Ўзбекистон | 15:53 / 06.09.2018
11918
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни Беларусь Республикаси, Малайзия ҳамда Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Леонид Маринич, Хенди Ассан ва Язгули Маммедовдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари элчиларни мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада улкан муваффақиятлар тилади.

Инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланган мамлакатимизда барча соҳаларда бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Бундай тарихий ўзгаришларнинг муҳим самаралари ташқи сиёсатда ҳам яққол кўзга ташланаётгани қайд этилди. Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва стратегик шерикликни йўлга қўйиш натижасида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатлари мустаҳкамланди, манфаатли ва конструктив ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар кўпаймоқда.  

Ўзаро савдо-иқтисодий, инвестиция, кооперация, маданий-гуманитар алоқалар фаол ривожланмоқда.

Ўзбекистоннинг жаҳондаги кўплаб мамлакатлар, жумладан, етакчи давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан алоқалари сифат жиҳатдан янги, юқори босқичга кўтарилди.

Президентимиз ўз нутқида янги элчилар вакили бўлган давлатлар билан дўстлик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтди.

Мамлакатимизда Беларусь Республикаси билан ҳар томонлама шерикликни изчил кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.

Жорий йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 4 баробар ошди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро алоқалар йўлга қўйилган, гуманитар алмашинувлар фаоллашмоқда.

Давлатимиз раҳбари Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистон Республикасига бўлажак расмий ташрифи давлатлараро муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Малайзия билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.

Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестиция, инновация, энергетика, транспорт, тиббиёт ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда туризм соҳаси, айниқса, зиёрат туризми бўйича самарали ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Президентимиз Туркманистон билан дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган анъанавий яқин муносабатлар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган муваффақиятли давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда тарихий воқеа бўлди.

Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ, савдо, транспорт ва транзит, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда Ўзбекистон –Туркманистон ҳамкорлиги кенгайиб бормоқда. Мамлакатларимиз чегараолди ҳудудлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари ва гуманитар алмашинувлар янада фаоллашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти янги тайинланган элчиларнинг бой тажрибаси, билими ва самарали дипломатик фаолияти мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўз навбатида, янги тайинланган элчилар самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этди.

 

Мавзуга оид