Жаҳон | 11:20 / 13.09.2018
13611
2 дақиқада ўқилади

Идлибдаги туркиялик ҳарбийлар Сурия армияси ҳужумини қайтаришга тайёрланмоқда

Суриянинг Идлиб вилоятида жойлашган Туркия ҳарбийлари Башар Асад армиясининг ушбу ҳудудга ҳужум қилиши ҳақидаги хабарлар ортидан ўз позицияларини мустаҳкамлаб, бўлажак ҳужумни қайтаришга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Ливандаги The Daily Star нашри Сурия мухолифати ва турк ҳарбийлари орасидаги манбаларига таяниб хабар тарқатди.

«У ерда бизнинг ҳарбийларимиз жойлашган. Агар уларга зарар етказилса, уларга ҳужум уюштирилса, бу Туркияга ҳужум сифатида қаралади ва муносиб жавоб қайтарилади», деган турк ҳарбийларидан бири.

Идлибда Туркия кузатув постлари Сурияда деэскалация ҳудудлари барпо этиш бўйича келишув асосида жойлаштирилган. 

Манбанинг айтишича, Туркия бу ҳудуддаги постлар ҳимояси учун ўнлаб оғир зирҳли техникаларни ҳамда махсус тайёргарликдан ўтган жангчилар бўлинмаларини йўллаган. 

«Туркиянинг Суриядаги позициялари ҳимоясини жиддий кучайтиришга тўғри келди. Кузатув постлари амалда доимий ҳарбий базаларга айланмоқда», деган мухолифатдаги Сурия озодлик армияси вакили.

Ўтган ҳафтада Теҳронда Эрон, Россия ва Туркия раҳбарлари иштирокида ўтказилган саммитда президент Ражаб Тоййиб Эрдўған агар Сурия ва иттифоқчилари Идлибга ҳужум уюштирса, минтақада кенг кўламли янги зиддиятлар бошланиб, «навбатдаги йирик гуманитар ҳалокат» юзага келишидан огоҳлантирганди.

Мавзуга оид