Ўзбекистон | 14:45 / 10.09.2018
5527
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик талабалар ММФИ Миллий ядро тадқиқоти университетида ўқишни бошлашди

Фото: mephi.ru

Ўзбекистонлик талабаларнинг биринчи гуруҳи Россиянинг «ММФИ» Миллий ядро тадқиқоти университети (ММФИ МЯТУ) бакалавриат ва магистрлик дастурлари бўйича «Ядро физикаси ва технологияси» мутахассислигига ўқишни бошлашди. «Росатом» корпорацияси Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди.

Талабаларни «ММФИ» МЯТУда тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ўтган йилнинг охирида имзоланган тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ амалга оширилади.

Номзодлар танлови икки босқичда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вакиллари томонидан 2018 йил март ойида ташкил этилган. Таълим олиш учун аризалар Республиканинг барча вилоятларидан 326 нафар даъвогарлардан келиб тушган. Биринчи босқичда бакалавриат дастури бўйича ўқишга даъвогарлар физика, математика ва рус тилидан ёзма имтиҳон топширишди, магистратурага кирувчилар эса мамлакатнинг тўрт шаҳари - Андижон, Нукус, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида оғзаки имтиҳон топширишди. Якуний танловда иштирок этиш учун биринчи тур натижаларига кўра, Ўзбекистон Фанлар академияси комиссияси 81 нафар даъвогарни танлади. Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий Университети қошида ўтказилган танловнинг якуний босқичида ММФИ ўқитувчилари 15 нафар ғолибни аниқлашди, улардан 12 таси бакалавриатда, 3 таси эса магистратурада ўқиш учун тавсия этилди.

ММФИ МЯТУъда ўқиш давомида Ўзбекистонлик талабаларга амалий машғулотларни, жумладан, Россия атом саноатининг фаол объектларида ўташ имконияти берилади.

«Ўзбекистон ядро саноатини яратиш ва ривожлантириш учун юқори малакали ядро мутахассислар керак. «Росатом» давлат корпорацияси келажакда АЭСда ишлайдиган миллий кадрларни тайёрлаш учун талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Талабаларимиз Россиянинг етакчи университетида оладиган таълим ҳақли равишда дунёдаги энг яхши таълим тизимларидан бири ҳисобланади. Бу ММФИнинг кўплаб мустақил халқаро тадқиқотлардаги юқори рейтинглари билан тасдиқланган. ММФИда ўқишни тугатган ўзбекистонлик талабалар ўз ватанларига ядро технологиялари соҳасидаги юқори малакали мутахассис бўлиб қайтишади», - дейди профессор Михаил Кремков, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясидан номзод абитуриентларнинг ўқишга кириш бўйича координатори, «Россотрудничество»нинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонасининг Россиядаги университетларда 2018 йилда таҳсил олиш учун номзодларни танлаш бўйича комиссия аъзоси.

«Росатом» ДК йўналиши бўйича Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги ҳар йили хорижий талабаларни ўқитиш учун квоталар белгилайди. Ҳар йили дунёнинг 37 мамлакатидан келган 1500дан ортиқ талаба ва аспирантлар Россиянинг етакчи олий ўқув юртларида атом энергетикаси, ядро физикаси ва ядровий технологиялар соҳасида таълим олишади.

Маълумот учун: «ММФИ» Миллий ядро тадқиқоти университети - «Росатом» Давлат корпорациясиниг таянч ўқув юрти, 1942 йилда ташкил этилиб, Россиянинг энг машҳур  ва нуфузли техника университетларидан бири, атом энергетикаси, ядровий физика ва теҳнологиялар соҳасидаги таълим флагмани ҳисобланади. Ўқув жараёни икки асосий марказда - Москва ва Обнинскда амалга оширилади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид