Жаҳон | 23:54 / 06.09.2018
22053
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда илк эстакада очилди

5 сентябрда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва унинг ўғли, Душанбе шаҳри раиси Рустами Имомали шаҳарнинг 82-микротуманида мамлакатдаги илк эстакаданинг очилиши маросимида иштирок этишди. Эстакада “Душанбе-Турсунзода йўли, Сино ва Исмоил Сомоний кўчалари кесишмасидан Душанбенинг ғарбий дарвозаларигача бўлган йўл қисми ҳолатини яхшилаш” лойиҳаси доирасида барпо этилди.

Уч қаватли эстакада қурилиши 2016 йил 22 июлда бошланган. Объект Тожикистон мустақиллигининг 27 йиллиги нишонланиши арафасида фойдаланишга топширилди.

Янги эстакада уч қаватдан иборат бўлиб, унинг 2-қаватида айланма ҳаракат йўлга қўйилган. 3-қаватида шарқдан ғарбга томон узунлиги 125 метр ва эни 24,8 метр келадиган кўприк қурилган. 

Эстакада қурилиши лойиҳасига кўра, умумий узунлиги 236 метрлик 4 та ер ости ўтиш жойи барпо этилган.

Маълум қилинишича, шу кунгача Тожикистондаги йўллар учун катта ва кичик донадор асфалт ишлаб чиқарилган ва қўлланган. Янги эстакаданинг барча қисмлари эса йўлни ишқаланишга бардошли ва мустаҳкам қиладиган кимёвий модда қўшилган замонавий асфалт тури билан қопланган.

Мутасадди шахсларнинг таъкидлашича, ушбу асфалт тури республикада биринчи маротаба қўлланган ва қолган турдагиларига нисбатан 4-5 йил кўпроқ хизмат қилади. Лойиҳа Тожикистон ҳукуматининг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлигида амалга оширилган. Лойиҳа доирасида узунлиги 730 метрлик юқори волтли туннел ҳам қурилган. 

Қурилишни Хитойнинг “Синьцзян-Бейсин” корпорацияси олиб борган, қурилиш сифатини Ҳиндистоннинг “SAI” фирмаси назорат қилган.

Транспорт воситаларининг 3-қаватли йўлдаги ҳаракати йўл белгилари ва плакатлар ёрдамида тартибга солинади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид