Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Токио олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси фойдаланадиган экипировкалар бренди маълум бўлди
Бугун, 10 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳамда Хитойнинг «QIERTE Co. Ltd» компанияси ўртасида 2018-2022 йиллар учун ҳомийлик ва ҳамкорлик бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу фирма PRES-JOG бренди остида спорт экипировкалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Тадбирда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, хорижий давлатлар билан дўстлик бўйича Хитой халқ уюшмаси бош директори Ли Хин Ю, МОҚ бош котиби Жасур Матчанов, «QIERTE Co. Ltd» бошқаруви раиси Ли Ю Қи, шунингдек Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, турли федерациялар вакиллари иштирок этди.

Маълум қилинишича, 10-12 август кунлари Хитойда ушбу бренд ишлаб чиқарган экипировкалар тақдимоти ўтказилган бўлиб, унда МОҚ номидан бош котиб Жасур Матчанов иштирок этган. Ўртадаги келишув натижасида Хитой компанияси Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари ва октябрь ойида Аргентина мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари учун Ўзбекистон делегациясига ҳомийлик қилиб, 450 дона спорт экипировкаларини бепул тақдим этган.


Маросимда сўзга чиққан МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов Жакарта-2018 турниридаги Ўзбекистоннинг муваффақиятли иштирокига урғу бериб, бунда янги ҳамкорларнинг ҳам ҳиссаси борлигини айтиб ўтди. «Янги либослар спортчиларимиз учун омадли келди, десак муболаға бўлмайди», дея таъкидлади Аҳмаджонов.
Маълум қилинишича, кейинги 4 йил давомида бўладиган қуйидаги мусобақаларда ўзбекистонлик атлетлар PRES-JOG экипировкаларидан фойдаланишади:
- Буэнос-Айрес-2018 – ўсмирлар ўртасида Олимпия ўйинлари;
- Токио-2020 – ёзги Олимпия ўйинлари;
- Пекин-2022 – қишки Олимпия ўйинлари;
- Ҳангчжоу-2022 – ёзги Осиё ўйинлари.
Бундан ташқари, келишувга кўра Хитойнинг ушбу фирмаси 2018 йилга қадар Ўзбекистоннинг турли ёшдаги футбол терма жамоаларини ҳам спорт либослари билан таъминлайди. Бунда миллий терма истисно бўлиб, асосий жамоа келгуси 2 йил давомида Adidas экипировкаларидан фойдаланади. Аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси Adidas билан ҳамкорлик борасида шартнома имзолаганини ташкилот 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов Kun.uz`га тасдиқлаган эди.
Маросимда Жакарта-2018 ғолиби бўлиш билан бир қаторда турнир рекордини ўрнатган ўзбекистонлик оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов ва 7 та ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этган ягона гимнастикачи Оксана Чусовитинага хитойлик меҳмонлар томонидан 5 минг АҚШ долларидан пул мукофотлари ҳам топширилди.

Жакарта-2018нинг кумуш медали совриндори Чусовитина айни пайтда хорижда машғулотлар ўтказаётгани боис унинг номидан мукофотни Ўзбекистон гимнастика федерацияси расмийси қабул қилиб олди.

Шунингдек, икки томон ҳам янги ҳамкорига эсдалик совғаларини тақдим этди.


Тадбир якунида иштирокчилар жам ҳолда эсдалик учун суратга тушишди.


Мавзуга оид
19:51 / 12.02.2025
ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов номзоди ЎФА президентлигига илгари сурилди
20:13 / 22.01.2025
Темур Кападзе Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди
19:43 / 21.01.2025
Абдусалом Азизов ЎФА раҳбарлигидан кетди
21:04 / 29.11.2024