Ўзбекистон | 19:46 / 13.09.2018
12662
6 дақиқада ўқилади

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини ўтказиш ва хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ва назорат қилиш орқали уларга хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланишга доир ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш;

ташқи меҳнат миграциясини комплекс таҳлил қилиш, шу асосда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришда кўмаклашиш;

меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш жараёнларини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш фаолиятини лицензиялаш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишчи органи функцияларини бажариш;

юридик шахсларга хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномаларни ва хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти учун тасдиқномаларни белгиланган тартибда бериш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилаётган хорижий фуқароларнинг хцсобини юритиш.

Агентлик ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнатиш мақсадида хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганади, хорижий иш берувчиларни топади, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда танлаш тўғрисида хорижий иш берувчилар ва хусусий агентликлар билан шартномалар тузади ҳамда уларнинг амалга ошишини таъминлайди;

ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб боради, халқаро, давлатлараро ва идоралараро шартномалар, битимлар ва баённомалар лойиҳаларини тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномалар, битимлар, баённомалар ва бошқа ҳужжатлардан келиб чиқадиган тегишли қарорлар ва мажбуриятларнинг хорижий ҳамкорлар ва иш берувчилар томонидан бажарилишини мувофиқлаштиради;

хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни ишга жойлашадиган давлатнинг қонун ҳужжатлари асослари, анъаналари ва у ерда ўзини тутиш нормаларидан хабардор қилади;

хорижга ишга юбориш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотлар билан шартномалар асосида танлаб олади, уларни кетишдан олдин тайёрлайди ва жўнатади;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона маълумотлар базасини шакллантиради, шунингдек, хорижий иш берувчилар реестрини юритади;

вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини кетишдан олдин мослаштиради, касбга тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади, уларга чет тилларни, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқаришда меҳнатни ҳимоя қилиш қоидаларини ўргатади;

хорижий иш берувчилар талабларини ҳисобга олган ҳолда, ишга жойлаштириш учун хорижга юборилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ваколатли тиббиёт муассасаларини жалб қилган ҳолда комплекс тиббий кўрикдан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ҳудудидан транспортда кетаётганда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришда иштирок этади, авиа ва темир йўл транспортида имтиёзли йўл чипталарини сотиш бўйича Агентлик ҳузурида ташкил этилган ихтисослаштирилган кассалар ишини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олиш учун аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади;

хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун юридик шахсларга рухсатномалар ва чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни беради ҳамда уларнинг муддатини узайтиради;

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучидан фойдаланишни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга иш берувчилар риоя этишини назорат қилади;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномага эта хорижий фуқаролар томонидан республика ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда назорат қилади;

вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин мослаштириш марказлари, ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш марказлари, тил ўргатиш марказлари фаолиятини, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этади ва бошқаради;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, шунингдек, Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари орқали хорижда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат фаолияти мониторингини олиб боради;

хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик муассасалари билан ҳамкорликда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;

меҳнат мигрантларини қайта интеграциялаштириш бўйича дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади, хорижда вақтинча меҳнат фаолияти ниҳоясига етгач, ватанига қайтиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кейинчалик ишга жойлаштириш учун уларнинг рўйхатларини аҳолини ишга жойлаштиришга кўмаклашувчи ҳудудий органларга тақдим этади.

Мавзуга оид