаётган муаммолардан яна бири — бу ичимлик суви. Ҳар бир хонадонда сув тармоғи қазилган лекин лойқа, қум аралаш сув чиқади. Уни 3 соат тинитиб қўйиб, кейин истеъмол қилишади. Бу масала ҳам бир неча йиллардан бери ҳал этилмасдан келинмоқда.

— Қишлоққа ичимлик суви тармоғи тортиш 2019 йил туман дастурига киритилган, — дейди Каттақўрғон тумани «Сувоқова» корхонаси бошлиғи Исроил Юсупов. — Махсус техникаларимиз йўқлиги туфайли, бу ерга ичимлик сув ташиб келтиролмаймиз. Тракторларда ичимлик суви олиб келадиган бўлсак, ёқилғиси қимматга тушади.

Мутасаддининг изоҳи шундай. Аммо қишлоқ аҳолиси истеъмолга яроқсиз сувни ичаётганлиги ҳам ҳақиқат.

Ўрганишимиз жараёнида маълум бўлишича, қишлоқнинг бир қисмида 19та хонадон суд томонидан ноқонуний деб топилган. Асосий муаммолардан бири ҳам шу.

«Яқинда мажбурий ижро бюросидан келиб, 19та хонадон ноқонуний қурилган, бузамиз, дейишди. Ваҳоланки, уйларимиз кадастр қилинган. Лекин кадастр қоғозини қўлимизга беришгани йўқ. Уйларимиз жойлашган ҳудуд аллақачонлар фермер балансидан чиқарилган экан. Энди ҳокимиятдагилар келиб, ҳар бир сотихига 500 мингдан берсанг тегмаймиз, бўлмаса бузамиз, деб дўқ-пўписа қиляпти. Биз ишсиз бечоралар бунча пулни қаердан оламиз? Хароб аҳволдаги қишлоғимизни ўрганишга келганлар ҳам ҳеч нарса қилиб бермади. Қайтанга умидвор қилиб кетди, холос», — дейди шу қишлоқда яшовчи Гўзал Эшмуродова.

— Бу хонадонлар ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилган, — дейди Самарқанд вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Каттақўрғон туман филиали масъул ходими Шоҳиста Тошева. — Ўша пайти бу ер «Ортиқ Усмонов» фермер хўжалигига тегишли бўлган. Ҳозир туман ҳокимлиги захирасига олинган. Биз бу хонадонлар учун ҳақиқатан ҳам кадастр ҳужжатлари тайёрлаганмиз. Хонадон эгалари белгиланган тўловларни ҳам амалга оширган. Аммо бу ноқонуний қурилган уйлар бузилиши ҳақида суд қарори чиққанлиги учун жараён тўхтаган. Тўлов пуллари қайтарилади.

Ўрганишимиз давомида аниқландики, ҳақиқатдан ҳам бу уйлар ўзбошимчалик билан, ноқонуний қурилган.

Туман ҳокимининг 2017 йил 14 ноябрдаги «Каттақўрғон туманида ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ноқонуний эгаллаб олинган ер участкаларини аниқлаш ва қонунда белгиланган тартибда қайтариш тўғрисида»ги қарорига кўра, «Ортиқ Усмонов» фермер хўжалиги ер майдонларида мониторинг ўтказилганида фермер хўжалиги балансида бўлган №207-контурдаги суғориладиган ер майдонидан «Найман» маҳалласи Қиймадўз қишлоғида яшовчи 19 нафар фуқаро томонидан жами 1,56 гектар ер майдони ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой қурилганлиги аниқланган.

Фуқаролар томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган ер майдонини «Ортиқ Усмонов» фермер хўжалиги балансига қайтариш бўйича 2017 йил 5 декабрда Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилган.

Ушбу даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судида 2018 йил 11 май куни кўриб чиқилиб, жавобгарларга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилишларни мажбурий тартибда бузиш, ер майдонидан чиқариш ва ер майдонини «Ортиқ Усмонов» фермер хўжалиги ҳисобига кайтариш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган. Ушбу ҳал қилув қарори ижроси бўйича Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими томонидан ижро ҳаракатлари бошланган.

Туман ҳокимининг 2018 йил 24 февралдаги қарорига асосан, «Ортиқ Усмонов» фермер хўжалиги ер майдонлари туман захира ерлари ҳисобига қайтариб олиниб, фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилинган.

Туман захира ерлари ҳисобига қайтариб олинган ер майдонидан туман ҳокимининг 2018 йил 5 мартдаги қарорига асосан «Суҳробжон Эсонов воҳаси» фермер хўжалиги ташкил этилиб, ер ажратиб берилган. Фуқаролар томонидан ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобида қолдирилган.

Маълумки, 2018 йил 20 апрелда Президентимизнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Унда 2019 йил 1 майгача мазкур Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга қуйидаги шартлар асосида:

  • ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;
  • ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса эътироф этилиши белгилаб қўйилган.

— Бу масала кўриб чиқилади, — дейди Каттақўрғон туман ҳокимлиги қурилиш бўйича бош мутахассиси М.Расулов. — Агар Фармонда белгиланган талабларига тўғри келса, ушбу муаммо ҳал этилади. Тегишли тартибда қонуний ўрганиб чиқилади. Аммо фуқаролар томонидан ноқонуний эгалланган ернинг ҳар сотихига 500 минг сўмдан пул талаб қилинди, дея билдирилган важлар асоссиз.

Айни вақтда ноқонуний қурилган уйларда 200дан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Туман ҳокимлиги ушбу масалани тез кунларда бир томонга ҳал этишига умид қиламиз.

Фуқароларнинг айтишича, уйларнинг кадастр ҳужжатлари бўлмагани туфайли уларга суюлтирилган газ балонлари ҳам берилмаяпти. Бу эса уларга айниқса, қиш кунларида бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Ўрганишимиз якунида қишлоқ аҳолиси яна бир масалада ёрдам сўради. Уларнинг айтишича, қишлоқда мактабгача таълим муассасаси йўқ. Шу боис улар қишлоқдаги бўш турган уйдан хонадон эгаси розилиги билан уй боғчаси ташкил қилиш бўйича туман ҳокимлиги, туман мактабгача таълим бўлими ва бошқа масъул ташкилотларга ташаббус билан чиққан. Аммо уларнинг бу мурожаати ҳам эътиборсиз қолаётганини билдиришди.

Хуллас, қиймадўзликларни мана шундай муаммолар қийнаб келмоқда. Каттақўрғон тумани мутасаддилари ушбу масалаларни ечиши, мурожаатчилар ҳақ бўлса ижобий ҳал этиши, ноҳақ бўлса буни уларга ўз вақтида асослаб бериши зарур. Шундагина турли тушунмовчиликлар, турли ташкилотларга мурожаатлар, сарсон-саргардончиликларга барҳам берилади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид