Жаҳон | 13:00 / 09.09.2018
23845
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сурияга қўшимча ҳарбий кучларини ташлади

Пентагон Сурия жануби-шарқидаги америкапараст кучларнинг Эт-Танф фортпостига денгиз пиёдалари қисмларини жўнатди. Бу ҳаракат Россия ҳарбий ҳаво кучлари ушбу ҳудуддаги жангариларга ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирганидан кейин рўй бермоқда.

Америка нашрлари маълумотларига кўра, ИШИДга қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги коалиция базасига яна 100 нафардан ортиқ ҳарбий келтирилган.

Айни вақтда Эт-Танф базаси атрофида 55 километрлик «қуролли тўқнашувлардан холи ҳудуд» ташкил этилган. Базада америкалик, британиялик ва норвегиялик, жами 600 нафардан ортиқ ҳарбий жойлаштирилган. Бу ерда шунингдек, Иордания махсус хизмати вакиллари ҳам бор. Бу ҳарбийлар Сурия мухолифатини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш билан машғул бўлади. Бу ердаги Америка махсус хизматлари жангчилари сони шу пайтга қадар 100 нафардан ортиқни ташкил этарди.

Пентагон расмийси маълумотига кўра, кейинги ҳафтада Россия томони америкалик ҳарбийларни шу ҳудудга яширинган ИШИД жангарилари устига авиазарбалар беришга тайёргарлик кўрилаётгани тўғрисида икки марта огоҳлантирган.

«Қўшма штатлар руслар, Сурия ҳукумати қўшинлари ва мамлакатдаги фуқаролик урушини оловлантираётган бошқа кучлар билан урушишни истамайди. Аммо Қўшма штатлар ушбу ҳудуддаги америкалик ҳарбийлар, коалиция кучлари ва иттифоқчилар ҳимоясини кучайтиришни давом эттиради», дейди АҚШ Марказий қўмондонлиги вакили подполковник Эдл Браун.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид